Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абитуриент талаба бўлганини ҳозирдан билиши мумкинми?

Абитуриент талаба бўлганини ҳозирдан билиши мумкинми?

Фото: xabar.uz

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бугунги кунда юз минглаб ёшларни қизиқтираётган масалага тўхталди:

mandat.dtm.uz сайти ҳақида кўплаб саволлар келиб тушмоқда, шунинг учун қисқа изоҳ бермоқчиман.

Сайтдаги натижалар якуний эмас. Шунчаки ким неча балл олганини ва баллар кетма-кетлигидаги жойлашувни кўрсатяпти холос. Ҳали у ердаги ўринлар бир нечта сабабларга кўра ўзгариши мумкин.

Биринчидан, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун ажратилган алоҳида 5% лик квотага кирганлар бу рўйхатдан чиқиб кетади.

Кўпчилик ҳалигача бехабар экан, эслатиб қўяй, жорий йилдан ҳарбий тавсиянома учун қўшимча балл берилмайди, улар алоҳида квота учун курашади. Батафсил. 

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиёзли равишда ажратилган қўшимча 2% ли давлат гранти асосидаги квотага кирганлар бу рўйхатдан чиқиб кетади.

Учинчидан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун ажратилган алоҳида 5% ли давлат гранти асосидаги квотага кирганлар бу рўйхатдан чиқиб кетади.

Шунингдек, ҳозир базада учта йўналишни танлаганлар барча учта йўналишда кўрсатилмоқда. Тестлар тўлиқ якунлангач, улар танлаган устувор йўналишларига қараб, йўналишларга бўлиниб кетади ва қолган 2 та йўналиш рўйхатидан чиқиб кетади.

Хуллас, ҳозир mandat.dtm.uz сайти орқали шунчаки ўз балингизни билиб, имкониятларингизни тахминан чамалаб туришингиз мумкин. Аммо якуний натижа барча тест синовлари тугагач маълум бўлади.

Аммо якуний натижани фақат ҳозир ўқишга кира олмаганлар рўйхатида турганлар кутиши керак. Чунки улар якуний натижа чиққанда кирган бўлиши мумкин. Албатта бунда жааа рўйхатда пастда турганлар эмас, чизиққа яқин жойлашганларда имконият бўлади.

Аммо ҳозир квота бўйича ўқишга кирганлар рўйхатида турганлар, назарий жиҳатдан якуний натижаларни кутиб ўтирмасдан, талабаликни аллақачон нишонлайверса бўлади. Чунки ҳозир абитуриентлар учала танлаган йўналишлари бўйича рўйхатда туришибди, бу дегани ушбу рўйхатдан кимдир чиқиб кетса кетадики, лекин бошқа жойдан баланд балл олган бегоналар рўйхатга келиб қўшилмайди. Демак, назарий жиҳатдан уларни кира олмай қолишига хавф йўқ. Аксинча, ҳозир контрактни бошида турганлар якунда бюджетга кўтарилиши мумкин, – дея изоҳлади Хушнудбек Худойбердиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг