Танганинг иккинчи томони ёхуд Сирдарёда бир кун
Бугун Сирдарёдаги талафотга барча бирдек жон куйдирмоқда. Буни кўраяпмиз, кузатаяпмиз. Қурилиш, тозалаш, эвакуация қилиш ишлари ўша куниёқ бошланган.
Инсонпарварлик ёрдами карвонларининг ҳалиям кети узилгани йўқ. Хусусан, 4 май ҳолатига келиб тушган инсонпарварлик ёрдами — 162 тонна ун, 63 минг литр ўсимлик ёғи, 108 минг дона тухум, 58 тонна шакар, 212 тонна гуруч, 43 тоннадан зиёд гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 40 бош қорамол ва 100 бош қўй, қарийб 330 тонна сабзавот, шунингдек 32,5 тоннадан зиёд бошқа маҳсулотлар, кийим-бош, кўрпа-тўшак, гигиена воситалари ва ҳар хил уй-рўзғор буюмлари манзилли тарзда аҳолига тарқатилмоқда.
Тарқатилаётган ёрдамдан хурсанд бўлаётган, ёрдам бераётганларни алқаётган ҳамюртларимиз ҳам кўп. Телевидение орқали кузатсангиз ҳатто уларнинг қувончдан, миннатдорликдан кўзига ёш олаётганларини ҳам кўрасиз. Ва буларнинг барчаси мутлақо ҳақиқат. Беихтиёр саховатпеша, бағри кенг халқинг билан ғурурланиб кетгинг келади.
«Ҳаёт» Сирдарёга йўл олди
Шу кунларда «Ҳаёт» бошпанасиз ҳайвонлар мурувват маскани раҳбари Ирода Маткаримова ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни Сирдарёнинг сув босган ҳудудларидан бошпанасиз қолиб кетган ҳайвонларни қутқариш учун кўнгиллилар йўлга отланишди.
Шу баҳона иккита катта юк машинасига ҳамюртларимиздан аҳоли учун инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олинди. Юк машиналарига саховатпеша инсонлар илинганини (кимдир кийим-кечак, кимдир озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, ўйинчоқлар, қутиларда ширинликлар, ҳаттоки юк машинасининг бор бўйини эгаллаган катта бир гилам) ортиш учун ҳаттоки навбат пойлаб қолишди. Ёрдам ортилган машиналарнинг занжири узилмаётганини кўриб ҳамжиҳатлилигимизга ҳавасландим. Ва ниҳоят 15 га яқин кичик уловларда кўнгиллилар, олдинда юк машиналарида йўлга тушдик.
Йўл-йўлакай яна кўплаб инсопарварлик ёрдами ортилган карвон қаторларига дуч келдик. Ҳамманинг ёрдамга ошиқиб кетаётганини кўриб қалбингда ана шундай халқинг борлигидан ғурурланасан беихтиёр. Аммо қалбингнинг бир чеккасини тушкун кайфият чулғайди. Эл бошига иш тушганда ҳамма бир-бирига ёрдамга ошиқади, қўл чўзади лекин нега юртда муҳтожлар кўп, нега косамиз оқармайди, нега хорижга ишлашга кетаётган мигрантлар кўп?!
Хаёлларингни қувасан, миянгдан позитив фикрларга жой бўшатасан, ҳозир кўриб турганинг эзгуликлар кўз ўнгингда бўлаяптику, ношукрлик қилмасангчи... дейсан ўзингга ўзинг. Хуллас Сирдарёга кираверишда бир чойхонанинг олдига тўхтадик. Чойхона, албатта, карантин сабаб ёпиқ.
Чойхонанинг орқасидаги ҳожатхонани эса... «таърифлашга» тил ожиз. Кўчага қурилган сувсиз, хлорланмаган, супурилмаган, бадбўй ҳожатхонадан қайтишимизда барзангидай, бақувват йигит йўлимизни тўсди: «кириш минг сўм». Мана шу ҳолат бўлмаганида сизларнинг ҳам табингизни бўғиб, буни эслаш ниятим йўқ эди. Шу тобда эрталабки ҳолат кўз ўнгимдан ўтди. Қанчадан-қанча одамлар беминнат ёрдамга ошиқаётгани кўнглимга бир чиройли ифорни олиб кирганди, мана бу йигитнинг қилиғидан сўнг фахр туйғусига жиндак бадбўй ҳид ҳам аралашди.
«Штаб» дегани нақ Қўйлиқ бозорининг омборидай келади
Яна йўлга тушдик. Инсонпарварлик ёрдамини кутиб оладиган штаб Гулистон туманида экан. Бироз навбат кутдик. Чунки биздан олдинда Сурхондарёдан келган учта катта юк машинаси ва картошка-пиёз ортилган юк машиналари турарди.
«Штаб» дегани нақ Қўйлиқ бозорининг омборидай келади. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Айниқса (шундоққина Тошкентдан келтирилгани билиниб турибди) ширмой нонларнинг ўртада уюлиб тургани менда ғалати кайфият уйғотди. Ёғларнинг, ичида нималари борлиги номаълум саноқсиз қутиларнинг, кийим кечагу кўрпа-тўшакларнинг кўплиги ва яна келишда давом этаётгани ақлингизни шоширади.
Негадир бизнинг машиналаримиздаги юкларни Мирзаобод туманига жўнатишди. Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг ҳам маълум ҳудудини сув босган бўлиб, у ёрда ҳам Миллий гвардия ходимлари, аскарлар, фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматчилари қутқарув ва тозалаш ишларини олиб боришмоқда. Унча-мунча аҳоли ҳам тўпланган. Сабаби одамлар сувни кечиб бузилган, чала бузилган уйларидан хабар олишаётган экан. Сувни кечиб ўтиш осон бўлмагани учун, қолаверса аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу ерга қаттиқ назорат ўрнатилган.
Инсонпарварлик ёрдамини тарқатишни маслаҳат қилиш учун туман ҳокими ўринбосари — Диёр исмли йигитни чақиришди. Биз ҳоким ўринбосаридан олиб келган нарсаларни шу ердаги аҳолига тарқатишни маслаҳат қилдик. Лекин у буни штабга олиб бориш керак деди. Биз ҳозир штабдан келганимизни, ёрдамни эса шу ерда тарқатиб юборишимиз кераклигини айтдик. Негадир ҳоким ўринбосари штабга олиб бориш керак деб туриб олди. Шу ерда савол пайдо бўлди. Бу ердаги жўнатилган нарсалар ҳокимият ёки бирорта расмий идорадан эмаски, рўйхат билан қабул қилинса?!
«Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ»
Сал нарироқда ғарибгина кийинган ҳомиладор келинчак ва онахонга кўзим тушди. Улар анчадан бери деворга суянганича гаплашиб тургани учунми, эътиборимни тортди. Уларга яқинлашиб саволга тутдим.
—Сизларга инсонпарварлик ёрдамини беришдими?
Келинчак тўлиб турган эканми кўзида ёш айланди. Овози қалтираб: «Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ», деди.
— Неча нафар фарзандингиз бор?
— Тўрт нафар. Уйимизни сув олиб кетган, ҳеч нарсасиз қолдик.
Яна бир онахон суҳбатга қўшилади:
— Чолим билан қолдик, фарзандларимни қариндошларникига жўнатдик. Анув куни озиқ-овқат тарқатаётган экан, бизларга ҳам бермайсизларми, десак фарзандларингиз олдингизда бўлмаса ҳеч нарса бермаймиз, дейишди.
— Балки фарзандларингизга етказишгандир?
— Уларни ҳозирча ҳеч ким сўрагани йўқ. Менимча маҳалла фаоллари уйма уй юриб, кимнинг оила-аъзолари қаердалигини рўйхат қилиши керак. Бизда мана шу иш яхши йўлга қўйилмаган.
— Икки кило макарон, икки кило гуруч, икки кило шакар, пойма-пойи бир-биридан фарқ қиладиган оёқ кийимлар бериб кетишди, — дейди аёллардан бири. — Берган нарсаларини туюб ўтирибман, болларим келса ейди, деб.
Сал нарироқда машинадаги амакига юзланаман.
— Мени уйим мана шу туманда эди, бузилиб кетди, Янгиовул маҳалласиданман, — дейди Б.исмли фуқаро. — Оила аъзоларим жами 15 кишини қудамникига — Сайхунободга жойлаштирдим. Ҳозир икки ўғлимни олиб келиб уйдан хабар олишга жўнатдим. 500 мингча пулим сейфда қолиб кетибди. Ўғилларимни кутиб ўтирибман. Уларни қудамникига ташлаб келаман.
— Ўзингиз қаёққа борасиз?
— Уч кундан бери машинада ухлаяпман. Машинаям қудамники. Карантинда ҳайдамаяпти. Инсонпарварлик ёрдамлари мана шу атрофга ҳам келади. Мана кеча «Дизайн» гуруҳи анча-мунча нарса тарқатиб кетди. Сўрашга бет чидамади. Мана бугун тўртинчи кун. Биздан ҳеч ким нима керак деб сўрагани йўқ. 15 кишининг бировнинг кўрпа тўшагида ухлаши ҳам ноқулай. Лоақал кўрпа-тўшаклар беришса бўларди. (Гаплашган одамларнинг барчаси—айтаётганларимиз бошқа жойга чиқиб кетмасин, ёмон кўриниб қолсак бор ёрдамдан ҳам қуруқ қоламиз, дейишди.)
Сал нарироқда гурунг қилаётган икки эркакка яқинлашаман.
— Гулистонда божамникига оиламни жойлаштирдим, — дейди Исмоиловлар оиласи бошлиғи. — Бир хўжаликда 50 нафар киши яшаяпти. Бизга ҳали ҳеч қандай ёрдам берилгани йўқ. Оқолтиннинг Шодлигиданман. Ёрдам сўраш ҳақида ўйлаётганимиз ҳам йўқ. Сув кечиб барбод бўлган ватанимиздан хабар олиш ташвишида юрибмиз.
Ҳолатдан келиб чиқиб, олиб борилган нарсаларнинг бир қисми шу туманнинг ўзида тарқатилди.
Албатта, ёрдамдан мамнун одамлар ҳам бор
Мирзаобод туманининг «Ҳақиқат» маҳалла фаоллари ушбу маҳаллада яшовчи одамларнинг нечта моли борлиги, ер кадастрини рўйхатга олмоқда. Кўнглингда яна бир умид пайдо бўлади, балки рўйхат тўлиқ шакллантирилгач, Гулистон штабида «Қўйлиқ» бозоридагидек манзара касб этиб турган инсонпарварлик ёрдами тўлиқ тарқатилар?
ЎзА расмий сайти берган маълумотларига таянадиган бўлсак, штабнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
- Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш;
- эвакуация қилинган аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ анжомлари, шунингдек, кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлашни ташкил этиш;
- фавқулодда ҳодиса рўй берган ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда тегишли мол-мулклар муҳофаза қилинишини назоратга олиш;
- жабрланган фуқароларнинг мурожаатлари тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилишини таъминлаш;
- аҳоли орасида ёлғон, нотўғри маълумот ва хабарлар ҳамда саросима тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилади.
Мен суҳбатлашган одамлар орасида, албатта ёрдам, берилаётганидан мамнун одамлар ҳам бор. Ҳатто Мирзаобод олдида турган назоратчилар учун текин нон тарқатилмоқда. Дўкончадаги ичимлик сувларининг бироз қиммат бўлса-да, одамларда унга эҳтиёж катталигини кўриб, мана шу ерда ишлаётганларга, уйидан хабар олишга кетаётганларга инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми тарқатилса, сувлар текинга берилса, юқорида таъкидланганидек, уч маҳал текин овқат ташкил этилса нур устига аъло нур бўларди, деган фикр ўтди.
Кўнгиллилар бир чеккага ўтиб тамадди қилишди. Ёпган нон, сув, ўзлари уйдан пишириб келган таом ва ўша ердаги дўкончадан сотиб олган печеньелари билан. Уларни кузатиб туриб машиналар тўла егулик бўлишига қарамай, бир донасига ҳам хиёнат қилмаганидан яна кўнглинг кўтарилади. Қани энди ҳамма мана шундай кўнгиллилардай ҳалол, пок бўлса эди.
Кимдир ўзи ўтирган кўрпачасини илинади, кимни ўз элини талайди
Кўнгиллилар билан ҳамкорликда фавқулодда вазирлик, миллий гвардия ходимлари ҳайвонларни қутқариш учун қалтис вазиятни ҳам ўйламай сувга тушишди. Ҳар ҳолда бир қанча жониворларни қутқаришга муваффақ бўлишди.
Ўша ердаги аҳолидан ғалати гаплар қулоққа чалинди. Уйини сув босмаган қўшни қишлоқдагилар уйини ташлаб кетганларнинг тирик мол қўйларини, қўлга илинадиган ашёларини ўғирлаётган эмиш...
Яна хаёлдан ўша фикр айланади: кимлардир уйида тўшаб ўтирган кўрпачасини, яна кимлардир боласининг ўйинчоғини бошига иш тушганларга илинаётган, яна кимлардир торгина ҳовлисига уйсиз қолган одамларни сиғдираётган, қучоқ очиб кутиб олаётган бир пайтда, айримлар ўз элини таламоқда.
Ҳар томонда сувнинг тагида қолиб кетган хонавайрон уйлар, уй ҳайвонларининг ўлиги тўдалари (уларни хлорлаб кўмишмоқда барака топгур ишчилар), худди кинолардагидек фожиаларни, ҳа-ҳа биз юрак ҳовучлаб кўзда ёш билан кўрадиган воқеаларни эслатади.
Сал нарироқда омон қолган жониворларини эгалари олдига солиб ҳайдаб кетмоқда, ҳайвонларнинг барчаси жуда озғин, қовурғалари саналиб турибди. Шу ҳоли билан тошқин билан курашганининг ва омон қолганининг ўзи катта гап.
Бизку чеккадан борган, фожианинг ичида бўлмаган одамлармиз, аммо унинг ичида юрган, кўз ўнгида бир умр йиққан-тергани саноқли лаҳзаларда ҳавога учиб кетганини кўрган шу ерлик аҳолининг стресс ҳолатини тасаввур қилаверинг. Уларга бугун ҳар қанча ёрдам, ҳар қанча далда камлик қилади.
Ўзидан орттиролмаса...
Кетар чоғимиз бир хонадон эгаси уйидаги итини болалари билан топшириб юбормоқчилигини айтди. Не кўз билан кўрайликки, эти устихонига ёпишган ит меҳмонларга пешвоз чиқди, тумшуғи билан меҳмонларнинг оёғига суйкалиб, ялиниб нимлардир сўрагандай бўлди назаримда. Ҳа, у оч эди. Учта гўдагини эмизишга-да ҳоли йўқ оч она ит эди. Кўнгилли қизлардан бири катта нон бўлагини ташлади, кучук чайнамай ютди. Болалари жуда нимжон, қимирлашга ҳоли йўқ. Бу ҳолат ҳам уй эгаси ўзидан орттиролмаслигини кўрсатиб турибди. Шунда беихтиёр йўлда учратганим – озғин сигирлар, от ва эшаклар кўз олдимга келди.
Иккинчи хонадонда ҳам 4 та болали она итни топширишди, улар ҳам шу қадар озғинки. Демак, халқ ночорки, уларнинг ҳайвонлари ҳам ночор. Юқорида айтганимдек, ўзидан орттиролмайди. Чиқарган хулосам, халқ тўқ ва фаровон бўлса, уларнинг мол-ҳоли ҳам тўяди, эти устихонига ёпишар даражасида озғин бўлмайди.
Яна англадимки, ҳайвонларга муносабат ҳам қачонки одамларнинг ҳаёт тарзи чиройлилашса, кўркамлашса, қорин ғамидан қутулсагина ўзгариши мумкин. Топган арзимаган даромадига уй қуриш, тўй қилишдек катта харажатли ширин ташвишлар кутиб турганида, қаёқдаги бир кучукка иззат-икром кўрсатиш, лоақал қорнини тўйдириш эсига келадими?
Хулоса ўзингиздан
Сирдарёда бир кунимиз ана шундай ўтди. Аҳоли учун тўпланган инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олганлар, ўйлаймизки, эга-эгаларига тўлиқ тарқатишади. Айниқса, бугун қаерда ухлашини билмаётган, қайси бир хонадонга ўша қимматбаҳо қалин гиламнинг ҳадя қилиниши, яна бир хонадоннинг катталардек кўзларига қайғу чўмган болажонлари ўйинчоқларни, қутидаги ширинликларни олиб бир лаҳза уйсизлигини унутишини тасаввур қилиш кўнгилни хотиржам қилади. Ҳар ҳолда шундай ўйлагим келди.
Ҳожатхона учун минг сўм сўраган йигит, озғин кучугини қутқараётганимиз учун озроқ пул сўраган аёл, Гулистонда Қўйлиқнинг омборидек манзара касб этган штаб, ранглари рангпар озғин ҳомиладор аёлнинг ўксиб йиғлагани, бировнинг қайғусидан фойдаланиб ўз қўшниларини талон-торож қилаётган баъзи одамлар — буларнинг бари-бариси айни дамда кузатаётганимиз — эзгу ишлар, амалий ташаббуслар қаторида рўй бераётган бугуннинг реал ҳақиқатлари.
Ҳа, биз биргамиз, биз ҳамжиҳатмиз, эл бошига иш тушса боримизни қўш-қўллаб топширадиган халқмиз. Ҳатто бизнинг ҳамжиҳатлигимиз хорижга ҳам ибрат бўлиб турибди бугунги кунда. Лекин мен юқорида тасвирлаган ҳолатлар кузатилмаганда эди, аллақачон орамизда бир умр камбағалликдан азият чекаётган одамлар бўлмас эди.
Ҳа биз боримизни сочадиган, ҳатто еб ўтирган нонимизни оч одамга илинадиган халқмиз ва шу билан бирга, борингизни юлиб оладиган, ўзи тўқ бўла туриб, очларга аталган ризқни талайдиган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Шунақа... танганинг иккинчи томони ҳам бор... Хулоса эса ўзингиздан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter