Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Қашшоқ ва ерсиз Саддам. У ҳокимиятга қандай келган? (1-қисм)

Қашшоқ ва ерсиз Саддам. У ҳокимиятга қандай келган? (1-қисм)

 «Ҳаётим кўп қон йўқотишим керак бўлган хавф-хатарларга тўла эди... Лекин бу содир бўлмагани учун мен кимдир қоним билан Аллоҳнинг каломларини ёзишни сўрадим».

Саддам Ҳусайн

Тирик инсон яратувчилик ва бузғунчилик, ўйлаб ва ўйламасдан қилинадиган сон-саноқсиз ҳаракатлар манбаси ҳисобланади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимизни айримлар қонхўр ва ваҳший диктатор деса, бошқалар Яқин Шарқда тинчликни таъминлаган инсон деб билади.

Бугунги мақоламизда Ироқ президенти бўлган Саддам Ҳусайннинг ҳаёт йўли, у кўрган қийинчиликлар, Саддамнинг ҳокимият пиллапоясига қандай чиқиши ҳақида сўз юритамиз.

Отасиз ўтган болалик

Саддам Ҳусайн 1937 йил 28 апрель куни Ироқнинг Тикрик шаҳридан 13 км узоқликда жойлашган Ал-Ужа қишлоғида ерсиз деҳқон оиласида дунёга келган. Унинг онаси Сабҳа Тулфаҳ ал-Муссалат бўлиб, у ўғлига «Саддам» (маъноси: қаршилик қилувчи) деб исм қўйди. Саддам учун болалик кезлари оғир ўтди. Саддам туғилишидан олдин отаси Ҳусайн ал-Мажид вафот этди. У етимлик азобини тотиб катта бўлди. Бунинг устига онаси ҳам касал бўлиб, оила қашшоқликда кун кечирар эди.

Кўп ўтмасдан маҳаллий анъанага кўра, Саддамнинг онаси эрининг укасига никоҳлаб берилди. Ёш диктатор амакисининг уйида яшай бошлади. Ўгай ота ҳарбий хизматчи ва миллатчи бўлиб, у ёш Саддамга ҳақиқий оталарча меҳр кўрсата олмади. Саддамнинг қишлоқда яқин дўсти йўқ бўлиб, болалар уни отасизлиги учун масхара қилишар эди. Диктаторнинг эслашича, биргина оти унинг содиқ дўсти бўлган. Шундан ҳам билиш мумкинки, диктаторнинг болалиги болаларча ўйин-кулгу билан эмас, балки асабийлик ва нафрат ҳисcи билан ўтган.

Қишлоқ боласининг инқилобчига айланиши

1947 йилда Саддамнинг тоғаси Хайруллаҳ Тулфа қамоқдан чиқди ва қишлоқда мактаб директори бўлиб ишлашни бошлади. Шундан сўнг ёш диктатор мактабга чиқиб, савод чиқарди. Хайруллаҳ Тулфа жиянининг сиёсий устози бўлиб, у ёш Саддамнинг онгига ўша вақтда Ироқ жамиятига қаттиқ ўрнашиб олган араб миллатчилиги ғояларини қуйди.

XX асрнинг 50-йилларида Ироқ жамиятида сиёсий қарама-қаршиликлар бошланди. Айни шу вақтда Саддам сиёсат оламига қадам босди. Кўча намойишларида фаол иштирок этиб, 1957 йилда Басс партиясига аъзо бўлди. Бу партия араб миллатчилиги мафкурасини радикал позициядан илгари суриб, арабларнинг бирлиги ҳақидаги ғояни тарғиб қиларди.

Ватандан қувилиш

1958 йилда генерал Қосим Ироқ қироли Фейсал II ни тахтдан йиқитди. Уни «басс»чилар ҳам қўллаб-қувватлашди. Сабаби, генерал ҳам миллатчи эди. Инқилоб мамлакат тарихида бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди. Ироқ Республика деб эълон қилинди. Шундан кейин мамлакатда икки етакчи партия – Ироқ Коммунистик партияси (ИКП) ва Басс партияси ўртасида кураш авж олди. «Басс»чиларнинг ташвиқоти таъсирлироқ бўлиб чиқди. Бунинг сабаби, улар араб қадриятларига яқин бўлган панарабизм ғоялари ва арабларнинг бирлашиши тарафдорлари эди. Аммо, генерал Қосим Басс мафкурачиларидан фарқли ўлароқ Бирлашган Араб Республикаси (1958-1971 йилларда Миср ва Сурия иттифоқи асосида тузилган давлат) таркибига қўшилишга қарши чиқди. Генерал Қосим «басс»чиларни хавф деб билиб, уларга қарши оммавий репрессия бошлади.

1958 йилда Саддам ҳам панжара ортига ташланди. Бироқ, аниқ далиллар топилмагани учун тезда озодликка чиқди. Кўп ўтмасдан Басс партияси генерал Қосимга қарши суиқасд режалаштирди. 1959 йилда 7 октябрь куни тунда Бағдодда президент саройига кетаётган генерал Қосимнинг автомобили ўққа тутилди. Операция «басс»чилар режа қилгандек якунланмади, Қосим ўлмай қолди. Бу суиқасдда Саддам Ҳусайн ҳам қатнашган эди. Кейин мамлакатда «басс»чиларни таъқиб қилиш бошланди.

Саддам суиқасд вақтида тиззасидан яраланган эди, у таъқибчилардан қочиб, ўзининг Ал-Ужа қишлоғига бориш учун фақат кечаси йўл юрди. Маълумотларга кўра, Саддам тўрт кеча-кундуз отда йўл юриб, ҳайқириб оқаётган Дажла дарёсини кечиб ўтган. Басс партияси Ироқ жамиятида кенг илдиз отганига қарамай, унинг фаолияти тақиқланди. Таъқибда бўлган Саддам Ҳусайн ўз қишлоғидан Сурияга, «басс»чиларнинг асосий маркази бўлган Дамашққа йўл олди. 1960 йилда у Миср пойтахти Қоҳирага учиб борди. Бу унинг ҳаётида янги саҳифа очди.

Саддамнинг Мисрдаги фаолияти

Ўшда кезларда Қоҳира араб миллатчилиги, инқилобий турдаги миллий социализм маркази эди. Ўрта мактабни битирган Саддам Қоҳира университетига ўқишга кирди. Саддам Ҳусайн Мисрдаги фаолияти давомида ўзи ҳурмат қилган Жамол Абдул Носир сиёсатини синчиклаб ўрганди. У Қоҳирада инқилобчидан машҳур партия арбобига айланди.

1963 йилнинг 8 февралда Ироқ президенти Қосим ҳарбийлар томонидан ағдарилди ва ўлдирилди. Басс партияси ўзи тузган «Социалистик блок» бошчилигида Бағдоддаги ҳокимиятни эгаллаб олди. Маслакдошлари Ироқда ҳокимиятни эгаллаб олганини билган Саддам, март ойида ўз ватанига қайтишга қарор қилди. Бағдодга қайтаётган Саддам Ҳусайнни Дамашқда Мишель Афлақ кутиб олди ва унга Ироқда қандай ҳаракат қилиши кераклигини тушунтирди.

«Басс»чилар ҳокимиятни ҳарбийлар билан бўлишди. Мамлакат бошқаруви ҳарбий қўмондон Абдусалом Ориф қўл остида эди. Партия ичида Саддамни ҳаво кучлари генерали ал-Бакр қўллаб-қувватлади. Саддам яхшигина ҳарбий офицер бўлиши мумкин эди. Лекин у араб оламидаги ҳарбий тўнтаришларини таҳлил қилиб, кучли ва барқарор давлат ҳокимиятини ташкил қилиш учун ҳарбий тузум самара бермаслигига ишонч ҳосил қилди. Саддам якка партиявий тузумга суянган ҳолда дунёда йирик армия туза олган ва мамлакат ичида барқарорликка эришган большевистик Совет Иттифоқи ва Гитлер Германиясидаги сиёсий режимига қизиқиб қолди. У партия ва давлат ташкилотлари устидан назорат ўратишнинг сталинча услубининг сирларини ўрганди.

Ҳокимиятга йўл

1963 йилнинг октябрь ойида Дамашқда Басс партиясининг VI умумараб съезди бўлиб ўтди. Унда Саддам Ҳусайн нутқ сўзлаб, Ироқдаги Басснинг бош котиби Али Солиҳ ас-Саадини қаттиқ танқид қилди. Ироқнинг биринчи рақамли инсонига тош отган Ҳусайн мамлакатга келиши билан қўлга олинди. Лекин у миллий гвардиячиларнинг қўлидан қутилиб қолишга муваффақ бўлди.

Ироқда сиёсий вазият вақт ўтгани сайин ўзгариб борди. 1963 йил 11 ноябрь куни Ироқда Басснинг ҳудудий съезди бўлиб, унда ас-Саади лавозимидан озод этилди. Кўп ўтмасдан, аниқроғи 18 ноябрь куни ҳокимият тизгинини генерал Ориф бошчилигидаги ҳарбийлар қўлга олди. Ҳарбийлар «басс»чиларни ҳокимиятдан четлаштирди. Бунинг устига Басс партиясининг ичида бўлинишлар кўзга ташланди. Бу вақтда Саддам ўта махфийлик билан янги партия тузишга ҳаракат бошлади. 1964 йилнинг февраль ойида Басс раҳбарияти Ироқдаги 5 кишидан иборат янги раҳбариятни тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу таркибда машҳур генерал Аҳмад Ҳасан ал-Бакр ва Афлақ тавсиясига биноан Саддам Ҳусайн ҳам бор эди.

1968 йилда ал-Бакр уйида икки партия аъзолари навбатдаги давлат тўнтаришини режалаштирди. Ўша йилнинг 17 июлга ўтар кечаси Ироқ ҳаво кучлари генерали ат-Тикритий президент Орифга қўнғироқ қилиб, энди у давлат раҳбари эмаслигини, Ироқдаги ҳокимият Бассга тегишли эканлигини айтди. Шундан сўнг Ориф Лондонга жўнаб қолди.

Мамлакатга раҳбарлик қилиш учун Аҳмад Ҳасан ал-Бакр бошчилигида Инқилобий қўмондонлик кенгаши тузилди. Ташкилотга Саддам ҳам киритилганди. Аҳмад Ҳасан ал-Бакр Ироқ президенти бўлди. Ориф ҳокимияти йиқитилгач, мамлакатдаги муҳим лавозимлар Басс ва ИКП ўртасида тақсимланди.

Саддамнинг сиёсий ўйинлари

Саддам Ҳусайн шунчаки бир чеккада қолиб кетишни истамас, шу мақсадда пухта режа тузиб, ИКПнинг номдор лидерларига қарши компромат тўплади. Саддамнинг биринчи нишони Ироқ Мудофаа вазири Довуд бўлди. 1968 йилда Довуд ҳарбий контингентни текшириш учун Иорданияга юборилди ва у ерда ўзининг истеъфоси ҳақида хабар олди.

Бўлажак диктаторнинг навбатдаги нишони бош вазир ал-Наиф бўлди. Саддам уни мот қилиш учун қулай фурсат пойлади. Ниҳоят, президент ал-Бакр ташкил қилган кечки овқат вақтида ал-Наифга қарши йиғилган ҳужжатларни стол устига ташлади. Шундан кейин ал-Наиф Марокашга элчи этиб жўнатиб юборилди. Маълумотларга кўра, шахсан Саддамнинг ўзи собиқ бош вазирни самолётда қурол билан бирга кузатиб борган.

Бирин-кетин ўз лидерларидан айрилган Ироқ Коммунистик партияси «басс»чиларга қарши фитна тузди. Аммо ҳийлакор Саддам фитнани фош қилди. Собиқ вазирларнинг тарафдорлари давлат органларидан олиб ташланди. Шу тариқа Ироқда ҳокимият якка партиявий бошқарув режимига ўтди.

Бўлиб ўтган сиёсий ўйинлар натижасида, Саддам президент ал-Бакрнинг энг ишонган одамига айланди. Давлат раҳбари унга Инқилобий қўмондонлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимини тортиқ қилди. Саддамнинг Инқилобий қўмондонлик кенгаши раисининг ўринбосари этиб тайинланиши Ироқ мудофаа вазири, Ҳаво кучлари қўмондони, Ички ишлар вазирларининг ғашини келтирди. Сабаби, ҳарбий генераллар ал-Бакрдан кейин ҳокимият жиловини олишга асосий фигуралар ҳисобланиб, уларга яна рақобатчининг пайдо бўлиши ортиқча юк эди. Саддам Ҳусайн эса уларни ҳокимият учун курашда ўзининг асосий рақиблари деб билган ҳолда, тўғридан-тўғри конфликтлардан қочди ва уларга сиртдан содиқлигини исботлашга ҳаракат қилди. Аслида эса уларни Инқилобий қўмондонлик кенгашининг бошқа аъзолари ва ал-Бакрга қарши қўйди.

1969 йилнинг январь ойида Саддам Ҳусайн Ироқ Республикаси вице-президенти бўлди. Ноябрь ойида Саддам Ироқ ҳаво кучлари қўмондони ва мудофаа вазирини бош вазир ўринбосарлари лавозимидан четлатишга муваффақ бўлди. Бу иш уни Ироқда мутлоқ иккинчи рақамли шахсга айлантирди.

Саддам «фитналар» ўйлаб топиб, давлат ва партия тузилмаларини тозалашни уюштирди. Шу тариқа тизгинни ўз назоратига олди. Кейинроқ Ироқ мухолифати Ҳусайнни қийноқлар ва қатлларда шахсан иштирок этганликда айблади. Саддам Ҳусайн томонидан «айғоқчилар, чет эл агентлари, халқ душманлари»га қарши курашиш учун Инқилобий трибунал тузилди. Трибунал 14 нафар «Исроил жосуси»ни омма олдида осиб ўлдирилди, улардан 9 нафари яҳудий эди. Саддам жиддий рақиб деб билган шиа мухолифати (Ироқ Коммунистик партияси) доим репрессияга учради. Шу тариқа Ироқда Саддам Ҳусайн эраси бошланди…

Кейинги мақоламизда Саддам Ҳусайннинг президентлик даври, сиёсий режими ва унинг қулаши ҳақида сўз юритамиз.

Сардор Али

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг