Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мажлисбозлик анатомияси»: Ичкарида нима гап?

«Мажлисбозлик анатомияси»: Ичкарида нима гап?

Иллюстратив фото

«Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан

Вақтида айтилган, асосли танқид. Мажлисларни «яхши кўрадиган» раҳбарлар бўлмаганида бу гап айтилармиди?! Ҳеч қандай натижа бермайдиган мажлислар ходимларнинг фойдали ишга сарфланажак қанчалаб вақтини ўғирлаётгани, ортиқча харажатлар, асаббузарликлар-ку алоҳида мавзу.


Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги «Бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (ПҚ–4546-сон) билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида йиғилишлар сонини камайтириш, дам олиш ва байрам кунлари йиғилишларни ўтказиш амалиётини бекор қилиш белгиланган.


Мажлисбозлик анча жиддий муаммо — Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти 2020 йил декабрь ойида социологик тадқиқот ўтказиб, бунга яна бир бор амин бўлди.

Тадқиқотда қатнашганлар: 14 та туман (шаҳар) ҳудудида фаолият олиб борувчи 15 та давлат ташкилоти раҳбарлари (мактабгача таълим, халқ таълими, тиббиёт, бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимлари, банклар). Жами 208 нафар респондент.

208 киши — унча кўпмас, лекин оз ҳам эмас, бемалол каттагина вилоятнинг «мажлисбозлик портрети»ни чизса бўлади.

Кунлик «норма» — 4 тагача ва ундан кўп, бўлмаса ҳисобмас...

Юқоридаги респондентларнинг 61,1 фоизи баъзида бир кунда ўрта ҳисобда 2-4 ва ундан ортиқ марта мажлисларда қатнашишини (!), 62 фоизи эса мажлислар бир-бирига уланиб кетишини (!) билдирган.

Респондентларнинг 52,4 фоизи иш вақтидан ташқари соатларда йиғилишлар ўтказилаётганлигини маълум қилишган.

Ҳудудларда давлат ташкилотлари томонидан дам олиш кунларида йиғилишлар ўтказиш амалиёти юқори фоизларда сақланиб қолмоқда.

Хусусан, қуйидаги диаграмадан кўриш мумкинки, ҳудудларда респондентларнинг 72,6 фоизи дам олиш кунларида ўтказилган йиғилишларда қатнашганлигини билдирган. Шундан 39,9 фоизи бир ойда ўрта ҳисобда 1-2 марта; 20,7 фоизи ўрта ҳисобда 3-4 марта; 8,2 фоизи ўрта ҳисобда 5-6 марта; 3,8 фоизи ўрта ҳисобда 7-8 марта дам олиш кунлари мажлисларда иштирок этган.

Умр ва асаб эгови

Респондентларнинг 73,5 фоизи битта мажлис 1-3 соат давом этишини, 12,5 фоизи эса ўрта ҳисобда 4 соат ва ундан кўпроқ вақт давом этишини билдирган.

(Кунига 4 тагача ва ундан ҳам кўп мажлислар ўтказилиб, ҳар бирига ўртача 2 соатдан сарфланганда ҳам бир кунда — 8 соат! (энг камида). Изоҳга ожизмиз — таҳр.).

Мажлис мажлисдек ўтиши учун қанча одам керак?!

Тадқиқотда йиғилишлардаги давлат органлари ва ташкилотлардан иштирокчилар сони ҳам таҳлил қилинди.

Мажлисларнинг 51,9 фоизи 10-30 нафар шахс, 45,2 фоизи 30-100 нафар шахс, 2,4 фоизи 100 нафардан кўпроқ шахслар иштирокида ўтмоқда. Респондентларнинг 0,5 фоизи ушбу саволни жавобсиз қолдирган.

Йиғилишларнинг 45,2 фоизи, ҳозирги пандемия шароитига қарамасдан, 30-100 кишилик қилиб ўтказилмоқда!

Амалий аҳамиятга эга бўлмаган йиғилиш ўтказиш амалиётига чек қўйиш керак: йиғилишларда фақатгина ташаббускорларнинг ўзлари ёки ўзига керакли маълумот олмоқчи бўлган ходимлар иштирок этиши мақсадга мувофиқ.

Тошкентга ростланамиз...

Респондентларнинг 49,0 фоизи йиғилишларни юқори ташкилотлар, яъни республика даражасидаги ташкилотлар ташаббускор сифатида ташкил этишини, 23,6 фоизини вилоят ҳокимлиги, 3,8 фоизини бошқа ташкилотлар ўтказишини билдиришган...

Муаммо мажлисга сабабчими ёки мажлис муаммога?..

Аммо энг ғалати жиҳат — мажлисларнинг мавзуси. Респондентларга кўра, йиғилишларнинг 26,1 фоизи ижтимоий масалаларда; 21,3 фоизи қишлоқ хўжалиги; 10,6 фоизи тадбиркорлик; 1,4 фоизи хотин-қизлар ва вояга етмаганлар; 12,6 фоизи бошқа масалаларда ўтказилади.

Парадокс шундаки, мамлакатимиз, халқимизни қийнаётган асосий муаммолар шулар аслида. Биз (таҳр.) учун эса бир савол очиқ қолмоқда: мажлислар кўплиги муаммолар кўплигиданми ёки аксинча?..

Кузатув: Давлат органлари ва ташкилотларидаги йиғилишларнинг энг кўпи (26,1 фоиз) ижтимоий масалаларда ўтказилмоқда. Энг қизиғи, йиғилишларда иштирок этаётганларнинг 27,5 фоизи буни аниқ айта олмаслигини билдирган. Яъни аксарият ҳолларда иштирокчилар йиғилишларда муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан етарли маълумотга эга эмас...

Мажлис кимники?

Ушбу диаграммага эътибор беринг-а. Респондентларнинг 33,2 фоизи мажлисларнинг тахминан 40-50 фоизи, 29,8 фоизи мажлисларнинг тахминан 20 фоизи, 21,2 фоизи мажлисларнинг тахминан 30-40 фоизи, 13,5 фоизи эса мажлисларнинг 40 фоиздан кўпроғи бевосита ўзининг иш фаолияти йўналиши билан боғлиқ эмаслигини билдирган. Респондентларнинг 2,3 фоизи саволга жавоб бермаган.

Респондентларнинг 54,4 фоизи (!), яъни ярмидан кўпи бевосита ўз иш фаолияти йўналиши билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларда қатнашишга мажбур!

Келсанг ҳам келасан, келмасанг ҳам...

Ўтказилаётган йиғилишлар мажбурий характерга эга, 47,6 фоиз респондентлар йиғилишларга вақтида келмаган ёки умуман қатнашмаганларга нисбатан чора кўриш амалиёти жорий қилинганлигини билдириб ўтишган.

Замонавий мажлис

Тадқиқотлар давомида респондентлар билан оғзаки сўровларда йиғилишлар асосан анъанавий тарзда умумий йиғилиш кўринишида, баъзи ҳолларда эса онлайн дастурлар («Zoom») орқали ҳам ўтказилиши айтиб ўтилди.

Ушбу тизимдан кенг фойдаланиш йиғилиш иштирокчиларининг барчасини иш жойларидан узоқлашмасдан уларнинг максимал даражада иш жойларида туриб иштирок этишлари билан бир қаторда иш унумдорлиги ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўтказилган тадқиқот асосида давлат бошқаруви тизимида йиғилишлар ўтказиш амалиётини тартибга солиш юзасидан қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:

1. Йиғилишларни ўтказиш соҳасини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйдагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ:

  • йиғилишларни ўтказишда замонавий технологиялардан, жумладан, видеоконференция («Zoom») алоқа кўринишидан фойдаланишни кенгроқ жорий этиш;
  • йиғилишиларни ўтказишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишни ташкил этиш борасида аниқ чора-тадбирларни белгилаш;
  • йиғилишларни ўтказиш тартиб-қоидалари бузилиши ҳолатлари тўғрисида ишончли хабар бериш бўйича махсус механизм ишлаб чиқиш;
  • йиғилишларни ташкил этиш, иштирок этадиган ташкилотлар ва унда кўриладиган масалалар юзасидан давлат органи ва ташкилотлари расмий сайтларида олдиндан эълон қилиб бориш амалиётини жорий қилиш.

2. Йиғилишларни ўтказиш амалиёти ҳолати, муаммоларини ўрганишга қаратилган сўров ва тадқиқотларни тизимли равишда ўтказиб бориш учун махсус режа-дастур ишлаб чиқиш;

3. Йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан жамоат назоратини кучайтириш, шунингдек, телевидение ва интернет воситаларидан кўпроқ фойдаланиш.

Н.Норбаев,
Р.Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходимлари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг