Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Лазги»ни бузма, «мазги»!

«Лазги»ни бузма, «мазги»!

2020 йил арафасида ЮНЕСКО томонидан «Лазги» — санъат асари номоддий мерос сифатида рўйхатга олинди. Бундан кўпчиликнинг боши осмонга етди. Айниқса, санъаткорларнинг куни туғди: ҳар куни телевидение ва раидиода чиқволиб, «Лазги» куйига хоҳлаган (шеър) матнини мослаб ижро қилишмоқда.

Аслида «Лазги» жуда қадимий  мусиқа саналади. Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова ушбу санъат асарининг 9 тури мавжудлигини ўзининг «Офатижон «Лазги» деб номланган тадқиқот асарида келтиради. Унинг фикрига кўра, «Лазги» мусиқаси 3000 йиллик тарихга эга бўлиб, яратилиши жиҳатидан зардўштийлар даврига бориб тақалар экан.

Ш.Эшжонова билан ҳаммуаллифликда яратилган яна бир «Лазги» монографиясида Г.Матёқубова мазкур мусиқа номи санскрит тилида «қалтираш», «титраш», «совқотиш» каби маъноларни беришини ёзишади. Форс тилида ҳам «лазги» сўзи «совуқ қотиш» маъносини англатади. Қадимий хоразмийлар тили форс тили тармоғининг бир шохобчаси бўлганини инобатга оладиган бўлсак, тадқиқотчиларнинг фикрларига ҳеч шубҳа йўқ.

Бироқ, бугунги кунга келиб, ёш хонандалар «Лазги» номи билан ижро қилаётган қўшиқлар тури худди бемаза қовуннинг уруғидек тўқсонтадан ҳам ошиб кетса керак. Билса-билмаса, моҳиятини англаса-англамаса ҳам бетакрор «Лазги» куйига ўта мазмунсиз ва саёз матнларни басталаб, ижро қилишаётгани кишининг таъбини тирриқ қилади. Кошки улар ижро қилаётган «Лазги»чиларда мукаммал санъат асарига хос мазмун ва оҳанрабо бўлса...

Манбалардан маълумки, «Лазги» ХХ асрнинг 50-йилларига қадар куй тариқасида сурнай, танбур, гармон ва тор мусиқа асбобларида ижро қилиниб келинган. Бу ўйноқи куйга биринчи бор Комилжон Отаниёзов қўшиқ ёзган. Бу машҳур ҳофиз куйлаган «Лазги» қўшиғи ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам санъат мухлисларини мафтун қилиш жозибасига эга эканлиги билан ажралиб туради.

Комилжон Отаниёзов куйлаган «Лазги» қўшиғини  Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳайитова, Бобомурод Ҳамдамов каби санъаткорлар маромига етказиб куйлаб, олқишга сазовор бўлишди.

Бироқ бу таниқли санъаткорлардан кейин етишиб чиққан хонандалар «Лазги» қўшиғини жуда катта қўпол хатолар билан куйлаб юришибди. Афсуски, бу хато тарздаги ижролар юртимизда бўлиб ўтаётган тўю тантана ва байрам, сайилларда бир неча ўн йиллардан буён таниқли, ҳатто юксак унвонларга сазовор бўлган шахслар томонидан содир этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари ака-ука Ғофур ва Ғулом Эшжоновлар, «Ниҳол» мукофоти соҳиблари Бунёдбек Саидов, Дилмурод Султоновлар томонидан ана шундай хато талқинда эътиборга ҳавола қилиняпти. Улардан андоза олган бошқа хонандалар ҳам тўй-базмларда айнан ана шу хатони такрорлаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Хўш, «Лазги» қўшиғида қандай хатолар мавжуд?

Машраб ғазалига Комил мухаммаси билан Комилжон Отаниёзов томонидан ижро қилинган «Лазги»нинг энг сўнгги банди қуйидагича куйланмоқда:

Эшит арзимни энди, сени излаб юрарман,

Хаёлинг-ла беҳушман, ман ўзимни биларман,

Комил муродим бор деб ман ўзингдан тиларман,

Девона Машрабингман, ишқ ўтина куярман,

Парвонадек ул ўтдан ўзини айирса бўлмас.

Мухаммаснинг иккинчи мисраси аслида «Хаёлинг-ла беҳудман, на ўзимни биларман» тарзида ёзилган. Бундаги «беҳудман» сўзини айрим санъаткорлар «беҳушман», «на ўзимни»ни эса «ман ўзимни» тарзида қўпол равишда бузиб куйлашмоқда. Аслида «беҳуд» билан «беҳуш» ёки «на ўзимни» билан «ман ўзимни» ўртасида катта фарқ мавжуд. «Беҳудлик» инсоннинг ўз ақлини танимаслигидир. «Беҳушлик» эса танасини бошқара олмайдиган даражада кома ҳолатига тушишидир. Ҳар иккала шароитда ҳам одам ўзини, атрофдагилар ҳаракатини англай олмайди. Шу боисдан ҳам хонандаларнинг «Хаёлинг-ла беҳушман, ман ўзимни биларман» деб куйлаши кулгули. Ахир беҳуш одам ўзини қандай танисин?!

Қўшиқнинг учинчи мисраси эса асл матнда «Комил муродин бер, деб мен ўзингдан тиларман» деган лирик қаҳрамон илтижосини ўзида акс эттиради. Бу эса хонандалар «Комил муродим бор деб ман ўзингдан тиларман» қабилида талқин қиладилар.

Қаранг, қандай бесўнақай оҳанг!

Айрим ёш хонандалар ҳам баттар қўпол хатога йўл қўйишмоқда. Қўшиқдаги «Самандардек ўт ичра ёнмасни солса бўлмас» мисрасини «Самандардек ўт ичра ёнбошни солса бўлмас» деб ижро қилишмоқда.

«Самандар» — афсонавий қуш бўлиб, айтилишича, олов ичра туғилиб, олов ичида яшаб ўларкан, яъни Қақнус!

Бундай қўпол хатолар ёш хонандаларнинг саводхонлик даражаси бир нави эканини англатмайдими? Минг афсуски, шу тарздаги хато ижролар марказий ва маҳаллий телерадиоканалларда тез-тез бериб бориляпти. На Бадиий кенгаш, на муҳаррир, на ўзини ёш иқтидор эгаларига устозман деб кўкрагига уриб юрган тажрибали санъаткорлар бу борада бир оғиз «ғинг» дейишмаяпти. Ахир дарахтнинг эгри шохларини боғбон тартибга солганидек, ёшлардаги хато ва камчиликларни тажрибали устозлар тўғрилашга кўмаклашишлари керак-ку!

Хуллас, санъаткорлик кишидан пухта адабий билим, сўзларга масъулиятни талаб қилишини нафақат ёш хонандалар, балки эл назарига тушган, беш-олти куйлакни кўпроқ йиртган санъаткорлар ҳам чуқур англасалар айни муддао бўлур эди.

Эрпўлат БАХТ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг