Коронавирус эпидемияси – «ахборот инқилоби»га янги чақириқ
Бугунги кунда дунёнинг 206 та мамлакатида қайд этилган 2019-nCoV коронавируснинг янги тури Ўзбекистонда ҳам долзарб муаммога айланган. Давлат томонидан коронавирусга қарши кураш олиб бориш, унинг кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклаш соҳасида тезкор қарорлар қабул қилиниб, сўнгги 2 ой ичида миллий қонунчиликда 26 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, тегишли кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 390 нафар касалланганлар орасидан 30 нафари тўла соғайиб, ўзларининг кундалик ҳаётига қайтди.
Рақамларга назар солар эканмиз, тарихдаги шунга ўхшаш эпидемиялар қанча инсонларнинг ҳаётини олиб кетганлигини кўриш мумкин, яъни:
- ОИВ/ОИТС (1981 йилдан ҳозирги кунгача) – 35 миллион қурбонлар;
- «Чўчқа» гриппи (2009 й.) – 285-580 минг қурбонлар;
- Қора чечак (мил. авв. 3000-1982 йй.) – 300 миллион қурбонлар;
- «Қора ўлим» (1347-1353 йй.) – 75-200 миллион қурбонлар;
- «Испан» гриппи (1918-1920 йй.) – 50-100 миллион қурбонлар;
- «Бубон» ёхуд «Юстиниан» вабоси (541-574 йй.) – 25-50 миллион қурбонлар.
Инсоният доимо бизни йўқ қилишга таҳдид соладиган эпидемиялар, технологик офатлар ёки табиий ҳодисалар билан курашиб келган. Лекин аксарият таҳдидларга учраганда инсоният ҳаёти учун технологияларнинг роли жуда долзарблашади. Эпидемиялар миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин, аммо бу технологик компанияларга тез ривожланиш учун имконият беради ва бу фақат тиббиёт соҳасигагина тегишли эмас.
Масалан, Канаданинг «Bluedot» компанияси ўзининг сунъий интеллект технологиясидан фойдаланган ҳолда, 2019 йилда Хитойда эпидемияни ва ҳатто кейинги ривожланиш йўлини башорат қилган. Салмоқли маълумотларнинг (Big Data) салмоқли таҳлили, автоуловларни кузатиш ва энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқларни кузатиш келажакдаги воқеалар тўғрисида аниқ тасаввур беради.
Сўнгги 200 йиллик даврда технологик ривожланиш жараёни дунё меҳнат бозорини тубдан ўзгариши ва замонавий АКТ соҳасидаги мутахассисларга бўлган талабни тобора кучайишини тақозо этди. Рақамли технологиялар ҳар қандай ҳукумат олдига қатъий вазифалар қўйиб, инсоният келажагини бошқаришдаги ролини янада мустаҳкамлади. Замонавий глобализация жараёнларида етакчи мамлакатлар сирасига кириш, аҳоли турмуш тарзини янада ривожлантириш мақсададида Ўзбекистонда ҳам АКТ секторини янада такомиллаштириш – устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида рақамли технологиялар – маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириб, ортиқча харажатларни камайтириши, ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган «яширин иқтисодиёт»нинг улушини кескин пасайтириб, давлат хизматлари ва иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлаб берувчи омил эканлиги таъкидланган. Бу эса, ўз навбатида нақд пул айланмасини камайтириш, давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланиш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда давлат иқтисодиётида яширин иқтисодиётнинг улушини кескин пасайтириш ҳамда босқичма-босқич «Рақамли иқтисодиёт»га трансформация қилишни кўзда тутади. Мазкур ислоҳотларга бошқа тарафдан назар солинадиган бўлса, технологиялар инсоният тақдирини бошқаришда муҳим аҳамият касб этишини кузатиш мумкин ва коронавирус пандемияси каби таҳдидларда миллий технологик жараёнларнинг давлат сектори томонидан бошқарилиши янада муҳимдир.
Масалан, коронавирус эпидемияси Хитойга бошқа мамлакатларга мурожаат қилмасдан, фуқароларнинг кузатув тизимини янада мукаммаллаштириш имкониятини берди. Маҳаллий компаниялар инфрақизил камералар орқали юқори ҳароратга эга бўлган аҳоли орасидаги инсонларни самарали равишда аниқлаш, инсонларда ниқобли коронавирус симптомларини топиш ва Салмоқли маълумотларни (Big Data) самарали бошқариш орқали инфекция тарқалишининг эҳтимолини башорат қила оладиган замонавий IT-ечимларни Хитой ҳукуматига тақдим этди. Энг муҳими бу каби IT-ечимлар коронавирус инфекцияси билан зарарланган бемор билан контакт қилишни талаб этмайди ва вируснинг шифокорлар орасида жуда кенг тарқаб кетишини ҳам олдини олганлигини таъкидлаш мумкин. Баъзи ҳолларда авторитар режим томонидан олиб бориладиган бошқарув тизимлари жамият учун фойдали ишлашини Хитой мисолида кўриш мумкин. Буни, «Alibaba», «Tencent», «Baidu» ва бошқа йирик компаниялар энг қиммат бўлган булутли ҳисоблаш ва сунъий интеллект технологияларини муаммони ҳал қилишга уринаётган ҳукумат олимларига топширишида кўриш мумкин.
Шу ўринда, коронавирус эпидемияси – жамиятда рақамли технологияларни зудлик билан ривожланиши учун янги чақириқ бўлди, деб баҳолаш мумкин. Ўзбекистон учун ҳам истиқболли йўналишларни аниқлаш, навбатдаги самарали чораларни кўришга кенг имкониятларни очиб бериши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббусига мувофиқ республика ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилаётган «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексинининг компонентларига инфрақизил камералар, ҳудудлараро постлар фаолиятида «робототехника»дан фойдаланишни қўшиш ҳамда лойиҳа доирасида вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг стратегик ахбороти сақланадиган Маълумотлар базаларини Салмоқли маълумотлар (Big Data) платформасига интеграция қилиш мумкин. Негаки, сунъий интеллектдан фойдаланиш йўли билан таҳдидларни таҳлил этиш, башорат қилиш каби фаолиятда Салмоқли маълумотлар ролининг аҳамияти жуда юқори.
Мамлакатимизда карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди. Мазкур чоралар, юқорида таъкидлаб ўтилган – «яширин иқтисодиёт»нинг улушини пасайтириб, давлат хизматлари ва иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлаб берувчи технологияларга босқичма-босқич ўтиш учун имкониятлар яратиб берди. Масалан, жорий йилнинг 28 март ҳолатига Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтганлар сони 171 мингдан ортиқни ташкил этар эди, бир ҳафта ўтгач эса, яъни 4 апрель куни мазкур кўрсаткич 190,4 мингни ташкил этиб, деярли 20 мингга ўсган.
Маълумки, Халқаро электралоқа иттифоқи методикасига мувофиқ дунё мамлакатларида Электрон ҳукуматнинг ривожланиш индекси доимий равишда ўрганиб борилади ҳамда 2018 йил 193та давлатлар орасида Ўзбекистон индекс ривожланиши бўйича 81-ўринни эгаллаган эди. Ушбу кўрсаткични белгиланишида Ўзбекистон учун АКТ инфратузилмасининг ривожланганлик даражаси билан бир қаторда Ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчиларининг ўрни ҳам муҳим бўлган. Шу сабаб ҳам, портал ташкил этилган 2013 йилдан буён ОАВ орқали кенг тарғиб этилган ва бунга қарамай, аҳолининг давлат хизматларидан ташкилотнинг ўзида фойдаланиш даражаси масофавий фойдаланиш даражасига нисбатан анча юқори эди. Коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши оқибатида аҳолининг онлайн хизматлардан тобора кенг фойдаланаётгани ва умуман – инсонларнинг ахборот маконига бўлган эҳтиёжи мислсиз даражада ортиб кетаётганини кузатиш мумкин.
Бундай жараёнларда замонавий IT-ечимларни кенг жорий этиш билан бир қаторда ахборот хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Бутун дунёда карантин чоралари тобора кучайиши билан онлайн мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларга бўлган эҳтиёж ҳам кескин даражада ортди. Натижада, илгари оммабоп бўлмаган, лекин ҳозирда инсонлар учун қулай алоқа воситаси бўлган платформалар кўпайиб кетди.
Масалан, бир вақтнинг ўзида 100 нафаргача фойдаланувчиларни видеоконференцалоқа қилишига имкон берувчи «Zoom» мобиль иловаси қисқа вақт ичида оммалашиб, ҳозирда ундан биргина «Android» платформасидаги фойдаланувчилар сони 100 миллиондан ортиб кетди. Лекин жорий йилнинг 4 апрель куни АҚШнинг «The Washington Post» журнали «Zoom» мобиль иловасининг минглаб шахсий видео-суҳбатлари очиқ маълумотлар базасига тушганини маълум қилди. Бунда «Zoom» мобиль иловасида рўйхатдан ўтган «Facebook» фойдаланувчиларининг маълумотлари тарқалган ҳамда «YouTube» ва «Vimeo» платформаларида фойдаланувчиларнинг видео-суҳбатлари тарқаб кетган.
Бу каби видеоматериаллар орасида инсонларнинг психотерапевтлар билан машғулотлари, турли компанияларнинг ишчи конференциялари, болаларнинг юзлари, овозлари ва шахсий маълумотлари, бошланғич мактаб дарслари, беморларнинг исмлари ва телефон рақамлари билан телемедицина технологияларидан фойдаланган ҳолда шифокорларга қўнғироқлар каби маълумотлар мавжуд.
Мазкур ҳолатлар, ахборот инқилоби даврида унинг хавфсизлигини таъминлаш миллий манфаатлар нуқтаи назаридан ҳам зарурлигини яна бир бор исботлайди.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, коронавирус эпидемияси – рақамли дунёнинг инсоният учун юборган янги чақириғи бўлиб, унинг натижасида инсонлар ахборот маконига янада боғланиб қолмоқда. Ахборот макони эса «классик» тушунчамиздаги чегараларга (давлат ва вақт чегаралари) бўйсунмаслигини инобатга олган ҳолда, уни инкор этиш ўрнига аҳолини электрон платформалардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, дастурий маҳсулотлар, мессенжерлар, булутли технологиялар асосида фаолият юритувчи платформаларни («Zoom», Big Data ва бошқалар) маҳаллийлаштириш, вазирлик ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш каби чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, коронавирус эпидемияси шароитида кўрилган карантин чоралари туфайли инсонлар ўз маблағларини ҳаёт ва соғлиқ учун зарур бўлган маҳсулотларга, санитария воситаларига ва маиший хизматларга сарфлаётгани, турли маросим ва тадбирлардан воз кечилаётгани, электрон хизматлар бозори тобора оммалашиб бораётганини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида, инсонларнинг ҳаётий қадриятлари ўзгариб бораётганлигини инобатга олиб, замон талабларига мос кадрларни тайёрлашни ҳам ахборот даврига мувофиқ равишда такомиллаштириб, янги касб ва соҳаларни ҳаётга кенг жорий этиш лозим.
Акбаржон Иминов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси тингловчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter