Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кипр кимники? Туркия ярим асрлик зиддиятга барҳам бериш йўлини таклиф этди

Кипр кимники? Туркия ярим асрлик зиддиятга барҳам бериш йўлини таклиф этди

Фото: «Tourdom.ru»

Кипр – Ўртаер денгизида, ғоят қулай стратегик ҳудудда жойлашган орол. Сўнгги 50 йилда орол долғада қолган кема каби турфа зиддиятларга рўбарў бўлди. Ярим асрки, БМТ шафелигида икки давлатга бўлиниб кетган ҳудудни бирлаштириш йўлида саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Аммо ҳозирча мурод ҳосил бўлгани йўқ.

Айя-Напа

Исён, истеъфо ва ислоҳот

Аввал-бошда зиддият тарихи хусусида икки оғиз. Кипр (Қибрис) ороли XVI-XIX асрларда Усмонийлар давлати қаламравида бўлган. Турк салтанати заифлашувидан унумли фойдаланган инглиз империяси XX аср биринчи чорагида оролни ўз таркибига қўшиб олади. Тўрт йил давом этган озодлик курашидан кейин 1960 йилда Кипр мустақил республика деб эълон қилинган. Мустақил давлат тузилиши арафасида, 1959 йили Туркия, Буюк Британия ва Греция ўртасида орол тақдири юзасидан битим имзоланган. Мазкур уч давлат турклар ва грекларнинг тенг ҳуқуқлилигига асосланган Кипр республикаси таъсис этилишига кафолатчи бўлган.

Бу қарангки, янги ташкил топган давлат мўрт ва омонат бўлиб чиқди. Оролдаги икки этник жамоа – турклар ва греклар ўртасидаги даҳанаки тортишувлар авж олди. Бу орада турклар босим остида ҳокимиятдан четлаштирилди. 1974 йил 15 июлда эса Грециядаги ҳарбий хунта қўллаб-қувватлаши билан Кипрда давлат тўнтариши амалга оширилди. Исёнчилар президент Макариосни мажбурий тарзда истеъфога чиқарди. Давлат тўнтариши бошида турган «EOKA-B» яширин ташкилоти Кипрни Грецияга қўшиш юбориш тарафдори эди.

Фото: sigmalive.com

Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёниши маълум. Давлат тўнтариши вақти оролдаги турклар қирғин этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 1959 йилги шартнома бўйича турк жамоаси ҳуқуқлари ҳимоячиси  сифатида Туркия оролга ҳарбий бўлинмаларини киритиб, қутқарув операцияси ўтказди. Турклар оролнинг шимолидан, греклар эса жанубидан паноҳ топди. Шу тариқа оролда қўш ҳокимият, икки давлат пайдо бўлди. Айни пайтда оролнинг 60 фоиз ҳудуди Кипр республикаси, 38 фоиз эса Шимолий Кипр турк республикаси назоратида.

Оролда ягона давлат таъсис этиш борасида БМТ Бош котиби (1997-2006) Кофи Аннан таклиф этган ташаббус диққатга сазовордир. «Аннан режаси»да ягона давлат ва икки мухтор ҳудуд ташкил этилиши, марказий ҳокимият эса греклар ва турклар томонидан навбат билан идора қилиниши кўзда тутилган. 2004 йил апрелда оролда бу бўйича референдум ўтказилди. Шимолий Кипр турк республикасининг 65 фоиз аҳолиси ягона давлат ғоясини қўллаб-қувватлади, жанубда яшовчи 75 фоиз аҳоли (греклар) эса «Аннан режаси»ни рад этди.

Фото: Yeni Akit

2017 йили Швейцарияда БМТ шафелигида ўтказилган музокаралар ҳам натижа бермади...

Кемага тушганнинг жони бир 

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли яқинда «Кипр почтаси» нашрида эълон қилган мақоласида зиддиятга барҳам бериш йўлини таклиф қилди. Қайд этилишича, зиддият тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тамойили асосида ҳал этилиши мумкин.

Расмий Анқарага кўра, музокараларнинг муваффақиятсизликка учраётгани асосий сабаби – Кипрнинг грек жамоаси кипрлик турклар билан ҳокимиятни бўлишишни истамаяпти, улар ўзини оролнинг ягона хўжайини каби тутмоқда. 

«Музокараларни қайта бошлаш учун шартлар, ёндашувлар ва йўналишларни аниқ белгилаб олиш лозим.  Сўнгги ўн йилликлар давомида икки ҳудудли, икки жамоали федерация ташкил этиш йўлидаги музокаралар боши берк кўчага кирди», – дейди М.Човушўғли.

Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарига кўра, зиддиятни бартараф этиш йўли битта: кипрлик туркларга сиёсий тенглик бериш, уларни орол тақдирига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилишга жалб этиш, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш лозим.

Шарқий Ўртаер денгизи ҳавзасидаги табиий бойликлар тақсимоти ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланмоқда. Шимолий Кипр турк республикаси маъмурияти Кипр республикаси раҳбариятини табиий бойликларни баҳам кўрмаётганликда айблаб келади. Расмий Анқара ҳам умумий бойлик саналган табиий ресурслардан икки томон биргаликда фойдаланиши лозимлигини талаб қилмоқда.

«Биз Шарқий Ўртаер денгизида тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши тарафдоримиз. Ўртаер денгизида энг узун соҳил сарҳадини назорат қилаётган Туркия тарих ва геосиёсат нуқтаи назаридан минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Бу жиҳатдан, Туркияни истисно этган ҳолда ҳамкорлик ва шериклик йўлларини қидириш муваффақиятсизликка юз тутиши муқаррар», – дейди Туркия ташқи ишлар вазири.

Фото: 112.ua

Кипрдаги тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳарбий операцияларга 45 йил тўлиши муносабати билан 20 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам баёнот берди. Баёнотда Кипрда яшовчи турклар умумтурк миллатининг ажралмас қисми экани, улар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида саъй-ҳаракатлар давом этажаги таъкидланган.

...Мақола аввалида Кипр оролини долғада қолган кемага ўхшатган эдик. «Сиёсат уммони»да кучайиб бораётган довуллар турклар ва греклар бир ёқадан бош чиқариб, яхлит давлат тузиш йўлида жидду жаҳд қилишини талаб этмоқда. Зеро, кемага тушганнинг жони бир, довулда омон қолишнинг бошқа йўли ҳам йўқ.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг