«Европадаги охирги диктатор» — Лукашенко ва унинг баёноти ҳақида
Яқинда Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеалардан сўнг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга қарата огоҳлантирувчи баёнот қилганди.
Қарангки, Ўзбекистон ушбу воқеалардан сабоқ олиши керак экан, чунки «улар»нинг назари энди Ўзбекистонга қаратилган эмиш. «Улар» кимлигини ва нима учун айнан Ўзбекистонни энди шундай воқеалар кутаётгани ҳақида Лукашенко жаноблари аниқ бир гап айтмади.
Мамлакатимиз барқарорлигини издан чиқазиш кимга керак бўлди ва нима учун? Ҳақиқатан ҳам Қозоғистондаги тартибсизликларга сабаб бўлган омиллар Ўзбекистонда ҳам мавжудми? Лукашенко қандай маълумотга эгаки, бизнинг давлатимиз «улар»дан бехабар бўлиб, эҳтимолий таҳдидларни сезмай турибди? Беларусь давлат бошлиғининг гапларидан сўнг шу ва бошқа саволлар пайдо бўлмоқда.
Бу вазиятни қисқача таҳлил қилиб кўрайлик.
Ўзбекистон ва Қозоғистонни бир-бирига ўхшатиш мутлақо нотўғри, чунки улар яқин биродар халқ бўлса ҳам, бир қатор сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичлари билан ажралиб туради. Айниқса, давлат ҳокимияти транзити жараёни Ўзбекистонда 5 йил олдин тугаган, Қозоғистонда эса бу транзит тугамасдан чўзилиб кетди, икки ҳокимлик тизими шу пайтгача сақланиб келган ва ниҳоят ўзини фош этди.
Айни даврда МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон энг юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини намойиш этиб келмоқда (7 фоиз ўсиш). Бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти янги иқтисодий моделни амалга ошириб келмоқда, унга кўра, хусусан, кенг кўламли инвестицияларни жалб қилиш, янги иш жойларини яратиш каби мақсадлар устувор деб белгиланган. Энг муҳими, янги сиёсатнинг асосий кўрсаткичларидан бири бу — давлатнинг ҳам ўз халқи олдида, ҳам халқаро саҳнада очилишидир.
Президент Ш. Мирзиёев «Халқ давлатга эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган шиорни бекор баён қилмади. Чунки давлат идоралари халқдан бегоналашиб қолган эди ва давлат шиорбозлик, бюрократия, хўжакўрсинлик, одамларга қўпол муомала каби иллатлардан қутила олмай келган эди.
Ўтган беш йил ичида, бир қатор «нозик» масалалар бўйича конкрет ечимларни кузатдик, бу — валютанинг конвертацияси, прописканинг бекор қилиниши, мажбурий меҳнатнинг йўқотилиши, фуқаролик жамиятига кўпроқ эътибор берилиши, таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши ва ҳ.к. Ҳатто энг нозик соҳалардан бири бўлмиш сўз эркинлиги ва цензура муаммоси ҳам ҳал этилмоқда.
Биз олдинги даврга ўхшаб ҳамма нарсани зўр деб, қарсакбозликка берилиб кетишдан йироқмиз, албатта. Олдимизда ҳал этишимиз керак бўлган масалалар талайгина. Аммо Ўзбекистонда умуман олганда, халқимиз жамоат барқарорлигини жуда ҳам қадрлайди ва ислоҳотларнинг тадрижий давом этиши кераклигини тушунади.
Балки ўзининг қўпол гаплари билан Лукашенко Ўзбекистонни КХШТга қайтиши керак деб ишора қилмоқчи бўлгандир?
Биринчидан, Ўзбекистон минтақавий ва халқаро воқеаларни баҳолашда ва ташқи сиёсатини оқилона юргизишда мустақилдир ва хавфсизлик масалаларини тўғри идрок этишга қодир.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг мудофаа доктринаси ҳамда ташқи сиёсий концепциясида мамлакат ҳарбий блокларга кирмаслик тамойили муҳрланган, шунинг учун Ўзбекистон КХШТга аъзо бўлолмайди.
Агар Лукашенко Беларусь давлати халқаро изоляцияга тушиб, Европа ва АҚШ билан муносабатлари бузилишини афзал кўрса, Ўзбекистоннинг йўли бошқача. Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятига интеграцияни давом эттиришдан манфаатдор. Биз Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам барча стратегик шериклар билан муносабатларни ривожлантиришни давом эттириш ниятидамиз.
Агар Лукашенко ҳақиқатан ҳам жиддий таҳдидлар тўғрисида маълумотга эга ва ниятлари самимий бўлганда эди, у бизга тўла маълумотларни тақдим этган, таҳдидларни кимдан кутишимиз кераклигини айтган бўларди. Афсус, у бунга қодир эмас ва рус тилида «выдавать желаемое за действительное» деган ибора унга жуда хослиги аниқ бўлди.
Демак, Лукашенко аслида Ўзбекистонга нисбатан қилинаётган информацион ҳужумнинг навбатдаги ижрочиси бўлди. У ҳам Жириновскийга ўхшаб дўқ-пўписадан, ёлғон гаплар, уйдирмалар, шахсий сиёсий советча тафаккурдан бошқа нарсани билмаслиги аниқ бўлди.
Лукашенко Ўзбекистонга ақл ўргатишдан олдин ўзининг ички муаммоларига кўпроқ аҳамият берса мақсадга мувофиқ бўларди. Унинг гаплари шунчалик асоссиз, юзаки ва эскичилик сарқитики, уларни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Қолаверса, унинг давлати халқаро санкцияларга учраган, у ўзининг мамлакатида 2020 йил август ойидан бошлаб ўз легитимлигини йўқотган ва ҳар қанақа норозиликлар ва тинч намойишларни куч билан бостирган, «Европадаги охирги диктатор» номини олган одамдир.
Ўтган йили сунъий равишда мигрантлар инқирозини яратган бўлиб, Польша ва Литва билан муносабатлари янада кескинлашиб кетгандан сўнг, Лукашенконинг асл қиёфаси янада ошкор бўлди. Ўшанда сал қолса, Беларусь қўшни давлатлари билан урушга киришиб кетиши мумкин эди.
Хўш, «сабоқ ол» деб аслида кимни кўпроқ огоҳлантириш керак? 2020 йил август ойидаги Президент сайловларидан сўнг беларуслар томонидан норозиликлар ва намойишлар авж олиб кетганда, унга ҳеч ким «сабоқ ол» демаганди. Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга.
Фарҳод Толипов,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),
«Билим карвони» нодавлат илмий муассаса директори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter