Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Европа сут фермаси», хорижда қобилиятсизлик сабаби – Даниядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Европа сут фермаси», хорижда қобилиятсизлик сабаби – Даниядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши – бир неча йилдан буён Дания Қироллигида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Дониёрбек Ҳамидов.

Қаҳрамонимиз Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида туғилган. Бакалавр босқичини Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўқиган. Магистратура босқчига ҳам айнан шу олийгоҳга қабул қилинган. Бироқ хориж тажрибасини ўрганиш ва дунё кўриш мақсадида таҳсилни давом эттирмасдан, қишлоқ хўжалиги соҳасида малака ошириш дастури бўйича Данияга келган.

Ҳозир у мамлакатдаги NewWorkers Consulting фирмасида бош менежер бўлиб ишлаб келмоқда.

«Европа сут фермаси» мақомига эга

Очиғи, Данияга келишимнинг бир қанча сабаблари бор. Хусусан, Қироллик – «Европа сут фермаси» мақомига эга давлат. Қишлоқ хўжалиги тизими яхши тараққий этган. Шу боисдан бўлса керак, бутун Европа ва Осиё мамлакатларини қишлоқ хўжалиги соҳасида қабул қилишлари осон. Агар талабаликка қабул қилиниб, Данияда йиллик малака оширмоқчи бўлсангиз, 90% ҳолатда виза олишингиз кафолатланади. Бир йиллик малака оширишдан сўнг ўзингизни яхши кўрсатсангиз, иш жойингиз ёки бошқа фермерлар томонидан сизга ишчи шартнома (ишчи виза) тақдим этилади ва ойлик даромадингиз мажбурий равишда 2.5 баравар ошади.

Дания охирги йилларда нуфузли нашрлар томонидан кетма-кет дунёнинг энг бахтли мамлакати дея тан олинмоқда. Чунки барча қонунлар ҳамма учун ҳар жойда ишлайди ва бунга халқ ҳам 100% ишонади. Бу ерга келиб яшаб кўргач ўзим ҳам амин бўлдим. Ҳаттоки назорат камераларини топиш қийин, чунки жуда саноқли жойларда мавжуд. Шахсан ўзим ҳам кўчаларда ҳалигача назорат камераларини кўрмадим.

Умуман, данияликлар бир-бирига чин дилдан ишониб, ўзаро ҳурмат қилишади.

«Осиё сут фермаси»га айлансак бўлади

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун иқлимимиз идеал даражада, деб ҳисоблайман. Агар данияликлар каби режа асосида тизимли деҳқончилик ва чорвачиликка ўтсак, бемалол «Осиё сут фермаси»га айлансак бўлади. Бунинг учун таълим берувчи мутахассислар танлашда йўналишни ўзгартириш керак.

Масалан, қишлоқ хўжалиги таълим муассасаларида педагоглардан кўра, яъни асосий иши ўқитувчилик эмас, балки ферма, чорва, иссиқхона, ветеринария соҳаси бўлган инсонлар келиб дарс бериши лозим. Чунки қишлоқ хўжалиги – эшитиб эмас, кўриб, бажариб ўрганиладиган соҳа.

Қолаверса, саволингиздан келиб қўшимча сифатида айтмоқчиман. Ўзбекистонда монополия ва монополистик ташкилотларга тезроқ барҳам берилишини хоҳлайман. Чунки айнан монополия ва коррупция иллатлари давлатимиз ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз ҳақида яхши таассуротлар пайдо бўлмоқда

Данияда рости Ўзбекистон ҳақида унчалик кўп билишмайди. Лекин сўнгги вақтлар бу ерда ўзбекистонликлар сони ортиб боряпти. Ўйлашимча, улар орқали данияликлар мамлакатимиз ҳақида яхши таассуротга эга бўлишмоқда. Боиси бу ердаги мен билган ва таниган ватандошларимиз – жуда меҳнаткаш. Қайси соҳада ишлаётган бўлишмасин, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келишади.

Тилни яхши билмасангиз, ўта қобилиятсиз ҳисобланасиз

Данияга келмоқчи бўлганларга маслаҳат: бу ерга, албатта, инглиз тилини яхши ўрганиб келишлари зарур. Чунки данияликлар учун инглиз тилида гапириш оддий ҳол. Билишимча, мамлакат аҳолисининг камида 80%и учун инглиз тилида гапириш муаммо эмас. Шу сабаб ҳеч бўлмаса тилни яхши билмасангиз, ўта қобилиятсиз ҳисобланасиз. Иккинчи тавсиям: бу ерга солиқлар ҳақида маълумотларга эга бўлиб келиш лозим. Чунки Данияда солиқлар миқдори юқори. Аммо бунга мутаносиб равишда ҳукумат томонидан фуқароларга яратиб берилган шароитларни эътироф этиш керак.

Кейин тиш ва кўзингизда муаммо бўлса, албатта даволаниб келишни маслаҳат бераман. Боиси шу иккиси пуллик, қолган барчаси суғурта ва солиқлар ҳисобига бепул. Ҳатто баъзи данияликлар тишларида муаммо бўлса, стоматолог учун кўпроқ Германияга бориб даволаниб қайтишади. Билишимча, Германияда стоматолог хизмати анча арзон.

Кутубхоналар бепул

Бўш вақтимда кўпроқ ўзбекча китоблар ўқигим келади. Аммо китобларни мажбурий инглиз тилида ўқийман, чунки электрон китоб ўқишга соғлигимни қизғанаман. Кутубхоналар бепул, лекин китоблар инглиз ва маҳаллий тилларда.

Бундан ташқари, Telegram’да ўзимнинг кичик блог саҳифамни юритаман. Унда мустақил ўрганувчилар учун инглиз тилидан дарсларимни эълон қилиб тураман ва баъзан ўқувчилар билан савол жавоб ўтказиб туришга ҳам вақт топаман.

Келажакдаги режаларим Ўзбекистонга қайтиб бу ердаги компания филиалини очиш.

Шунингдек, инглиз тили оламида ўқитувчилик фаолиятимни ҳам давом эттирмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг