Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугун ўзбек телеканаллари ватанпарварликни қандай тарғиб қилмоқда?

Бугун ўзбек телеканаллари ватанпарварликни қандай тарғиб қилмоқда?

Фуқароларимизда ватанпарварлик, ватан ҳимояси туйғуларини кучайтиришда телевидение, радио ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Айниқса, телеканаллар бу борада алоҳида ўрин тутади. Бироқ, бугун телеканалларимизда ватан ҳимояси, ватанпарварлик мавзусига етарли даражада мурожаат қилинмоқдами? Бу борада аҳвол қандай? Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходимлари бу борадаги мониторинг таҳлиллари билан ўртоқлашдилар. Яъни, таҳлилчилар ўзбек телеканалларининг 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эфирга узатилган  байрам дастурларини таҳлил қилишди. Афсуски...

«Zo‘r TV» телеканалининг бир кунлик дастурлари рўйхати мусиқий дастур, кино, теленовелла, информацион ва кўнгилочар кўрсатувларни ташкил этади. Хусусан, 13 январь куни қуйидаги кўрсатувлар эфирга берилган: «Эрталабдан салом», «Бу кун» (информацион дастур), «Ошхона қироллари», «Зинама-зина», «Насриддиннинг чопони», «Ёр-ёр», «Uzlywood» ҳамда таниқли хонанда Ўлмас Оллобергановнинг концерт дастури. Шу куни тўртта бадиий фильм намойиш этилган: «Баҳубали: Муқаддима» (ҳинд фильми), «Перл Ҳарбор», «Қуёш кўз ёшлари», «Омон қолган». Шунингдек, «Қил устидаги тақдир-2» ўзбек сериали ва «Ота» номли турк сериали дастурдан ўрин олган. «Uzlywood» кўрсатувининг тақдим этилган сони 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрамона сон экан. Кўрсатув мусиқий-кўнгилочар йўналишда бўлгани учун ҳарбий санъаткорлар иштирок этишди. Кўрсатувнинг номини ҳам ўзбекча атаса бўларди. Чет ва ўзбек тили аралашган гибрид ном топишга ҳеч қандай зарурат йўқ эди, бизнингча. Телеканалда ушбу санада намойиш этилган фильмлар ҳам байрамга мос – ватанпарвалик руҳидаги фильмлар. Ушбу фильмларни ҳам бадиий савияси юқори, мазмун жиҳатидан санага мос фильмлар дейиш мумкин.

«Sevimli» – айтиш лозимки, каналда яхши лойиҳалар эфирга берилади. Аммо 13-14 январь кунги дастурларда ватанпарварлик руҳи унчалик сезилмади. Телеканал дастурлари давлат тилига ҳурмат, маънавият, тарбия, ахлоқ ва ватанпарварлик туйғуси билан тўйинтирилиши мақсадга мувофиқ.

«Миллий»номидаёқ ўз концепциясини томошабинга эслатиб турадиган телеканалда кўрсатувлар сони бироз кам кўринди. Асосан фильмлар ва сериаллар эфир вақтини эгаллаган. 14 январь куни «Бунчалар зўрсан», «Ўткир тергов», «Ошга марҳамат», «Ўзбекнинг сўзи қизиқ», «М-коктейл», «Бахтлимиз», «Гулкарам» каби кўрсатувлар телеканалнинг кунлик дастуридан ўрин олган. Дастурларда Ватан ҳимоячилари кунининг шукуҳи унчалик сезилмади. Она тилига ҳурмат, маънавий қадриятлар, тарбия, ахлоқ ва ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга ҳисса қўшадиган бирор кўрсатувни алоҳида эътироф этиш мушкул.

«Kinoteatr»нинг 13-14-15 январь кунги дастурларини кўриш давомида баъзи мулоҳазалар туғилди. Яъни, дастурлар давомида ватанпарварлик, юрт ҳимояси, тинчликни асраш каби мавзулардаги кинофильмлар деярли эфир юзини кўрмади. Фақатгина, 14 январь куни «Сизга мактуб» номли миллий фильм эфирга узатилди. Лекин шу биргина фильм ҳам тонгги соат 6.20 да намойиш этилди. Юртимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Ватан ҳимоячилари кунида ватанпарварлик ҳақида биргина миллий фильмнинг аксарият юртдошларимиз уйқуда бўлган вақти эфирга берилишини адолатданми? Ваҳоланки, айни пайтда «Renessans TV» ва «Dasturxon TV» каби нодавлат телеканалларнинг байрам кунидаги дастурларидан ватанпарварлик мавзусидаги бир нечта миллий кинофильмлар ўрин олди. Хусусан, 14 январь куни «Renessans TV» томонидан «101-рейс», «Тубанлик», «Dasturxon TV» томонидан эса «Тинчлик ортида», «Ватан остонаси», «Афв», «Барон» каби ватан ҳимояси мавзусидаги миллий фильмларимиз томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Нодавлат каналлар ватанпарварлик мавзусига шунчалик эътибор қаратаётган бир пайтда давлат канали бўлган «Kinoteatr»нинг бу борада сусткашлик қилиши тушунарсиз.

Номидан ҳам маълумки, канал томошабинларга асосан кинофильмларни намойиш қилишга мўлжалланган. Шундай экан, бу каналда миллий ва хорижий киноларнинг долзарб мавзулардаги энг сара намуналари тақдим қилиниши керак. Бизнинг наздимизда телеканал намойиш қилиниши зарур бўлган кинофильмларни танлашда баъзи хатоликларга йўл қўймоқда. Йўқса, Ватан ҳимоячилари байрами кунида ватанпарварлик руҳидаги миллий фильмларимиз ўрнига асосан жангари саҳналарни ўз ичига олган хорижий томошабоп фильмларни эфирга узатмаган бўлар эди. Икки соат узлуксиз эфирга узатилган тақинчоқлар рекламаси – «Zargarshop» дастуридан зериккан томошабин ҳаққи учун ҳам реклама тугаши билан яна соатлаб давом этадиган ҳинд киносини бериш ўрнига бирорта Ватан ҳимоячилари ҳақидаги фильмни намойиш қилиш адолатдан. Лекин бундай бўлмади.

«Kinoteatr»да 13-14-15 январь кунлари асосан дунё киносининг жангари, саргузашт саҳналарига бой намуналари кўрсатилди. Яъни, миллий фильмларимизга кам мурожаат қилинди. Албатта, бугун хориж киносига томошабинлар орасида қизиқиш катта эканлиги бор гап. Лекин, байрам муносабати билан миллий бўлмаса-да, дунё киносининг ватанпарварлик, ватан ҳимояси ҳақидаги тан олинган машҳур фильмларини ҳам намойиш этиш мумкин эди.

Қолаверса, мустақиллик йилларида ўзимизда ватанпарварлик, ватан ҳимояси, жасорат мавзусига бағишланган кўпгина кинофильмлар яратилди. «Ватан», «Барон», «18-квадрат», «Остона», «Сардор», «Ватан остонаси», «101-рейс», «Илҳақ» каби ана шундай миллий фильмлар томошабинларга манзур бўлди. Бундай фильмларимиз рўйхатини яна узоқ давом эттиришимиз мумкин.

Болаларга ватанни севиш боғча ёшиданоқ ўргатилиши шарт. Бунда боғча ёшидаги болаларга мўлжалланган «Болажон» ва «Ақлвой» телеканалларининг ўрни катта.

Байрам кунлари «Болажон» телеканали «Ассалом болажон» кўрсатуви билан бошланди. Кўрсатув давомида ҳарбий хизматчилар байрами муносабати билан табриклар ва лавҳалар берилди. Шундан сўнг «Мен ҳарбий бўламан», деб номланган 10 дақиқалик ҳарбийлар машғулотига бағишланган дастур эфирга узатилди. Ора-орада афсуски рекламалар жуда кўп кузатилди. Дудланган гўшт маҳсулотлари ва дори воситаларининг рекламаси болаларга нечоғлик муҳимлигини ўйлаб кўришса бўларди, канал масъуллари.

Каналда байрам кунлари яна «Айиқча Бамси саргузаштлари», «Мио болагинам Мио», «Чангалзор қироли», «Малика Эмми» ва «Кунфу жангчиси» каби мултьфильм ва кинолар эфирга узатилган бўлса, «Ақлвой» ижодкорлари «Оҳ бу болакайлар, Тео ва Лео», «Ажабтовур кашфиёт ҳамда Фиксиклар» каби мултфильмлардан уёғига ўтмади. Йилда бир маротаба бўладиган байрамда болаларда ватанга бўлган муҳаббатни уйғотишга қаратиладиган дастурлар орасида «Малика Эмма»дан кўра мард Тўмарис ёки Ойбарчин ҳақида маълумотга эга бўлиши ҳамда тасаввури шаклланиши манфаатли, «Шрек»дан кўра миллий қаҳрамонимиз «Широқ»ни таниши муҳим эмасми?

Ушбу каналда қўйилган  «Кунфу жангчиси» мультфильми эътиборга лойиқ. Сабаби, ушбу мультфильмда Хитой жанг санъати, маданияти, миллий қадриятлари, обидалари акс эттирилган бўлиб, болаларда Хитой давлати маданияти ҳақида тасаввурлар шаклланади. Аммо болажонлар ўзи туғилиб ўсган ватани, миллий ўзлиги, миллий қадриятлари ва маданияти тўғрисида маълумотлар, таассуротлар билан камол топиши учун ўзимизнинг миллий мультфильмлар етишмаётгандек.

«Ўзбекистон» каналида «Ассалом Ўзбекистон» дастури орқали ҳарбийлар билан суҳбатлар, шунингдек, табриклар, ҳарбийлар ҳаётига оид қисқа лавҳалар ва байрам тадбири эфирга узатилгач кўнгиллар ёришди.

Ҳаммаси кўнгилдагидек, бироқ ёшларда ватанпарварлик руҳини оширадиган ва юрт олдида бурч, садоқат, масъулият ҳиссини оширадиган «Ватан», «Илҳақ», «Ўқчи қиз» каби фильмлар афсуски бош каналимизда ҳам қўйилмади. Унинг ўрнига «Ишқ риштаси» номли ҳинд ижодкорлари ижод намуналаридан баҳраманд бўлдик.

«Наво» мусиқий канали ҳам кузатишларимиз доирасидан четда қолмади. Канал орқали байрам кунлари эфирга узатилган наво, лавҳа ва кўрсатувларда Ватан ҳимоячиларига атаб бирор кўрсатув қўйилмагани дилни хира қилади. Биз болаликдан тинглаб катта бўлган, эшитганимизда юраклар энтикадиган Севара Назархон, Сетора, Равшан Собиров, Юлдуз Усмонова, Ойбек Ҳамроқулов, Юлдуз Турдиеваларнинг Ватан ҳимоячилари ҳақидаги қўшиқлари, Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» қўшиғи ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилмади, ҳеч бўлмаганда ҳарбий оркесторларнинг истеъдодли гуруҳлари билан мусиқий кўрсатув тайёрлаб эфирга узатилганда ажойиб иш бўлар эди. Лекин ва ниҳоят тунги 23:00 дан сўнг ҳарбий ижодкорларимиз томонидан тайёрланган мусиқий дастурлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Шу ўринда, бир савол туғилади: тунги вақтда ушбу мусиқий дастурни қўйиш қанчалик тўғри?

Хулоса ўрнида, биз болалар қалбида она ватанга муҳаббат, ватан олдидаги бурч, маъсулият ва садоқат руҳида тарбиялашни оддий кўринган нарсалардан бошлашни ҳозирдан, айни пайтдан йўлга қўйишимиз керак. Йўқса, ватанпарварлик деган тушунчалар шунчаки баландпарвоз сўзлар бўлиб қолаверади.

Авазбек Шерматов,

Нигора Ҳусанова,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти илмий ходимлари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг