Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«АҚШ Россиянинг парчаланишини истамайди» – сиёсатшунос (видео)

Жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида НАТОга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитда бир нечта масалалар, хусусан, Украинанинг альянсга аъзо бўлиш мавзуси ҳам муҳокама қилинди.

«Xabar.uz» ушбу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

– Келинг, суҳбатимиз аввалида НАТОга аъзо бўлиш шартлари ҳақида гаплашсак. Бирор-бир давлат НАТОга кирмоқчи бўлса, у қандай талабларга жавоб бериши керак?

– НАТО – 1949 йилда 12 давлат томонидан ташкил этилган ҳарбий ташкилот. Ташкилот тузилган вақтда 2 та асосий тамойил ишлаб чиқилган. Биринчиси – альянсга қўшилмоқчи бўлган давлат Европа қитъасида жойлашган бўлиши керак. Иккинчиси – бирор-бир давлат НАТО кирмоқчи бўлса, ташкилотнинг барча аъзолари бунга рози бўлиши керак. Ҳатто, 1 та аъзо қарши чиқса, у давлат ташкилотга қабул қилинмайди. Бундан ташқари, альянснинг 10 га яқин талаблари бор. Масалан, ташкилотга кирмоқчи бўлган давлатнинг ҳудудида этник ва диний муаммолар бўлиши керак эмас. Яна, аъзо бўлмоқчи бўлган давлатда чегаравий ва ҳудудий муаммолар бўлмаслиги керак. Чунки ҳудудий ва диний муаммолари бўлган мамлакат ташкилотга кирса, НАТОнинг барча аъзолари бу муаммоларга қўшилишга мажбур бўлади.

НАТОнинг хусусий талаблари ҳам бор. Хусусан, аъзо бўлмоқчи бўлган давлат ҳарбий соҳани очиқлаши шарт. Яъни, ҳарбий соҳага кетаётган сарф-харажатлар очиқ бўлиши ва ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 2 фоизини ҳарбий соҳага йўналтириши керак. Яна бир ўзига хос шартлардан бири – бу ҳарбий бўлмаган одам ҳам ҳарбий соҳада раҳбар бўла олиши керак.

– Саммитда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг «Украинанинг альянсга қўшилишини соддалаштириш керак», деди. Нима деб ўйлайсиз, Украина учун альянс талаблари соддалаштириладими?

– НАТО шу вақтга қадар 11 маротаба кенгайди. Бугун унга 32 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Мана шу 32 давлат альянс талабларини бажарган. Бугун Украинада ҳудудий ва этник муаммолар бор. Ҳали иқтисоди ҳамда ҳарбий соҳаси очиқ эмас. Лекин шунга қарамай, Украинани ташкилотга қўшайлик, деган ёндашув бўлмоқда. Бундай ҳолат Грузияда ҳам бўлган. Лекин Грузия Украинадан кўра НАТОга қўшилишга яқинроқ.

– Украина НАТО талабларига қанчалик жавоб бера олади?

– НАТО низомига қарайдиган бўлсак, Украина альянс талабларига жавоб бермайди. Чунки Украинада бугун уруш кетмоқда. Агар Украина НАТОга қўшилса, қолган 32 та давлат урушга киришга мажбур бўлади. Бу эса кенг кўламдаги урушга сабаб бўлиши мумкин. Буни НАТО ичидаги катта-катта давлат раҳбари ҳам яхши тушуниб турибди. Шу жиҳатдан, Украинанинг НАТОга қўшилишига ҳали бирмунча вақт бор.

– Украина НАТО кирса, альянс унга нима беради?

– НАТО низомининг 5-моддасига кўра, ташкилотга аъзо бўлган давлатга қуролли босқин юз берса, альянснинг барча аъзолари унга ҳарбий жиҳатдан ёрдам бериши керак. НАТО аъзолари ҳар йили 2 маротаба катта ҳарбий машғулотлар ўтказади. Мана шу ҳарбийлар урушга сафарбар этилиши керак бўлади. Бу Украинага катта устунлик беради.

– Саммитда Грузия мавзуси ҳам кўтарилди. Нима деб ўйлайсиз, Грузия ҳам яқин йиллар ичида НАТОга қўшилиши мумкинми?

 – Грузия Украинадан кўра НАТОга киришга яқинроқ. Чунки у яқин йиллар ичида иқтисод, ҳарбий ва демократик институтларни ислоҳ қилди. Ҳозир Грузияга инвестициялар оқиб келмоқда. Бу Грузиянинг охирги 10 йил ичида ўзгарганидан далолат.

Мен ҳозирги Украинанинг ҳолатини 2008 йилдаги Грузияга ўхшатаман. 2008 йилда Грузия ва Россия ўртасида 6 кунлик қуролли тўқнашув бўлган. Шундай ҳолатда Грузия 2008 йилда Бухарестдаги НАТО саммитида аъзоликни сўраган эди. Лекин ўшанда НАТО ҳам, АҚШ ҳам шошмаган. Чунки бундай қуролли можароларга аралашиш, жуда катта урушларга олиб келади. Бугун Украина худди шундай ҳолатда турибди. Мени назаримда, Грузияга 2008 йилда қандай муносабат билдирилган бўлса, Украинага ҳам шундай муносабат қилинади.

Грузия НАТОга кириши учун 2 та муаммосини ҳал қилиб олиши керак. 2008 йилда Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллик эълон қилган. Лекин Грузия уларни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Агар шу муаммоларини ҳал қилса, унинг альянсга кириши тезлашади. Агар Грузия бу шартларни бажармасдан НАТОга қабул қилинса, ташкилотга қийинчилик билан аъзо бўлган давлатлар эътироз билдиради.

– Бугун НАТОнинг ичида бўлиниш борми?

– Мен буни бўлиниш эмас, фикрлар хилма-хиллиги деган бўлар эдим. Ҳақиқатдан ҳам НАТО ичида бу нарса бор. 90-йилларнинг бошида альянсга қўшилган давлатлар ва ташкилотни тузган мамлакатлар ўртасида қарама-қаршилик бор. Масалан, Шарқий Европа давлатлари (Польша, Венгрия, Чехия, Руминия, Эстония ва Словакия)нинг НАТОдаги позицияси бошқа. Улар кўпроқ Россиядан қутилишга ҳаракат қилади. АҚШ ва бошқа давлатлар эса сал босиқроқ сиёсат юритишади. Украинани НАТОга қабул қилишга Шарқий Европа мамлакатлари рози бўлишди, лекин АҚШ ва Буюк Британия бунга қарши чиқди.

НАТОнинг Афғонистонга кириш масаласида ҳам қарама-қаршиликлар бўлган. Чунки ташкилотга аъзо давлат ўз армияси билан ҳарбий операцияларда қатнашиши шарт. Лекин буни бир нечта мамлакатлар истамади. Бундан ташқари, 1999 йилдаги Косова муаммосида фикрлар бўлиниши бўлган. Бугун ҳам НАТОнинг ичида шу ҳолат мавжуд. Мисол учун, Туркия ҳам доим ўз сўзига эга бўлган. Сабаби у ҳарбий жиҳатидан НАТОда иккинчи ўринда туради. Мана шу аъзолик ортидан Туркия кўплаб муаммоларини ечиб олади.

– Швециянинг НАТОга қабул қилинишида Туркия позициясининг ўзгариши кутилмаган янгилик бўлди. Бунгача Туркия Швециянинг альянсга киришига рози бўлмаётган эди. Нега Туркиянинг позицияси бирдан ўзгариб қолди?

– Туркия Швецияни НАТОга аъзо қилиш орқали жуда ҳам кўплаб имкониятларга эга бўлди. Европа Туркиядан божхона чекловларини олиб ташлади. Бу Туркия енгил саноати учун Европа эшиклари очилди, дегани. Мана шу масала Туркиянинг фикрини бир кунда ўзгартирди. Олдин ҳам Туркия бундан фойдаланиб келган. Ўзининг миллий манфаатларига тўғри келса, ҳар қандай давлат бундан фойдаланади.

Бу билан Туркия Европадан кафолат олди. Энди Туркия маҳсулотлари бемалол Европага кириб бора олади. Бу Туркия учун янги бозор.

 – НАТО саммитида Хитой ҳақида ҳам баёнотлар айтилди. НАТОнинг келажакдаги душмани Хитой бўлиши мумкинми?

– Агар НАТОнинг асосий концепциясини АҚШ белгилайдиган бўлса, бўлиши мумкин. НАТО аслида социалистик иттифоқдан Европани ҳимоя қилиш учун тузилган. Хитой ҳам ўша вақтда социалистик иттифоқ таркибида эди. 1991 йилда Совет иттифоқи парчаланганидан кейин, НАТО ким билан курашишни билмай қолди. 2008 йилдан кейин НАТО ким билан курашиши ойдинлашди. Аслини олганда, Россия АҚШ учун асосий рақиб эмас. АҚШ учун асосий рақиб – Хитой.

Россиянинг парчаланишидан АҚШ манфаатдор эмас. Сабаби Евросиё минтақасида Хитойни ушлаб тура оладиган куч – бу Россия. Буни замонавий АҚШ концепцияларида ҳам ўқиш мумкин. Мисол учун, Збигнев Брежинский, Генри Киссинжер, Олл Брайт каби стратеглар АҚШнинг асосий муаммоси Хитой эканлигини таъкидлаган. Ҳозирги кунда ҳам АҚШнинг рақобатчиси – бу Хитой. Энди шу кучни минтақада ушлаб тура оладиган куч Россия. Яъни, Россияни парчалаш ёки йўқ қилиш АҚШга керак эмас. Шу сабабли ҳам НАТО Украина ва Грузияни қабул қилишни истамаяпти. Чунки бунинг ортидан Россия ва Хитой иттифоқи шаклланиши мумкин.

– Бугунги кунда Хитой ва Россия алоқалари яхши эмасми?

– Йўқ, Хитой Украина урушида очиқдан-очиқ тарзда Россияга ёрдам бераётгани йўқ. Масалан, Эрон ўзининг дронлари билан Россияга ёрдам бермоқда. Туркия ҳам Украинага дрон берди. Хитой эса бундай очиқдан-очиқ урушда иштирок этаётгани йўқ. Чунки Хитой бугунги кундаги жаҳон саҳнасидаги обрўсини йўқотгиси келмаяпти.

Бундан ташқари, Хитойни ўзида Тайван муаммоси бор. Агар Россия билан яқинлашишни бошласа, дунё давлатлари Хитойга қарши бўлиб қолади. Албатта, буни Хитой хоҳламайди.

– Бугунги кунда АҚШ Украинага катта миқдорда ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий ёрдам бериб келмоқда. Лекин АҚШ Украинани НАТОга қўшилишига қарши чиқди. Нега АҚШ Украинани альянсга киришини истамади?

– Бу саволга қисман юқорида жавоб бердим. АҚШнинг ҳарбий генераллари ҳам Украина урушига аралашишни хоҳламайди. Яъни, фикрларнинг хилма-хиллиги битта қарорга келишга имкон бермаяпти. Бундан ташқари, АҚШ бераётган молиявий ёрдамлар аниқ жойига етиб бормаётгани аниқланган. Менимча, АҚШ охирги конфронтацияга бормоқчи эмас.

2008 йилда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «хато қилманглар. Биз охиргача борамиз ва ҳаракатларимизга жавоб бера олмай қоламиз», деган эди. Буни Россия 2008 йилда Грузияда, 2022 йилда Украинада кўрсатди. Демак, Россия билан ҳазиллашиб бўлмайди. Буни устига Россия ядро қуролига эга бўлган мамлакат.

Ҳозир барча Украинада тинчлик бўлишини истамоқда. Керак бўлса, Россиянинг ўзи ҳам хоҳламоқда. Бу можаро нима биландир якунланиши керак. Лекин можаронинг якуни янги жаҳон уруши билан ёки ядро уруши билан тугаши керак эмас. Бу урушда ғолиблар бўлмайди! Буни ҳамма тушуниб турибди.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг