«Ёш ёнғин ўчирувчи» мусобақасининг республика босқичига катта тайёргарлик кўрилмоқда
«Ёш ёнғин ўчирувчи» ва «Ўзбекистон Республикаси IХ-чемпионати» мусобақаларининг республика босқичига тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ хабарига кўра, мазкур мусобақанинг биринчи босқичи жорий йилнинг 1-15 апрель кунлари туман-шаҳар миқёсида ҳар бир умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилиб, ушбу босқичда ўқувчилар орасидан умум жисмоний тайёргарлик, яъни турникда тортилиш, 100 ҳамда 1000 метрга югуриш турлари бўйича энг яхши натижаларни кўрсатганлар аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, туман-шаҳар терма жамоаси шакллантирилди ва иккинчи, яъни вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма олдилар.
Мусобақанинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 1-18 май кунлари назарий шартга кўра иштирокчиларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича билим савиялари тест синовлари асосида ҳамда амалий шартларга кўра «100 метрга тўсиқлар оша югуриш», «Ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасига кўтарилиш» ҳамда «Ёнғин ўчирувчилар эстафетаси» турлари бўйича ўтказилиб келинмоқда. Албатта ушбу босқичда ҳам ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланмоқдалар ҳамда вилоят терма жамоаси шакллантирилиб, учинчи босқичда, яъни республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма оладилар.
Спорт мусобақасининг республика босқичи жорий йилнинг 30 май кунидан - 2 июнь кунига қадар Жиззах шаҳрида ўтказилади. 31 май куни мусобақанинг тантанали очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раҳбарияти, унда вилоят ҳокимлиги, бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этишади. Ушбу очилиш маросимида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги куч ва воситаларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда таниқли хонандалар томонидан концерт дастури ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter