Хушхабар: Ўзбекистон футзал терма жамоаси жаҳон чемпионатида қатнашади
ОФКдан ЎФАга расмий табрик келди. Унда ОФК ижроия қўмитасининг белгилаб берган мезонига кўра Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилнинг 12 сентябридан 3 октябрига қадар Литва мамлакатида бўлиб ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Хабарингиз бор, жаҳон чемпионатига қитъаларнинг саралаш ўйинларида муваффақият қозонган жамоалари йўлланма олади. Лекин ўтган йили бутун дунёда ҳукм сурган пандемия туфайли вазият ўзгарди. Осиё қитъаси бўйича мезбонлик қилиши лозим бўлган жойлар икки бор ўзгарди – аввалига Туркманистон бекор қилинди, сўнг Қувайт давлатида ҳам ўтказилмайдиган бўлди. Ваҳоланки, шу манзилларнинг бирида ташкил этилган саралаш мусобақасида муваффақиятли иштирок этган 5 та жамоа 2021 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши керак эди.
Куни кеча ўтказилган ОФК Ижроия қўмитасининг йиғилиш баённомасига биноан Литва мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар номи маълум бўлди. Мазкур жамоалар номини аниқлашда уларнинг сўнгги Осиё чемпионатларидаги иштироки ҳисобга олинди. Унга кўра футзал бўйича Ўзбекистон, Япония ҳамда Эрон миллий терма жамоалари жаҳон чемпионати баҳсларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. Ироқ, Ливан, Таиланд ва Вьетнам вакиллари эса мундиалнинг қолган 2 йўлланмаси учун плей-офф турнирида ўзаро баҳс олиб бориши белгиланди.
Жаҳон чемпионатида мезбон Литвани ҳам қўшиб ҳисоблаганда 25 та терма жамоа қатнашади. Бу рақамлар минтақаларга қуйидагича бўлинган:
ОФК 5та жой: Эрон, Япония, Ўзбекистон. Ва яна саралашдан иккита терма чиқади.
КОНМEБОЛ. 4та жой: Бразилия, Аргентина, Парагвай, Венесуэла
ОФК (Океания). 1 та жой: Соломон ороллари
УЕФА. 6та жой: Россия, Португалия, Испания, Қозоғистон, Чехия, Сербия
КАФ. 3та жой: Ангола, Миср, Марокаш.
КОНКАКАФ 4 та жой. Бу минтақада ҳали саралаш ўйинлари ўтказилмаган.
Литвада ўтадиган мазкур жаҳон чемпионати тартиб бўйича тўққизинчиси ҳисобланади. 1989 йилда старт олган кичик мундиалнинг сўнгги – саккизинчи мавсуми 2016 йили Колумбияда ташкил этилган. Ва бу галгиси ўзбекистонликларнинг илк иштироки сифатида ҳам ёдимизда қолди. Саккизта чемпионатнинг энг кўп чемпионилиги Бразилия термасига насиб этган – 5 маротаба. Испания термаси икки марта бош соврин соҳиби бўлган, Колумбиядаги жаҳон чемпионатининг олтин медалини эса илк бор Аргентина термаси қўлга киритган. Яна бир қизиқ томони, Колумбияда Бразилия термаси илк бор совринсиз қолган.
Умид қиламизки, Баҳодир Аҳмедов устозлигидаги терма жамоамиз жаҳон чемпионатидаги кетма-кет иккинчи иштирокида мухлисларини хурсанд этишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter