WBO рейтингида янги ўзбек боксчиси пайдо бўлди
Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBО) март ойи учун янгиланган рейтингни эълон қилди.
Қайд этилишича, Муроджон Аҳмадалиевнинг вазнида яна бир ҳамюртимиз пайдо бўлган. Бухоролик Муҳаммад Шехов рейтингда 7-ўринда қайд этилган. Ўтган ойда 7-поғонада бўлган Аҳмадалиев эса 6-ўринга кўтарилиб олди.
Муҳаммад Шехов барча жангларини Россия Федерациясида ташкил этилган проф бокс турнирларида ўтказган. Ҳисобида 14 ғалаба (4 нокаут) ва 1 дуранг бор. Сўнгги жангини ўтган йилнинг 16 декабрь куни Москвада колумбиялик Леонардо Карриллога қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган. Бу Леонардонинг фаолиятидаги илк мағлубияти бўлганди. WBO Топ-15 рейтингида унинг туғилган жойи Бухоро, давлати Uzbekistan деб кўрсатилган.
Элиминатор жангида ғалаба қозонган Шаҳрам Ғиёсов эса яримўрта вазн тоифаси WBO рейтингида 2-ўринга кўтарилиб олди. У ўтган ойда рейтингнинг 3-поғонасидан жой олганди. Айни пайтда ушбу вазн чемпиони америкалик Теренс Кроуфорд бўлиб турибди. Рейтингнинг биринчи поғонасида NABO камари соҳиби, америкалик Жиовани Сантильян бормоқда.
Қолган боксчиларимиз ўтган ой рейтингидаги ўз ўринларини сақлаб қолишган.
Рейтингдан 7 нафар боксчимиз жой олган:
Ҳасанбой Дўсматов (биринчи ўта енгил вазн (48,8 кг): 6-ўринда қолди;
Олимжон Назаров (ўта енгил вазн тоифаси - 50,8 кг) ўтган ойдаги каби 5-ўринда қолди;
Муроджон Аҳмадалиев (биринчи ярим енгил вазн тоифаси - 55,3 кг) 7-поғонадан 6-ўринга кўтарилди;
Муҳаммад Шехов (биринчи ярим енгил вазн тоифаси - 55,3 кг) 7-ўрин;
Шаҳрам Ғиёсов (яримўрта вазн тоифаси - 66,6 кг) бир поғона юқорилаб, 2-ўринга жойлашди;
Бектемир Мелиқўзиев (суперўрта вазн - 76,2 кг) ўтган ойдагидек 7-поғонада;
Баҳодир Жалолов (супероғир вазн - 90,7 кг) ўтган ойдаги сингари 15-ўринда қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter