Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вазирлик жамоаси Равшан Эрматовнинг ўйини эвазига ғолиб чиқди

Вазирлик жамоаси Равшан Эрматовнинг ўйини эвазига ғолиб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5368-сонли Фармонида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг асосий вазифаларидан бири этиб жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш белгиланган.

Айни пайтда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга вазирлик жамоаси соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан чекланиб қолмасдан ўзлари ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишга ҳаракат қилишяпти.

Шу мақсадда кеча Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли сунъий қопламали майдонда футбол бўйича ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда «ЎзАтом» агентлиги жамоалари ўзаро куч синашди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсда аввалига вазирлик жамоаси 3-0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ, кейинчалик «ЎзАтом» агентлиги ходимлари мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг саъй-ҳаракатлари билан вазирлик жамоаси яна ташаббусни ўз қўлига олди ва якунда 6:3 ҳисоби билан ғалабага эришди.

Муҳими бу эмас, энг асосийси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари мамлакатимиз аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш асносида ўзлари ҳам бу жараёнда фаол бўлишга интилишмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг