Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Уюшмаган ёшлар», ким у? Вазир ўринбосари бу иборадан воз кечишни таклиф қилди

«Уюшмаган ёшлар», ким у? Вазир ўринбосари бу иборадан воз кечишни таклиф қилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари «Миллий» стадионида ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда вазир ўринбосари Элбек Шукуров ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

— Ҳозир «уюшмаган ёшлар» деган ибора бор. Менга қолса ёшларга нисбатан бошқача тариф ишлатган бўлардим. Сиз ҳозир келажак остонасида турибсиз. Ҳар бир инсон шу даврдан ўтади. Ўз келажагини қуриш йўлида изланаётган, ҳаракат қилаётган ва интилаётган ёшларни «уюшмаган», деб бўлмайди.

Мен яқинда Финляндия таълим тизимини ўрганиб чиқдим ва ўқиш асносида Исландиянинг яқин тарихига ҳам ўтиб кетдим. Шунда қизиқ ҳолатга кўзим тушди. Маълум бўлишича, 1992-94 йилларда 12 ёшли болаларнинг 85 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилар экан. Тасаввур қиляпсизми? Ўн икки ёшли бола алкогол ичганини ҳеч кўрганмисиз? Майли, пивога ўхшаш енгил ичимлик бўлсин, аммо барибир гўдак болаларнинг спиртли ичимликка ружу қўйиши даҳшатку!

Исландия мана шу иллатдан қутулиш учун таълим ва спортга эътиборни кучайтирди. Натижада орадан 20 йил ўтиб энг соғлом миллатга айланди. Ҳаммамиз ҳам футболга қизиқамиз ва Исландия терма жамоаси қанақа шов-шув кўтарганидан ҳам хабардормиз.

Статистика бўйича спортга сарфланган 1 евро маблағ давлатга 7 евро фойда олиб келаркан. Қандай қилиб дейсизми? Соғлом одамга касал тегмайди ва иш унумдорлиги юқори бўлади. Унинг бахтлилик индекси юқори бўлади. Бундай одамлар яшайдиган мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам катта бўлади, — деди Элбек Шукуров.

Тадбир давомида ёшларнинг бир қатор муаммолари ҳал этилиб, саволларига жавоб берилди. Таъкидлаш жоиз, вазир ўринбосарининг турли хил расмий иборалардан воз кечиб, ноанъанавий, самимий йўсинда суҳбат олиб боргани ёшларга ҳам ўз фикрларини дадил билдириш имконини берди.

Шундай суҳбатлар кўпроқ ўтказилса, ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўларди. Шубҳасиз...

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг