«Тоттенхэм» коронавирус қурбони бўлди
Англиянинг «Тоттенхэм» жамоаси футболчиларида коронавирус инфекцияси аниқлангани учун Европа конференциялар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги туридаги «Тоттенхэм» ва «Ренн» учрашуви номаълум муддатга қолдирилганди.
УЕФА вақт камлиги боис ушбу ўйинни бекор қилиб қўя қолди. Бу ҳолатда регламентга кўра, «Тоттенхэм»га техник мағлубият ёзилади ва клуб еврокубоклардаги юришини тугатишга мажбур бўлади.
«Афсуски, ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, иккала жамоага ҳам ёқадиган қарорни топа олмадик. Энди учрашувнинг натижасини УЕФА интизом қўмитаси ҳал қилади», дейилади ташкилот хабарида.
Ўйин 9 декабрда бўлиб ўтиши керак эди. Аммо «Тоттенхэм»нинг 8 футболчиси ва 5 та ходимида коронавирус инфекцияси аниқлангани учун қолдирилганди.
Конференциялар лигасида «Тоттенхэм» 7 очко билан 3-ўринда эди. Биринчи ўринда «Ренн» (11 очко), иккинчи ўринда эса «Витесс» (10 очко) жамоалари ўрин олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter