Роналду ўйиндан сўнг ўзини тутиб туролмади ва...
Англия чемпионатининг 32-турида «Манчестер Юнайтед» жамоаси «Эвертон» меҳмон бўлган ва кичик ҳисобда ютқазган ўйиндан кейин ҳужумчи Криштиану Роналду ўз ҳиссиётларини жиловлай олмаган.
У кийиниш хонасига йўл олган пайтда мухлислардан бири уни ўз телефони орқали тасвирга олаётган бўлган. Шунда футболчи жаҳлини бошқаролмай, мухлиснинг қўлига уриб, телефонини синдириб юборган. Кейинчалик аниқланишича, у мухлис аутизм касаллигига чалинган 14 ёшли болакай эди.
Маълум бўлишича, боланинг исми Жей Хардинг, у стадионга онаси билан борган ва умрида биринчи марта ўйинга тушган. Онасининг айтишича, улар кийиниш хонасига кириб кетадиган тоннел яқинида бўлишган ва шунинг учун бола ўз кумирини суратга ола бошлаган.
«У телефонини пастроқ қўйди, чунки Роналду гетрасини тушириш учун эгилганди, оёғи қонаётган эди. Ўғлим телефонни яқинроқ тутди. Роналду жаҳл билан ўрнидан туриб, ўғлимнинг қўлига уриб, индамай ичкари кириб кетди», деб гапириб берган боланинг онаси.
Бола аутизм ва диспраксия касаллигига чалинган бўлиб, Роналдуни кўриш учун ушбу ўйинга боргани айтилган. Полиция ҳолатни ўрганишни бошлаган.
Кейинроқ Криштиану узр сўраб чиққан: «Оғир дамларда ҳиссиётларни бошқариш осонмас. Лекин ўйинимизни ёқтирадиган ёшларга нисбатан ҳурматда, сабрли ва намуна бўлишимиз керак. Мен ўз қилмишим учун кечирим сўрайман», деган Роналду.
Футболчи адолат қарор топиши ва спорт принципларига амал қилган ҳолда болакайни «Олд Траффорд»га таклиф қилган. Клуб маъмурияти Роналду узр сўраб чиққач, уни жазолашдан бош тортган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter