Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қор жанги»да Ўзбекистон чемпион бўлди

«Қор жанги»да Ўзбекистон чемпион бўлди

Фото: www.the-uff.com

Хитойда бўлиб ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди. Финалда Ўзбекистон олимпиячилари вьетнамлик тенгдошлари устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпионлигига сазовор бўлди.

Учрашувнинг 8-дақиқасида Рустам Ашурматов бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди.

Биринчи бўлим якунида эса Вьетнам футболчилари жарима зарбасини қойилмақом тарзда йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Қолган дақиқаларда эса дарвозалар бошқа ишғол этилмади ва ғолибни аниқлаш экстра-таймларга қолди.

Қўшимча таймларда бош мураббий Равшан Ҳайдаров катта таваккалга қўл урди. У аввалига ҳимоячи ўрнига Бобур Адбухолиқовни, кейин эса ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов ўрнига яна бир ҳужумчи Андрей Сидоровни туширди. Бу таваккал ўзини оқлади ва айнан Сидоров 119-дақиқада дарвозани аниқ нишонга олиб, Ўзбекистон терма жамоасини Осиё чемпионига айлантирди.

Ушбу тарихий ғалаба билан барча юртдошларимизни муборакбод этамиз. Ўзбекистон — Осиё чемпиони!

U-23. Осиё чемпионати. Финал.
Вьетнам - Ўзбекистон 1:2
Гол: Р.Ашурматов, 8, А.Сидоров, 119 - Нгуень Хай, 41

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг