Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимпия ўйинларидаги шов-шувли 7та воқеа

Олимпия ўйинларидаги шов-шувли 7та воқеа

XXXII Ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. 23 июлдан 8 августга қадар дунёнинг назари Токиога қаратилади.

Спорт бу – баҳс, янги рекордлар, аламли мағлубиятлар ва албатта шов-шувли воқеалар. Эътиборингизга XIX-XXI асрлардаги Олимпиадаларда катта шов-шувларга сабаб бўлган 7 та воқеа тақдим этилмоқда.

  1. Париж, 1900 йил. Каптарларни отиш

1900 йилги Олимпия ўйинларига мусобақа ташкилотчилари янги спорт турини киритди. Каптарларни отиш мусобақаси матбуотда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Аммо шунга қарамай, ушбу «спорт» тури 1908 йилга қадар Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган. Охири ташкилотчилар қушларни тирик мўлжал сифатида ишлатишга чек қўйишди.

  1. АҚШ, 1904 йил. Қоида бузган марафончилар

 

100 йил олдинги Олимпия ўйинларида спортчилар томонидан қоидаларни бузиш ҳолатлари тез–тез учраб турган. Бу борада марафончилар етакчилик қилган. Америкалик Фредерик Лорзнинг оёғи томири баҳс бошида тортишади. Буни кўрган спортчининг меҳрибон мухлиси уни ўз автомобилида финишга 8 км. қолгунга қадар элтиб қўяди. Рақибларидан анча ўзиб кетган Фредерик финишга етиб келгач, ғалабасини нишонлашни бошлаб юборади.

Аммо кузатувчи етиб келгач, Лорзнинг кирдикорлари фош бўлади. У ўйинлардан четлатилади. Унинг ўрнига эса олтин медал Томас Хиксга топширилади. Аммо у ҳам югуриш пайтида икки марта доппинг қабул қилган экан. 

  1. Стокгольм, 1912 йил. Олтин медал «ранглилар»га эмас

1912 йилги Олимпия ўйинларида олтин медаллар соф олтиндан қуйилган экан, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас.

АҚШнинг ҳинду миллатига мансуб спортчиси Жим Торп Стокгольмдаги мусобақада иккита олтин медални қўлга киритиб, ҳақиқий юлдузга айланди.

Аммо Олимпия қўмитаси уни «профессионал» спортчилиги учун ўйинлардан четлаштирди. Регламентга кўра, турнирда фақат ҳаваскорлар қатнашиши керак экан.

Қўмита спортчинининг барча медалларини тортиб олиб қўяди, аммо матбуот қўмитани ирқчиликда айблай бошлайди. Шунга қарамай, Жим Торпнинг номи 60 йилдан сўнг қайта тикланади.

  1. Амстердам, 1928 йил. Аёлларга қатнашиш тақиқланади

Спорт оламида гендер тенгсизлик йўқ. Хотин-қизлар бемалол футбол ўйнаши, камондан ўқ отиши мумкин. Аммо 1928 йилга қадар Олимпиадада узоқ масофаларга югуришда аёллар қатнашиши тақиқлаб қўйилган.

Амстердамдаги ўйинларда аёлларга 800 метрга югуриш мусобақасида қатнашишга расман рухсат берилди. Бутун дунё ОАВ  спорт аёллар саломатлигига путур етказишни баҳона қилиб, бу қарорга ўз  қаршилигини кўрсатишни бошлайди.

1960 йилга қадар аёллар спортнинг қатор енгил атлетика турларидан четлатилган. 

  1. Мюнхен, 1972 йил. Энг қонли Олимпиада

1972 йил Германия ўтмишдаги хатолигини ювмоқчи бўлдию, буни эплолмади. Мюнхендаги Олимпия шаҳарчаси очиқ эшиклар ҳудудига айланди. Спортчиларнинг хавфсизлиги яхши таъминланмагани учун 1972 йилги ўйинлар тарихда қонли Олимпиада номи билан муҳрланди.

Исроиллик спортчилар жойлашган хонага фаластинлик террорчилар кириб, у ердаги 11 нафар спортчини гаровга олади. Улар Исроилда қамоққа олинган арабларни озод этиш эвазига спортчиларни қўйиб юбориш талабини қўяди.

Спортчиларни озод этиш операциясида уларнинг барчаси ўлдирилади.

  1. Пекин, 2008 йил. Ҳакамнинг калтакланиши. Ўша машҳур мем

Тажрибали ҳакамлар спортчини мусобақа пайтида чалғитиш яхши ғоя эмаслигини яхши билади. Жаҳли чиққан спортчи ўзини бошқара олмайди.

Мусобақа пайтида ҳакам кубалик таэквондочи Анхела Володиа Матосни «тиббий пауза»ни чўзишда айблаб, уни матдан четлаштирди. Спортчи реферига нотўғри қарор чиқазаётганини тушунтирмоқчи бўлади. Аммо ҳакам уни эшитишни истамайди, шундан сўнг оёқ билан айланма зарба бериш билан танилган кубалик спортчи ҳакамни ўзининг «қироллик» зарбаси билан «сийлайди».

Ҳакамнинг лаби ёрилади, Матос эса бир умрга профессионал спортдан четлаштирилади.

  1. Рио, 2016 йил. Ҳакамлар қароридан норози монголиялик мураббийлар.

Ҳаммани ёдида бўлса керак-а ўша ҳолат? 2016 йилги Риодаги Олимпиадада эркин курашнинг бронза медали учун баҳсда монголиялик Чаньядор Ганзориг ҳамда ўзбекистонлик Ихтиёр Наврўзов матга кўтарилади. 10 сония қолганда монголиялик спортчи вақтни чўзиб, ғалабасини нишонлашни бошлайди.

Аммо ўзбекистонлик спортчининг мураббийлари ҳакамлик штабига монголиялик спортчи атайин вақтни чўзди, деб апелляция беради.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг талаби қондирилади. Якуний ҳисоб 7:7. Охирги бал Ихтиёр томонидан олинганлиги учун у ғолиб деб эълон қилинади.

Ҳакамлар қароридан норози монголиялик мураббий ўз кийимиларини ечишни бошлайди. Мураббийлар 3 йилга спортдан четлаштирилади.

Кейинчалик Халқаро кураш федерацияси томонидан монголиялик спортчи $50 мингга жаримага тортилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг