Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нивалдо нима учун «Қўқон-1912» дарвозабонига калла қўйганини айтди (видео)

Нивалдо нима учун «Қўқон-1912» дарвозабонига калла қўйганини айтди (видео)

Фото: «Локомотив» клуби расмий сайти

Суперлига 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйинида мезбонлар ҳужумчиси Нивалдо ва қўқонликлар дарвозабони Ўткир Юсупов ўртасида келишмовчилик келиб чиққан эди.

Бразилиялик ҳужумчи учрашувнинг 89-дақиқасида майдондан четлатилди. Аммо Нивалдо майдондан чиқиб кетиш олдидан қўқонликлар дарвозабони Ўткир Юсуповга боши билан зарба берди. ЎФА бу борада қарор қабул қилди ва ҳужумчини бешта ўйинга четлатиб, 25 миллион жарима белгилади.

«Uff.uz» нашри бўлиб ўтган воқеа юзасидан Нивалдо билан боғланди ва унинг фикрини ўрганди.

«Мен футболчилик фаолиятим давомида ҳали ҳеч қачон бундай ирқий камситишга учрамаган эдим. Учрашув давомида рақиб футболчиси («Қўқон-1912» клубининг сербиялик ҳимоячиси Марко Милич назарда тутилмоқда — «Uff.uz» изоҳи) мени ҳақорат қилиб борди. Охир-оқибат ўзимни тутиб тура олмадим ва унга жавоб қайтариб, қизил карточка олдим.

Шундан сўнг рақиб дарвозабони ҳам менга ҳақоратли муносабатда бўлди. Бу сафар ҳам ўзимни тутиб тура олмадим ва унга нисбатан ҳам куч ишлатдим. Тўғри, бу менинг айбим. Ўзимни босиб олишим керак эди. Аммо очиғини айтсам, фаолиятимда биринчи марта шундай ҳолатга тушяпман. Бунга қадар ҳеч қачон бундай ҳақоратларни эшитмаганман», - дейди Нивалдо.

«Uff.uz»га маълум қилинишича, бразилиялик ҳужумчи ўйиндан сўнг ЎФА номига шикоят хати ёзган ва унда «Қўқон-1912» ҳимоячиси Марко Милич ва дарвозабон Ўткир Юсупов томонидан ирқий камситишларга йўл қўйилгани айтилган. Нивалдо ЎФА томонидан тегишли чора кўрилмаган тақдирда ФИФАга мурожаат қилишини ҳам билдирган.

Хабарда айтилишича, «Локомотив» - «Қўқон-1912» (1:1) ўйинини бошқариб борган ҳакам Валентин Коваленко ўйин ҳисоботида Нивалдога нисбатан бўлган ҳақоратларни қайд этмаган. Бу вазият юзасидан ЎФА қандай қарор қабул қилиши ҳозирча маълум эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг