Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Mobiuz ёшларни профессионал спортга қадам қўйишда қўллаб-қувватламоқда

Mobiuz ёшларни профессионал спортга қадам қўйишда қўллаб-қувватламоқда

Мобил оператор «Olympic Mobiuz» футбол клубининг Бош ҳомийсига айланди. Ушбу клуб негизида 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик олиб борилмоқда.

«О, спорт! Сен тараққиётсан! Сиз табиатнинг энг гўзал ижоди бўлмиш инсоннинг камолотига ҳисса қўшасан», деб 1912 йилда ёзган эди замонавий Олимпия ўйинлари асосчиси Пьер де Кубертен. Спорт саломатликни мустаҳкамлайди, характерни ривожлантиради, инсонни кучли ва чидамли қилади.

Айниқса, спорт ва жисмоний тарбияга меҳр-муҳаббатни ўсиб келаётган ёш авлодда шакллантириш катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам ана шу мақсадни амалга оширишга қаратилган.

Mobiuz мобил оператори олимпия спорт турларини ривожлантириш, малакали спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатида фаол иштирок этмоқда. Mobiuz Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда «Olympic Mobiuz» футбол клубига бош ҳомийлик кўрсатиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

«Olympic Mobiuz» Миллий Олимпия қўмитаси қошида ташкил этилган футбол жамоаси бўлиб, жорий йилда Ўзбекистон Про-лигасида дебют қилди. Унинг таркибида 2005-2007 йилларда туғилган футболчилар ўйнайди. Жамоа негизида олимпия терма жамоасини шакллантириш учун футболчилар тарбияланади. Бундан ташқари, «Olympic Mobiuz»нинг 11 нафар футболчилари U20 ёшлар терма жамоасига киритилган.

«Olympic Mobiuz»нинг мақсади нафақат Про-лигада фаол иштирок этиш ва кейинги мавсумларда Ўзбекистон Суперлигасига чиқиш, балки футболчиларни 2028 йилда Лос-Анжелесда (АҚШ) бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига тайёрлашдир.

«Футбол – Ўзбекистонда энг оммабоп ва кенг тарқалган спорт турларидан бири. Биз ёшларнинг камол топиши ва янги марраларни забт этиши, мамлакатимизда ёш истеъдодларни кашф этиш, Ўзбекистонни халқаро майдонда намоён этиш учун профессионал спортчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлганимиздан жуда хурсандмиз. Умид қиламизки, ҳомийлик ёрдами туфайли «Olympic Mobiuz» ва у тарбиялаётган футболчилар шон-шуҳрат Олимпига етиб боради», деди лойиҳа раҳбари, Mobiuz мобил оператори матбуот котиби Сардор Тожиев.

«Биз Ўзбекистондаги етакчи уяли алоқа операторларидан бири Mobiuz билан узоқ муддатли ҳамкорликни бошлаганимиздан мамнунмиз. Корхона томонидан кўрсатилаётган моддий-техник таъминот ёшларнинг салоҳиятини максимал даражада намоён қилишга туртки бўлиб, катта масъулият юклайди. Умид қиламанки, клубимиз иқтидорли футболчиларга спорт фаолиятида трамплин бўлиб қолади», — дейди «Olympic Mobiuz» футбол клуби директори Жамол Йўлдошев.

«Olympic Mobiuz»нинг уй стадиони Тошкентдаги «JAR» спорт-соғломлаштириш мажмуаси ҳисобланади. Жамоанинг уй ва меҳмон либослари Mobiuz корпоратив рангларида – мос равишда қизил ва оқ рангда тайёрланган.

«Olympic Mobiuz» жамоаси фаолиятини клубнинг Telegram-каналида кузатиб боришингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг