Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Милан девори – Малдини»нинг буюк фаолият хотираси

«Милан девори – Малдини»нинг буюк фаолият хотираси

Паоло Малдини – футбол тарихидаги энг кучли ҳимоячилардан бири, бутун фаолиятини «Милан»га бағишлаган афсона. У нафақат майдондаги ўйини, балки содиқлиги, етакчилиги ва хотиржамлиги билан ҳам эътироф этилади. Бугун «II Capitano» лақаби билан танилган ўтмиш афсонамизнинг фаолиятига назар ташлаб ўтамиз.

Ҳаёти

Малдини 1968 йил 26 июнь санасида Милан шаҳрида машҳур футболчи Чезаре Малдини оиласида дунёга келган. Отаси ортидан кичик Малдини ҳам болаликдан футбол билан шуғулланиб, 10 ёшида «рассонери» мактабида таҳсил ола бошлайди.

Паоло профессионал футболдаги дебютини 1984-85 йилги мавсумда бошлайди. Дастлабки ўйини 1985 йилнинг 20 январида «Удинезе»га қарши бўлади. Она шаҳри жамоасига содиқ қолган футболчи «Милан» таркибида 2009 йилга қадар тўп тепиб, барча мусобақаларда жами 902 та баҳсда майдонга тушиб 33 бор рақиблари посбонини ранжитган. 1997 йилдан то фаолияти сўнгига қадар жамоада сардор бўлади.

Терма жамоадаги фаолияти

19 ёшида терма жамоага чақирилган футболчининг илк ўйини 1988 йилнинг 31 март санасида Югаславияга қарши бўлади ва учрашув 1:1 ҳисобида якунланади. Терма жамоада 14 йил давомида 126 та баҳсда майдонга тушган ҳимоячи 2002 йилги мундиалдан сўнг «кўклар» сафидаги фаолияти якунланганини эълон қилади. Клубдаги сардорликдан сўнг терма жамоада ҳам сардор бўлган кичик Малдини «Скуадра Адзурра» таркибида 7 та гол киритган.

Эришган ютуқлари

  • Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби: 1989, 1990, 1994, 2003, 2007.
  • Италия А Серияси ғолиби: 1988, 1992, 1993, 1994, 1996, 1999, 2004.
  • Италия кубоги ғолиби: 2003
  • УЕФА Суперкубоги ғолиби: 1989, 1990, 1994, 2003.
  • Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби: 1989, 1990.
  • Италия Суперкубоги ғолиби: 1988, 1992, 1993, 1994, 2004.
  • Ундан ташқари Жаҳон чемпионати финалчиси: 1994.
  • Европа чемпионати финалчиси: 2000.

Шахсий ютуқлари

  1. 1978 йилда «Guerin Sportivo» журнали томонидан ҳар йили 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчига бериладиган «Bravo» мукофотининг 1989 йилги ғолиби.
  2. «World soccer» журнали томонидан ҳар йили ўтказиладиган «Дунёда йилнинг энг яхши футболчиси» мукофотини қўлга киритган биринчи ҳимоячи.
  3. УЕФА йилнинг энг яхши ҳимоячиси: 2007
  4. «Golden Foot» мукофоти совриндори: 2012 (афсонавий футболчилар учун бериладиган мукофот)
  5. А Сериянинг энг яхши ҳимоячиси: 2004.

Ўрнатган рекордлари

  1. УЕФА мусобақалари тарихида энг кўп финалда ўйнаган футболчи: 8 марта.
  2. Жаҳон чемпионатларида энг кўп дақиқа ҳаракат қилган футболчи: 2217 дақиқа.
  3. Чемпионлар Лигаси финалида энг тезкор гол муаллифи: 2005 йил, 51 сония.
  4. «Милан» сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи: 902.

Қизиқ факт

Малдини фаолиятини тугатгандан сўнг, клуб унга содиқлиги учун ҳурмат маъносида унинг рақами бўлган 3-рақамни абадий музлатган. Аммо келажакда Паолонинг ўғли «Милан» сафида ўйнаса, 3-рақамни олиши мумкин, буни Малдинининг ўзи айтиб ўтган.

Фаолиятини тугатгандан кейинги ҳаёти

Тўққиз йиллик танаффусдан сўнг 2018 йили яна жонажон жамоаси «Милан»га қайтади ва спорт директори лавозимида ишлайди. Орадан бир йил ўтиб, техник директор лавозимига кўтарилади. 2023 йилга қадар ушбу лавозимда фаолият юритган Малдини клуб эгалари билан келишмовчилик сабабли жамоадан кетган. Унинг даврида «рассонери» 11 йиллик танаффусдан сўнг А Серия ғолиби бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг