Кассада йўқ, лекин «қўл»да нархи осмон: стадион кассасидаги ажиотаж (видео)
Бугун «Бунёдкор» стадиони кассаларида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги финали учун чипталар сотувга чиқарилиши айтилганди. Чипта нархлари 25, 50 ва 100 минг сўм деб эълон қилинган.
Бироқ соат 18:00 бўляпти ҳамки, кассага ҳамон чипталар чиқарилмаган, бир неча юзлаб мухлислар чипта сотиб олиш умидида стадион атрофига тўпланган. Вазиятни ўрганиш учун Xabar.uz воқеа жойига етиб борди.
Ҳақиқатанам ҳам стадион кассаси олдида кўплаб одамлар йиғилган, барчаси касса очилишини кутмоқда. Табиийки, чипта ҳам ҳали сотувга чиқарилмаган. Лекин «қўл»да чипта сотиб юришибди, нархи бир неча баравар осмонга учган.
«25 минг сўм деб ёзилган чиптани 100 минг сўмга сотиб олдим. Ҳозир бунинг нархи 150 мингга чиқди. Яна ошиши кутиляпти. Бу энг арзони ҳали», дейди навбатда турган мухлислардан бири.
Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот котиби Даврон Файзиевнинг маълум қилишича, барча чипталар онлайн сотувга чиқарилади, фақат қачонлиги номаълум.
«Чипталар тўлиқ сотувга чиқарилади ва ўзимиз ҳам оила аъзоларимиз учун фақат онлайн харид қиламиз. Финал чипталарининг барчасини мухлислар учун онлайн сотувга чиқаришга қарор қилинган. Афсуски менда ҳам, ЎФАга алоқадор бошқаларда ҳам тақдим этиладиган билет йўқ», деб ёзган Файзиев.
Лекин ҳали виртуал ё реал чипталар йўқлиги айтилаётган бўлса-да, «қора бозор»да аллақачон қимматлаб улгурди. Кассада йўқ чипта қандай қилиб «қўл»га чиқиб кетганини расмийлар қай тариқа изоҳлаши ҳозирча бизга ҳам қоронғи.
— Билет қанча? — сўроққа тутдик олибсотарлардан бирини.
— 150 минг сўм.
— Намунча қиммат? Сохтамасми ишқилиб?
— Йўғ-е, ака, худодан қўрқамиз.
— Касса ёпиғу, қаердан олдинглар?
— Биз вақтлироқ келиб олиб қўйгандик, — дедию дарров кўздан ғойиб бўлди.
Вақтлироқ қаердан олган: кассаданми ё бошқа бировданми, буниси номаълум. Бир нарса аниқ, касса ҳали очилганича йўқ.
Балки Даврон Файзиев ҳам оила аъзолари учун чипталарни «қўл»дан бир неча баравар қимматга сотиб олар...
Қуйидаги видеода воқеа жойидаги тўс-тўполонни кўришингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter