Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Шафқатсиз» жанг ортидан Америкада тўрт карра Ўзбекистон байроғини кўтарган бухоролик ҳунарманд

«Шафқатсиз» жанг ортидан Америкада тўрт карра Ўзбекистон байроғини кўтарган бухоролик ҳунарманд

Жамшид Ҳайитов, 1987 йилда Бухоро шаҳрининг Моҳи-Хоса маҳалласида ҳунарманд оиласида туғилган. У каштачилик амалий санъати, заргарлик, чеканкачилик ва нақш ўймакорлиги, пичоқчилик ҳунарларининг устаси.

Мактаб ва коллежда таҳсил олган кезларида спортнинг эркин кураш тури билан ҳам шуғулланган.  Ўзбекистон чемпиони ва спорт усталигига ном­зод Жамшид 15-16 ёшидаёқ эркин кураш, дзю-до сирларини ҳам ўзлашти­риб олган. Бухоро Олимпия захиралари спорт билимгоҳида таҳсил олиб, тажрибали спорт мураббийси Митхат Гарифулиндан кураш са­боқларини ўрганган.

Эътиборлиси, Жамшид 2017 йилдан буён Амери­када ҳунармандчилик дўконини очиб, шу давлатда яшаб, ишлаб келмоқда. У submission (греплинг) мусобақаларида ғолибликка эришиб, қўшма штатларда тўрт карра Ўзбекистон байроғини кўтарган.

«Ҳеч иккиланмай айта оламанки, бу ерда ортингдан ҳеч кимингсиз, меҳнат ва ҳаракатинг билан 40 йилда эриша олмаган мақсадларга 4-5 йилда эришиш мумкин. Бугун Америкада жанг ва ҳунармандчилигим орқасидан топганларим эвазига Қўшма Штатларда ҳовли-жойим, бир нечта автомашиналарим бор...»

«Мен туғилиб ўсган ҳовли шундоқ Моҳи-Хоса музейи билан ёнма-ён.  Болалигимдан шу музейнинг чиройи, деворларидаги нақшинкор безаклари мени ўзига мафтун қилиб келган. «Қанийди, менам шундай нақшлар чиза олсам» деган ҳавас билан музейдан бери келмаганман.

Отам Ражаббой аканинг айтишларича, 7 ёшимда музей деворларидаги нақшлар аксини қоғозга туширган эканман. Ўша пайтда чизган расмларимда айқаш-уйқаш, бири-бирига чапланиб кетган ноаниқ нақшлар акс этганини ўзим ҳам элас-элас эслайман. Бора-бора, музей деворларидаги нақшинкор безаклар нусхасини худди ўзидек қоғозга кўчира олдим. 14 ёшимда гулдаста нақшини чизганман. Онам  Ҳалима ая Шарипова бу расмни кашта сўзанага кўчирди. Ўшанда ҳеч эсимдан чиқмайди, онамнинг маҳоратига ҳайратим ошиб: «Она, нинани менгаям бериб туринг, менам кашта тикиб кўрай»,-деб қўлларига ёпишганман (кулиб). Бармоғимга нина санчилиб кетганди.

Орадан қанча йиллар ўтди. Бу йиллар давомида онамдан каштачилик амалий санъат турини, отамдан пичоқчиликни,  машҳур уста Шавқиддин Камоловдан заргарлик, чеканкачилик ҳамда нақш ўймакорлигини ўзлаштириб олдим. Шундан сўнг аста-секин Бухоро ҳунармандчилик мактабининг истеъдодли вакилларидан бири сифатида эътиборга туша бошлагандим»,— дейди Жамшид.

Оилавий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган Жамшиднинг уй-устахонасида унинг меҳнати ила яратилган сўзана, кирпеч, дорпеч, чойшаб, ойнахалта, чойхалта каби каштадўз матоларни, шунингдек, учбурчак, юлдузча, олтибурчак ва гулдаста нақшли, қолаверса, миллий обидалар тасвири акс этган ўймакорлик буюмларининг нафислиги, гўзаллиги, товланишини кўриб, беихтиёр ҳайратингиз ошади.

Маълумки, каштадўзлик – амалий санъатнинг қадимий соҳаларидан бири. Каштадўзликка хос бадиий буюмлар ўзбек, тожик, туркман хонадонларида тайёрланган. Кашта чоклари, кашта тикиш ва услубларининг турли-туманлиги ўзбек каштадўзларининг санъатидан далолат беради. Бухоро маҳсулотлари кўпроқ йўрма чок билан тикилган.

«Биз каштадўз матолар учун амалий безак санъатининг бошқа турларидаги нақшлардан андаза оламиз. Бу кашталарда ўсимликсимон тасвирлар, шох, гулбанд, гулдасталар кўп учрайди. Наққошлик, заргарлик эса ҳунарманддан ниҳоятда сердиққатлилик, ишга жуда нозик ёндашувни талаб этади. 2017 йилгача шундай эътибор ва диққат билан ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида яратган санъат асарларимни Шанхай, Чехия, Прага, Германия, Америка ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларга олиб бордим», — дейди Жамшид.

Эътиборлиси, у турли мамлакатлардан келган чет элликлар санъат даражасига етказилган буюмларни катта қизиқиш билан харид қилишган. Харидоргир ва сифатли миллий ҳунармандчиликка хос бўлган ҳам шарқий, ҳам ғарбий услублардаги буюмлар турли халқаро кўрик-танловларида ҳам муносиб тақдирланган.

«Ҳунармандчилик буюмларимизнинг асосий харидорлари хорижликлар экани сабабли менда Америкада Бухоро ҳунармандчилигини ўзида намоён этган бир дўкон очиш нияти туғилди. Ва Америкада яшашни мақсад қилдим»,— дейди Жамшид.

«Ўзингиз кўрмаган ва билмаган бундай катта шаҳарда сизни ҳунармандчилик дўконингиз “кутиб” турганмиди» —сўраймиз кулиб суҳбатдошдан.

«Ҳа, тўғри, Американи орзу қилиш бошқа, ундан эплаб яшаб кетиш бошқа экан. Американинг Мичиган штатига келиб қўндим. Ҳеч кимни танимайман. Тил билмайман. Қўлимда фақатгина Бухорога сайёҳ бўлиб келган ва ҳунармандчилигимга қизиққан у-бу сайёҳларнинг ташриф қоғозларигина бор эди. Телефон орқали сўзлашишни билмаганим учун ҳам ташриф қоғоздаги манзил орқали бордим. Улардан бири дўкондор экан. Мени танишди ва хурсанд бўлиб қаршилашди», — дейди Жамшид.

Суҳбатдошга кўра, у 2017 йилда Американинг Мичиган штатида яшаб, ишлай бошлаган. 2018 йил бошида эса у Орегон штатига кўчиб, энг йирик шаҳарларидан бўлган Портленд шаҳрига жойлашган.

«Америкада биринчи ишни шу дўкондорнинг йирик дўкони хизматчилигидан бошлаганман. Кундузлари дўконда ишлаганман, чанг тозалаганман, пол ювганман, савдо ишларигаям қарашганман. Кечқурунлар эса одамларнинг уйида ишлаб, кафеллар терганман, ёғоч ўймакорлигидан ҳам хабарим борлиги учун нақшинкор ёғоч эшик-деразалар тахлаб берганман»,— дейди суҳбатдош.

У мақсадига эришиш учун пол ювиш, чанг артишдан ҳам  қочмагани, меҳнат қилгани ҳақида сўзлайди.

«Меҳнатнинг айби йўқ. Ахир елкамга катта юк, масъулиятни олиб келганман. Боғ-роғларга қараш, гул парваришлашгача ўргандим. Орадан кўп эмас, бор-йўғи, икки-уч ой ўтиб, ўзимнинг кичиккина ҳунармандчилик дўконимга эга бўлдим. Бу орада Бухорода ишлаб юрган уста ҳунарманд жиянимни ҳам ёнимга чақириб олдим. Дўконимизни ўз қўлларимиз билан тўқиган каштадўз матолар ва нақшин лаганлару, ёғоч ўймакорлиги буюмлари билан тўлдирдик.  Спортнинг эркин кураш тури бўйича эришган ютуқларимни кўрсатиб турувчи  қатор диплом ва фахрий ёрлиқларимни ҳам деворларга илдим. Ясаган буюмларимизга чет элликларнинг ҳайрат ва қизиқиш билан қараётганларини, харидорларимиз ошиб кетаётганини кўриб, ичимизга сиғмаганмиз»,—деди суҳбатдош.

Шундай кунларнинг бирида Жамшиднинг Америкадаги ҳунармандчилик дўконига бир харидор келган ва унинг Ўзбекистон спортидаги ютуқларини кўриб, Портленд, Орегон штатида жойлашган Team Quest клубига боришни таклиф қилган.

«Шундан сўнг Team Quest клуби фаолияти мени ўзига жалб эта бошлади. Team Quest клубидаги спорт тури, аниқроғи, жанг ҳат­ти-ҳаракатларидаги чаққонлик ва эпчиллик талабияти ўзимиз­нинг эркин кураш турига яқинроқ туради. Аммо қаттиқўллик, рақибга кучли ва кескин зарба беришда ик­киланмаслик жиҳатлари билан би­роз фарқли. У клубга бордим ва қатнашиш истагим борлигини тушунтирдим. Шунда ушбу спорт тури билан шуғулланишим учун ҳар ой 400 АҚШ доллари тўлашим кераклигини айтишди. Тўловни амалга оширдим. Аввалига менга умуман эътибор қилишмади. Ваҳоланки, жуссам америкаликлар олдида жуда кичик, устига-устак, оддийгина кийинганман. Кўп ишлаганимдан йиртилган шёртик, ранг-бўёқ чапланган эски футболкадаман. Бу аҳволимда менга нописанд қарашганини ҳам яширмайман. Шундай кунларнинг бирида машқлар жараёнида клуб иштирокчилари билан курашаётиб, ўзим англамаган ҳолда ўзимизнинг эркин курашнинг айрим ҳатти-ҳаракатларидан фойдаланибман. Шу чоқ кутилмаганда мураббийнинг ҳуштаги чалинди. Машқлар кескин тўхтатилди. Кўнглимдан: «Эҳ, энди мени ҳайдаб юборади. Бу клубга ёзилишга осонликча эришганмидим», -деган бир оғриқ ўтди. Мураббий мени олдига чақирди. Бу пайтгача эса инглиз тилини анча-мунча ўзлаштириб олгандим. У қайси давлатдан эканимни сўради. «Ўзбекистонликман!»-дедим.  Мураббий елкамга қўлини ташлаб, хурсанд бўлиб, ҳозиргина мен қилган ҳатти-ҳаракат қандай машқ эканига қизиқиб қолганини айтди. Тушунтирдим. Мураббий эса бугундан бошлаб, клуб қатнашчиларига ушбу ҳатти-ҳаракатлардан айримларини ўргатишимни сўради. Қабул қилдим. Ҳаяжонланибми, «Мени ҳайдаб юборасиз, деб қўрқиб кетибман» ҳам дебман. Ўшанда ҳамма кулиб юборганди»,— сўзлайди суҳбатдош кулиб.

Жамшидга эртасигаёқ бу борада тавсия қоғозини беришган. Шу билан у Мичиган штатидан Портленд, Орегон штатига кўчган. Унга Meat Lindlind раҳбар­лигидаги Team Quest клубида менга тажрибали мураббий Peat Hill устозлик қилган.

Асли ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида донгдор бўлган бухоролик Жамшид Ҳайитов Америкада спортнинг submission, яъни греплинг тури билан шуғулланишга киришиб кетгани ва эришган натижалари хусусида сўзлаб берди. Ўзиниг айтишича, у Amerika open Oregon grepling chempionat»да  қатнашган ва Канада, Япония, Тайланд давлат­ларидан келган кураш­гирлар билан жангга чиққан.

«Илк бор, 2018 йилда «Amerika open Oregon grepling chempionat»ида Канада, Япония, Тайланд давлат­ларидан мусобақага келган кураш­гирлар билан жангга чиқдим. 220 паундда (96 килограмм) кетма-кет уч рақибимга зарба бериб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. 2019 йилда Вашинг­тон штатида бўлиб ўтган белла­шувда 195 паунд билан жангга ки­ришган эдим. Кетма-кет ғалабаларим Team Quest клуби раҳбарларини мамнун қила бошлади. Америка спортидаги бир жиҳат эътиборимни тортган. Мен Team Quest клуби номидан жангга чиққан бўлсам-да, ғалабаларим «Ўзбекистон” номи билан қайд этилган. Ишонасизми, мен ҳар гал жангга чиқиб, ғалаба қучганимда таблодан ўз исмимни эмас, давлатимиз байроғини излардим. 50 дан ортиқ давлат байроқлари қатор турган таблодан Ўзбекистон байроғининг мағрур ҳилпираб, бутун бошли таблони эгаллашини кўришнинг ўзи катта бир ҳаяжон. Пандемия даврига қадар уч бор Ўзбекистонимиз байроғи ғалабаларимга гувоҳ бўлди»,— дейди суҳбатдош ғурур билан.

Жамшид Ҳайитовнинг айтишича, у илк рингга чиққанда, қўл телефонини жанг майдони бурчагига қўйиб, бир неча бор ўз курашини ўзи видеога олишига тўғри келган.

«Томошабинларни танимасдим, тўғриси, уларга «кураш чоғида мени суратга олинг», деб сўраб қўйишгаям хижолат бўлганман. Кейинги чиқишларимни эса рақибларимнинг яқинлари суратга олишиб, ўзлари қўл телефонларимга ташлаб беришган. Билсангиз, Америкада қайсидир мураббийнинг ўғли ёки  пул ғолиб бўлмайди. Ҳалоллик устун, ғирромлик йўқ. Уларнинг кўзи ўнгида оддийгина пол ювиб, кафел териб юрган хориж боласи эдим. Сенинг ҳаракатинг борми, кучингни, билимингни кўрсата оласанми, сен ғолибсан!» — дейди Жамшид.

У илк жангдаёқ фахрли биринчи ўринни қўлга киритган. 

«Бу эриш туюлар, аммо ғолибликка қўлим кўтарилиб, давлатимиз байроғи ҳилпираб тушаётганда ўкириб йиғлаб юборгандим... Биласизми, ўшанда нимагадир кўз олдимга болалигим, Мохи-Хосса музейида деворларда нақш чизиб юрган кезларим келиб кетган. Ҳалигача бунинг сабабини тушунолмайман», — дейди суҳбатдош.

«Нега, сабаби аён, назаримизда. Бунга спортдан кўра, ҳунармандчиликка қалбан яқинлигингиз сабабдир, балки»,-деймиз.

«Бўлиши мумкин. Тажрибали мураббийим Peat Hill­дан олган сабоқларим курашнинг submission, яъни греплинг тури бўйича муваффақиятга эриши­шимга сабаб бўлди. Ҳунармандчилик эса ҳар кунимнинг пойдевори. Бир жиҳатдан олганда, мен спортнинг бу жанг турини ҳеч иккиланмай, «шафқатсизлик», деб атайман. Тўғри, бу жанг ҳат­ти-ҳаракатларидаги чаққонлик ва эпчиллик талабияти ўзимиз­нинг эркин кураш турига яқинроқ туради. Аммо қаттиқўллик, рақибга аёвсиз кучли ва кескин зарба беришда ик­киланмаслик жиҳатлари билан мутлақо фарқ қилади. Жанг чоғида тана аъзоларингнинг қаттиқ лат ейиши ёки синиши иккинчи тараф учун қизиқ эмас. Муҳими, ўзингни ҳимоя қила билишинг, шафқатсиз зарбаларга шафқатсиз зарба билан жавоб қайтаришга тайёр туришинг  керак. Жангнинг мақсади шу: ҳар қандай  вазиятдаям ғалабага эришиш. Ҳатто, ҳушдан кетиш ёки ўлим ҳолатлари содир бўлганда ҳам. Спортнинг бу турида иштирокчи шу талабиятни бўйнига олиб чиқади»,— дейди у.

«Албатта, йирик пул тикилиши эвазига»-деймиз.

«Шундай. Жуда йирик пул тикилади. Бу тикилган пул эвазига бир нечта автомашина сотиб олиш мумкин...  Шу боис ҳам бу жангда фақат ҳалоллик устун. Team Quest клубидан ўрганганларим мени ўта қаттиқ зарба­ларга пиширган бўлса, ўзбек мактабида онгимга сингдирилган «курашдаги-ҳалоллик» тушунчаси мени ғалабага бошла­гандек бўлаверади. Ҳунармандчилик эса кўнглимнинг туб-тубигача жон томирларимга уланган»,— дейди у.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра у, 2021 йилда ҳам «Amerika open Oregon grepling chempionat»да мусобақасида қатнашиб, кураш чоғида япониялик рақиби билан олишаётганда иккита қовурғасидан жид­дий жароҳат олган. Бироқ, бор кучини ишга солиб, курашда давом этган. Ғалабалари қаторини ринг майдони таблосини тўртинчи бор Ўзбекистон байроғи тўлдирган.

Жамшиднинг Америкадаги айни пайтдаги турмуш тарзи билан қизиқдик. 

«Ҳеч иккиланмай айта оламанки, бу ерда ортингдан ҳеч кимингсиз, меҳнат ва ҳаракатинг билан 40 йилда эриша олмаган мақсадларга 3-4 йилда эришишинг мумкин. Бугун Америкада жанг ва ҳунармандчилигим орқасидан топганларим эвазига Америкада ҳовли-жойим, бир нечта автомашиналарим бор. Тўғри, кейинги пайтларда дунёда бўлаётган нотинчлик Америка иқтисодигаям жуда қаттиқ таъсир кўрсатаяпти. Нарх-наво кўтарилаяпти. Турли давлатлардан келадиган муҳожирлар оқими кўпайяпти, иш ҳажми эса пасайган. Лекин шунга қарамасдан, ҳаракатдан тўхтаб қолганим йўқ. Чунки ҳамма вақт ҳам олдинга интилиш керак, орқага эмас»,— дейди Жамшид.

У суҳбат чоғида ўтган йил жанг майдонида олган оғир жароҳатининг асорати ҳали уни тарк этмагани, даволанишда давом этаётгани ҳақида ҳам тўхталди.

«Оғриқлиси, қовурғамдаги жароҳат ҳалигача битмаган. Даволанишда давом этиш баробарида, айни пайтда ўзбек миллий таомлари, жумладан, бухороча таом ва пишириқларни ҳам пишириб-сотиб, қўшимча даромад топаяпман. Ҳар ҳафтанинг жума кунида оилавий шароити етарли бўлмаган ўн-ўн беш хонадонда эҳсон улашишни канда қилмайман. Орттирганларим бугун Бухорода яшаб, умргузаронлик қилаётган, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ота-онам, оилам таъминотига ҳам катта ҳисса бўлаяпти. Бундан ташқари, ҳар йилда бир  маротаба юртимни зиёрат қилиб келаман. Худо хоҳласа, Америкага турмуш ўртоғим ва қизимни ҳам ўзим билан бирга олиб кетаман»,— деди суҳбатдош.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг