Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар бирингизни «ойнаи жаҳон» орқали кузатиб бордик — Шавкат Мирзиёев спортчиларни табриклади

Ҳар бирингизни «ойнаи жаҳон» орқали кузатиб бордик — Шавкат Мирзиёев спортчиларни табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини қабул қилди. Президент нутқи давомида Олимпиадада ғолиб чиққан ва совриндор бўлган спортчиларга алоҳида тўхталиб ўтди.

— Барчамиз дунёдаги энг нуфузли ана шу мусобақаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳар бир чиқишини «ойнаи жаҳон» орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик.

Сиз дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ҳам ёрқин саҳифа очдингиз.

Мамлакатимиз жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида – ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади. Бу чиндан ҳам ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир.

Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз.

Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди.

Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограмм́лик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.

Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз.

Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз.

Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз.

Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман. Енгилмас боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга намуна бўлди.

Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди.

Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.

Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти.

Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз, — деди давлат раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг