Ҳабиб ва Конор ўрнига Микки Маус...
Американинг машҳур «Disney» компанияси аралаш жанглар лигаси — UFC ни сотиб олмоқчи. Экспертлар ММА нинг донгдор промоушени мустақиллигини йўқотишидан хавотирда.
«Disney» компанияси спорт лойиҳаларига жиддий қизиқиб қолган. Микки маусчилар аввалроқ «Формула-1», Американинг NASCAR пойгалар серияси ҳамда WWE рестлинг-промоушенига оғиз солиб кўришганди. Бироқ UFC ни қўлга киритиш иштиёқи ҳаммасидан баланд келди, дейилади инсайдерлар маълумотларида.
Айтишларича, 4,2-4,5 млрд доллар атрофидаги битим таклиф этиляпти — UFC учун кутилмаган катта пул. Бир неча йиллар аввалги UFC шунга арзирди, Конор Макгрегор ва Ҳабиб Нурмагомедовдек юлдузларнинг жангларига чипталар қўлма-қўл бўлиб кетарди.
Ҳозирги UFC талашиб-тортишгулик аҳволда эмас, унақа юлдузлар ҳам, миллионлар келитрувчи жанглар ҳам қолмаган. Айниқса, коронавирус пандемияси бошланганидан бери.
Умуман олганда, «Disney»нинг UFC билан ҳамкорлиги янгилик эмас — шу пайтгача трансляция ҳуқуқларини сотиб олган. Ўзига тўқ компания трансляциялар йилдан-йилга қимматлашиб бораётган шароитда биратўла лиганинг ўзини сотиб олишга қарор қилган кўринади. Харид бўлганини оддий томошабин пайқамаслиги ҳам мумкин: ҳар ҳолда октагонга Микки Маусни чиқариб қўйишмаса керак, шунчаки тижорат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter