Футболдаги энг зўр рақамлар ва уларнинг соҳиблари
Замонавий футболда рақамлар муҳим аҳамият касб этади. Улар илк бор 1920-йилларда футболчиларнинг либосидан ўрин олган. Шубҳасиз, худди футболнинг ватани Англия бўлганидек, либослардаги рақамлар ҳам Англияда илк бор вужудга келган. 1928 йилнинг 13 октябрида Лондоннинг икки клуби «Арсенал» ва «Челси» тарихда илк бор 1 дан 11 гача бўлган рақамли футболкаларда майдонга тушишган. Рақамлардан оммавий равишда фойдаланиш ўн йиллардан сўнг бошланган. 1994 йилги жаҳон чемпионатидан бошлаб ҳар бир ўйинчига маълум бир рақамни бириктириб қўйиш қоидаси пайдо бўлди. Гарчи футболчилар ўзлари хоҳлаган рақамларни танлашган бўлса-да, баъзи рақамлар футболчининг майдондаги позициясига қараб белгиланиши анъанаси ҳозиргача сақланиб қолди. Бугун биз сизга футболдаги анъанага айланган рақамлар ва уларнинг тарихи ҳақида маълумот берамиз.
Замонавий футболдаги энг муҳим рақамлардан бири 12 саналади. Кўпгина клублар уни ўзларининг рамзий маънодаги ўн иккинчи ўйинчиси ҳисобланмиш ишқибозларига тақдим этишади. «Бавария», «Зенит», ЦСКА, ПСВ, «Динамо» (Киев) ва бошқа клублар шулар жумласидандир. Баъзан клублар ўз ишқибозларига бошқа рақамларни ҳам бириктириши учраб туради. Масалан, «Рединг» ва «Панатинаикос» клублари ўз ишқибозларига 13, «Ростов» клуби раҳбарияти эса 61 (Ростов вилояти автомобиллари индекси) рақамини лойиқ кўришган. «Ўн иккинчи ўйинчи» атамасининг келиб чиқиши 1922 йилда Америка футболида вужудга келган. Ўшанда жамоалардан бирининг асосий таркибига битта футболчи етишмагач, жамоа мураббийлари ишқибозлардан ёрдам сўраган.
13 рақамини ирим-сиримга ишонадиган одамлар «бахтсиз рақам» дейишади. Баъзи давлатларда кўп қаватли уйларнинг 13-қавати 14-қават деб аталиши ҳам шундан. Футболчилар орасида ҳам шундай иримчилар топилади. Аммо шундай футболчилар борки, 13-рақам билан бутун дунёга танилмоқда. Кўпинча бу рақамни дарвозабонлар олишади. Масалан, Ян Облак! Қачонлардир «Атлетико»нинг иккинчи дарвозабони бўлган бу йигит бугунги кунда дунёнинг энг кучли дарвозабонларидан бирига айланди. «Реал» ва «Барселона»нинг иккинчи дарвозабонлари – Кико Касилья ва Яспер Силлессен ҳам 13-рақам билан ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Бугунги кунда ўша «бахтсиз рақам» Оспина, Куртуа ва бошқа машҳур дарвозабонларнинг либосини безаб турибди. Майдоннинг бошқа нуқталарида ҳаракатланувчи ўз ишининг усталари – Александр Глеб, Алессандро Неста, Герд Мюллер, Томас Мюллерлар ҳам 13-рақамда майдонга тушишган, тушишмоқда.
80 дан 99 гача бўлган рақамларнинг ҳам ўз тарихи бор. Ҳозирги пайтда «90+»лар кўпроқ оммалашмоқда. Кўп ҳолларда бу футболчининг туғилган йили билан боғлиқ бўлади. Масалан, Россия терма жамоасининг бугунги юлдузи Фёдор Смолов 1990 йилда туғилган, унинг «Краснодар»даги рақами ҳам 90. Роналдиньо 1980 йили таваллуд топганлиги сабабли «Милан»да ҳам 80-рақамни танлаган. Тўғри, бу футболдаги энг кўп тарқалган усул деб бўлмайди, аммо бугунги кунда бу принципга тез-тез мурожаат қилинмоқда.
Рақамлар хусусида гап кетганда 8 ни эсдан чиқариш мумкин эмас. Ёзилмаган қоидага кўра бундай рақамни майдон марказида ўйновчи футболчилар танлашади. Футболкасида ана шу рақам акс этган машҳур яримҳимоячилар ҳақида гап кетганда Фрэнк Лэмпард ва Стивен Жерардни тилга олиш мумкин. Андрес Иньеста ҳақида ёзмасак «Барселона» мухлислари хафа бўлишлари турган гап. Одатда айнан ана шундай плеймейкерлар жамоанинг моторига айланишади ва муваффақиятлар ҳам кўпинча уларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлади.
4 ва 5 рақамлари жамоанинг ишонган марказий ҳимоячиларига топширилади. Замонавий футболда Серхио Рамос, Матс Хуммельс, Венсан Компани ва бошқа моҳир ҳимоячилар ана шу рақамларда ўйнашади. Бешинчи рақамда «қизил иблислар»нинг таниқли ҳимоячиси Рио Фердинанд, Германия термасида машҳури жаҳон Франц Беккенбауэр тўп сурган.
17, 77 каби рақамларда тўп сурувчи футболчилар кўпинча 7 рақамининг шайдоси бўлишади. Жамоада 7 нинг доимий хўжайини бўлгач, ноиложликдан 7 рақами аралашган икки хонали рақамларни танлашга мажбур бўлишади. Масалан, Кевин де Брюйне, Олег Шатов каби футболчилар. 17-рақамда «Наполи» сардори Марек Гамшик тўп суради. У жамоага келганида 7-рақамда ўша пайтдаги етакчи Эсекел Лавесси тўп сурар эди. Аргентиналик кетганидан кейин ҳам қайсар Гамшик рақамини ўзгартиришни хоҳламади. «Челси»даги фаолиятини 17-рақамда бошлаган Эден Азарга келсак, у вақт ўтиши билан 10-рақамни маъқул кўрди.
Ўтган асрнинг охирларида машҳур бўлган 11-рақам одатда ҳужум гуруҳидаги футболчига берилади. Кўпинча 7, 10, 9 каби рақамлар банд бўлганида 11-рақам танланади. Энг ёрқин мисол – Гарет Бэйл. Хамеснинг «Бавария»даги ҳолати ҳам шунга ўхшаш. 11-рақамда Александр Кержаков, Анхел ди Мария, Месут Ўзил ва бошқа машҳурлар сўп суради.
9 ҳақиқий марказий ҳужумчиларнинг рақами. Бу рақамда тўп сурган футболчидан фақат гол уриш талаб қилинади. Замонавий футболда Роберт Левандовский, Луис Суарес, Карим Бензема ва бошқалар ана шу рақамда фаолият юритади.
21-асрга келиб 7-рақам жамоанинг энг асосий футболчиси, етакчисининг рақами сифатида танланадиган бўлди. Кўпгина жамоаларнинг сардори ёки асосий ҳужумчиси ана шу рақамда тўп суради. Умуман олганда, бу рақамни машҳур қилган жамоа сифатида «Манчестер Юнайтед» тан олинади.
Бу жамоада Кантона, Бекхэм, Роналду каби юлдузлар еттинчи рақамда тўп сурган. Дарвоқе, жамоа бош мураббийи Алекс Фергюсон 7-рақамни ўз устида ишлашдан тинмаслиги учун ҳам ёш Роналдуга топширишни мақсад қилган экан. Бугунги кунда Роналду «Реал»да, Франк Рибери «Бавария»да, Антуан Гризманн «Атлетико»да ана шу рақамда тўп суради. Бир вақтлар украиналик Андрей Шевченко ҳам «Милан»да 7-рақам эгаси ҳисобланган.
10 ҳамма даврнинг энг зўр рақами ҳисобланган. Унинг эгаси одатда жамоада ўйинни ҳал қилувчи футболчи ҳисобланади. У яхши ўйнаса жамоа ютади, ёмон ўйнаса жамоа қийналади. Мазкур рақам эгаларининг энг машҳурлари аргентиналик икки юлдуз – Диего Марадона ҳамда Лионел Месси ҳисобланади.
Диегонинг бу рақамни танлаши ҳам шунчаки тасодиф эмас. Ахир бу рақамда яна бир футбол юлдузи Пеле тўп сурган. Унинг 10-рақамда ўйнаши эса ҳақиқий тасодиф эди. ФИФА Бразилия терма жамоаси берган рўйхатни тартиб бўйича қўйиб чиққан, холос. Замонавий футболда Лионел Месси, Лука Модрич, Неймар каби футболчилар 10-рақамда тўп суришади.
Футболдаги энг муҳим рақам — 1. Чунки унинг эгаси жароҳат олса, қолганлар ўйинни тўхтатиб, кутиб туришга мажбур бўлади. Жиддий айтадиган бўлсак, одатга кўра ярим жамоа – дарвозабонларгина 1-рақамни ўз либосларига «тикиб олишади».
Бугунги кунда Кейлор Навас, Андре тер Штеген, Мануэл Нойер, Давид де Хеа ва албатта Жанлуижи Буффон каби футбол юлдузлари 1-рақамли дарвозабонлар ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter