Футбол клублари мажбурий тўлов ва солиқлардан озод этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, 2023 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари Давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий тўлов ва барча солиқ турларидан озод этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхат бўйича тасдиқланган футбол бўйича спорт иншоотларининг моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган Ўзбекистонга олиб кириладиган спорт воситалари, махсус профессионал спорт кийимлари ва жиҳозлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, жумладан, махсус транспорт воситалари ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жамоат ташкилоти ва профессионал футбол клублари томонидан жалб қилинадиган жисмоний шахслар — хорижий мутахассисларнинг даромадига солинадиган солиқлар вақтинча бекор қилинади.
Юридик шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадларидан даромад солиғи суммаси Ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ва профессионал футбол клубларига ҳомийлик ҳамда хайрия қилинганда ўн фоиздан ошмаган миқдорда камайтирилади.
Футболчи ва мутахассислар (мураббий, ҳакам, назоратчи), жумладан, хорижий мутахассисларга машғулот ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари пайтда бериладиган овқат пуллари ҳамда мукофотлаш харажатлари жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида киритилмайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабномасига кўра хориждан жалб қилинадиган мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштириш консуллик хизмати ва бошқа йиғимларсиз таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабномасига кўра хориждан жалб қилинаётган мутахассисларга кўп маротабали виза бериш ва узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ва яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтишни узайтириш Давлат божларини ундирмасдан амалга оширилади.
Бандликка кўмаклашиш ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабларига кўра Ўзбекистон Республикасига хориждан мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, кўрсатилган хорижлик фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган тўловларни олмасдан амалга оширишни таъминлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter