Эртага Ўзбекистон тарихида илк маротаба хоккей бўйича мамлакат чемпионати бошланади
8 февраль куни хоккей бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионати бошланади. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада «Бинокор», «Ҳумо», «Семурғ» ва «Тошкент» жамоалари иштирок этади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Ўйинлар «Ice City» муз аренасида ташкил қилинади. Икки ой давом этадиган чемпионат доирасида 24 та учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.
8 февраль куни «Тошкент» ҳамда «Бинокор» жамоалари ўртасидаги ўйин билан Ўзбекистон I чемпионати старт олади. Ушбу баҳсдан сўнг музга «Ҳумо» ҳамда «Семурғ» жамоалари чиқиб келади. Очилиш маросими соат 18:00 да бошланади.
Мунтазам чемпионат 17 март куни якунланади. 20 мартдан бошлаб эса икки раунддан иборат плей-офф баҳслари бошланади. Унда ўйинлар учта ғалабагача ўтказилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон хоккей федерацияси 2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат рўйхатидан ўтказилган. Федерациянинг асосий мақсад ва вазифаси мамлакатда хоккейни оммалаштириш ва ривожлантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хоккей бўйича республика чемпионати, кубоги, Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган халқаро мусобақаларни ташкил қилишдан иборатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter