Президент «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» ибораларига изоҳ берди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор матбуотга – «Янги Ўзбекистон» газетасига интервью бераркан, «Янги Ўзбекистон» ва «Ренессанс» атамаларига изоҳ бериб ўтди.
«Янги» деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор. Масалан, энг кўҳна байрамларимиздан бири Наврўз – Янги кун деб аталишини эсга олайлик. Ушбу қадимий байрам билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, халқимиз асрлар давомида, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, «Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!» деган эзгу тилаклар, пок ниятлар билан яшаб келади.
Ёки ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз «жадидчилик», яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз. Бу улуғ зотларнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди.
Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди. Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шу маънода, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўзбекистон» ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.
Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса «Ренессанс» – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён.
Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.
Агар биз бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик.
Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир», деб жавоб берган давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter