Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия: «Жумҳурият шаҳидлар қони бадалига барпо этилган»

Туркия: «Жумҳурият шаҳидлар қони бадалига барпо этилган»

Бош вазир Абдулла Арипов ва элчи Меҳмет Сурайё Эр.

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 29 октябрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Туркия миллий байрами – Республика эълон қилинганининг 96 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти, халқаро ташкилот ва хорижий элчихоналар вакиллари, фан, таълим, маданият ва санъат намояндалари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.

Туркиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр ўз нутқида мамлакат озодлиги учун шаҳид кетганлар, хусусан, Биринчи жаҳон урушининг таҳликали паллаларида ўлка бирлигини сақлаб қолган ва республикага асос солган Мустафо Камол Отатуркни эҳтиром ила тилга олди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, анъанага кўра, Мустафо Камол Отатурк хоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Фото: «Anadolu Ajansı»

Дипломат турклар «ота юрт» деб улуғлайдиган қардош Ўзбекистон билан ҳамкорлик стратегик даражага чиққани, бунда эса икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди.

«Шунчаки ҳамкорлик робиталари эмас, балки кўнгил ришталари ила боғланган дўстлигимиз вақт синовидан муваффақиятли ўтиб келмоқда», деди турк элчиси.

Дипломат ўз чиқишида тарихи, тили, дини ва маданияти муштарак турк ва ўзбек халқлари ўртасидаги ҳамкорлик бундан-да юксалишига ишонч билдирди.

Меҳмет Сурайё Эр анжуман давомида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Республика эълон қилинганининг 96 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ҳам ўқиб эшиттирди.

Президент мактубида турк халқи асрлар мобайнида ғанимларга бўйин эгмагани, миллий ғурур ва ҳурликдан маҳрум бўлишдан ўлимни афзал кўргани баён этилади.

Қайд этилишича, Туркия айни пайтда бир аср аввалги миллий озодлик ҳаракати даври каби жиддий таҳдидларга рўбарў бўлмоқда.

«2016 йил 15 июль куни давлат тўнтаришига уринишнинг олди олингани, шунингдек, Сурияда амал оширилган «Фурот қалқони», «Зайтун новдаси» ҳамда «Тинчлик булоғи» аксилтеррор операциялари – буларнинг бари турк халқи олиб бораётган тарихий курашнинг ёрқин намуналаридир», – дейилади давлат раҳбари табригида.

Таъкидланишича, Туркия кўп асрлик давлатчилик анъаналари ҳамда замонавий республика тажрибасига таяниб, ўз йўлидаги барча ғовларни ошиб ўтади ва 2023 йилга мўлжалланган марраларни забт этади.

Мамлакатнинг 81 музофоти ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ўқиб эшиттирилган мактубда турк халқига 96 йил аввал куч-қувват берган ва республика тамал тошини қўйган музаффар руҳ ҳамон тирик экани таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, 1923 йил 29 октябрда Туркия парламенти – Буюк Миллат мажлиси томонидан республика таъсис этилгани эълон қилинган. 1925 йилдан буён мазкур сана Туркия миллий байрами сифатида тантана қилинади.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг