Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тарихий ташриф якунида қўшма баёнот имзоланди

Тарихий ташриф якунида қўшма баёнот имзоланди

Фото: «President.uz»

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди.

Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда қўшма баёнот имзоланди.

Қўшма баёнотга кўра, Президентлар узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш мақсадида яқин истиқболда икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистоннинг 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имкониятлари ва транзит салоҳиятидан имкон қадар тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берган ҳолда, транспорт қатнови соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва мавжуд автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови транзит йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли идораларга топшириқ бердилар.

Бундан ташқари, икки мамлакат Президентлари ўзбек тилини Тожикистонда ҳамда тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўзбек ва тожик тилларида ўқитиладиган умумий таълим ўқув муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг