Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шимолий Корея ядро синовларини тўхтатади

Шимолий Корея ядро синовларини тўхтатади

Фото:«Emol.com»

«Шимолий Корея 21 апрелдан бошлаб мамлакат бўйлаб ядро ва қитъалараро баллистик ракеталар синовини тўхтатади ҳамда ядро синови ўтказиладиган полигонини ёпади. Бу ҳақда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин маълум қилди», — дея хабар бермоқда «Euronews» КХДРнинг расмий «KCNA» агентлигига асосланиб. Унинг ушбу қарорини Вашингтон ва Сеул қўллаб-қувватлаган бўлса, Токио қониқарсиз дея баҳолади.

«21 апрелдан бошлаб Шимолий Корея ядро ва баллистик ракеталар синовини бутунлай тўхтади», — деган КХДР раҳбари Ким Чен Ин. Шунингдек, у ядро полигони ўз вазифасини бажариб бўлганини таъкидлаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Корея раҳбарининг ушбу қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилган ва бу Шимолий Корея ва бутун дунё учун ажойиб янгилик бўлганини айтиб ўтган.

Ўз навбатида Сеул ҳам ўз муносабатини билдириб, ушбу қарор Корея яриморолини ядродан холи зонага айлантиришдаги муҳим қадам бўлганини эътироф этган.

Аммо Япония мудофаа вазири Япониянинг Шимолий Кореянинг ушбу янгилигидан кўнгли тўлмаганини ва Пхенянга босимни давом эттиришини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея раҳбарининг ушбу қарори унинг жанублик ҳамкасби билан ўтказиши керак бўлган саммитга бир ҳафта қолганда эълон қилинмоқда. Шу йилнинг июнь ойи бошида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида узоқ кутилган тарихий учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Доналд Трамп 18 апрель куни агар учрашув самарали бўлмаса, Ким Чен Ин билан режалаштирилган учрашувдан воз кечиши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

Мабодо, Ким Чен Ин ва Доналд Трамп учрашуви самарали ўтса ва Шимолий Корея ядровий дастуридан бутунлай воз кечса, бу Доналд Трамп маъмуриятининг катта ютуғи бўлади ва президент Трампнинг рейтингини кескин ошириб юбориши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг