Шавкат Мирзиёев Татаристон раисини қабул қилди
Россия Федерацияси билан кенг кўламли ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни Татаристон Республикаси раиси Рустам Миннихановни қабул қилди.
Учрашувда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда самарали ҳамкорликда юқори натижаларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда. Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россия делегациясининг мазкур ташрифи давомида янги лойиҳага – Жиззах вилоятида технопарк барпо этишга старт берилди.
Бундан ташқари, нефть-кимё ва машинасозлик тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қозон федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали фаолияти кенгайтирилмоқда.
Учрашув чоғида иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишбилармонлар ўртасидаги шерикликка оид истиқболли лойиҳалар, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги индустриал паркларни очиш ва мавжудларини ривожлантириш, инновациялар, кичик бизнес ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамда коммунал тармоқларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ишида Россия ишбилармон доиралари делегацияси таркибида Татаристоннинг компания ва корхоналари фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари “йўл харита”си асосида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлигини қайд этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter