Шавкат Мирзиёев: «Тартиб-интизом бўлмагани учун Бош вазир ўринбосари Акмаловни ишдан олишга мажбур бўлдим»
![Шавкат Мирзиёев: «Тартиб-интизом бўлмагани учун Бош вазир ўринбосари Акмаловни ишдан олишга мажбур бўлдим»](https://static.xabaruz.com/crop/2/9/720_460_95_2950757428.jpg)
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, шу йилнинг 25 май куни лавозимидан озод қилинган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари Акмалов Қаҳрамон Валиевич нима учун ишдан олинганига ойдинлик киритди:
«— Экспортни рағбатлантириш ва енгиллаштириш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, кўп ҳудудлар ва тармоқларда экспорт ҳажми кўпаймоқда, десак адолатдан бўлади. Лекин бизнинг шунча қилган чораларимиз бугунги натижага тўғри келмайди. Бироқ, айрим тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ўз масъулиятини етарли даражада сезмаётгани натижасида экспортни кўпайтириш бўйича резервлар тўлиқ ишга солинмаяпти. 25 май ҳолатига — 4 млрд. 576 млн. долларлик экспорт амалга оширилди. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп, лекин бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича яна 25 фоиз етмаяпти.
Шуни ҳамма раҳбарлар билиши керак — тартиб-интизом бўлмагани учун бош вазир ўринбосари Акмаловни ишдан олишга мажбур бўлдим. Нега Акмалов ишдан олинди? Сабаби аравани торта олмаяпти. Мен ҳар сафар айтмоқдаман: раҳбарлик лавозими ҳаммага синов! Амал дегани — Бош вазир ўринбосари жуда катта масъулиятли одам. Лекин бир жойда бир ой юриб, биронта таклиф бермаса, қуруқ мажлислар ўтказиб юраверса, менга ундай одам керак эмас. Шунинг учун мен Абдуҳакимовни (Азиз Абдуҳакимов назарда тутилмоқда — «Xabar.uz») энг оғир соҳаларда бош вазир ўринбосари этиб тайинлашга мажбур бўлдим. Сабаби мен Абдуҳакимовга шахсан ўзим ишонаман. Тўғри унинг соҳаси эмас, лекин фидойилиги, ўзини қийнаши билан шу соҳани ўрганади. Менга соҳа эмас, балки ватанпарварлик, садоқат керак», — деб айтган Ўзбекистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 28 май куни Азиз Абдуҳакимов Қаҳрамон Акмалов ўрнига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари этиб тайинланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter