Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

11 май куни сенаторлар ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишади

11 май куни сенаторлар ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишади

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисини жорий йил 11 май куни чақирилади. Бу тўғрисидаги қарор бугун, 6 май куни Сенат Кенгашининг мажлисида қабул қилинган.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус инфекцияси республика ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган.  

«Саломатлик» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги, «Соғлом турмуш» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги, «Фахрий мураббий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги янги қонунлар шулар жумласидан.

Шу билан бирга, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги»ги, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар муҳокама қилинади.  

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг, Омбудсман, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартибига ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юбориш масаласи киритилган.

Президентимизнинг Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини тасдиқлаш масаласи навбатдаги мажлис кун тартибидан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинганди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Иттифоқда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилган. Энди бу масала сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг