Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат Раиси Қирғизистон Республикаси Президенти билан учрашди

Сенат Раиси Қирғизистон Республикаси Президенти билан учрашди

Фото: «Senat.uz»

Жорий йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Қирғизистон Республикаси Президенти С.Жапаров билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Қирғизистон Президенти мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланаётган кунларда амалга оширилган ушбу ташрифнинг аҳамияти ва муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, у қардош ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклади.

Томонлар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Президент С.Жапаров дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тамойилларига асосланган Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага етганини мамнуният билан қайд этди. Икки давлат раҳбарларининг очиқ ва ишончли алоқалари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим асоси эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Президент С.Жапаров икки томонлама ҳамкорликда жорий йилнинг март ойида Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи муҳимлигини қайд этди.

Қирғизистон Республикаси раҳбари Ўзбекистонда Президент сайловини муваффақиятли ўтказиб олишни тилаб, Президент Ш.М. Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

С.Жапаров Ўзбекистоннинг гендер сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, «Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти» ташаббусига юқори баҳо берди. Шу кунларда бўлиб ўтаётган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форумига муваффақият тилади ва бундай лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раҳбари Т.Нарбаева самимийлик ва меҳмондўстлик учун Қирғизистон томонига чин дилдан миннатдорлик билдирди. Сенат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг самимий табриги ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Ўзбекистон раҳбари Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

Суҳбат давомида томонлар юксак даражадаги келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва самарали парламент назоратини таъминлаш, икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик, шу жумладан, чегара ҳудудларининг маҳаллий муниципал Кенгашларининг самарали алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, икки мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида яқин маданий-гуманитар алоқалар ва мулоқот учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратишнинг муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг