Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат ЕОИИга «кузатувчи давлат» мақомида қўшилишни маъқуллади

Сенат ЕОИИга «кузатувчи давлат» мақомида қўшилишни маъқуллади

Сенат Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорни кўпчилик овоз билан тасдиқлади. Бу ҳақда юқори палата сайтида хабар берилган.

Хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳисоб-китоблар Сенат қўмиталари ва махсус ишчи гуруҳи йиғишларида етакчи эксперт ва мутахассисларнинг иштирокида чуқур таҳлиллар асосида муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам муҳокама қилинган.

«Ялпи мажлисда ҳам ушбу масала қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди», дейилади хабарда.

ЕОИИ доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдорларининг фикрига кўра, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕОИИга аъзо давлатларга божхона расмийлаштирувини амалга оширмасдан экспорт қилиш имконияти яратилади.

Яна бир эътиборли томони шундаки, ЕОИИ билан ҳамкорлик транспорт-коммуникация ва юклар транзити соҳасидаги манфаатларига ижобий таъсир қилади. ЕОИИга аъзо давлатларда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизга кенг имконият яратади.

Қарши овоз берган сенаторлар иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, муайян даражада иш ўринларининг йўқотилиши, инвестиция фаолияти ва саноат модернизация жараёнларининг сустлашишига олиб келиши мумкинлигини билдирди.

Шунингдек, муайян даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари нархларининг ошиши, уларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир қилиши ҳамда ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажми кўпайишини ҳам таъкидлашди. Бундан ташқари, республиканинг савдо сальдоси ва тўлов баланси ҳолати ёмонлашиши хавфи борлиги қайд этилди. Мамлакатимиз манфаатлари учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи долзарброқ эканлиги ҳам айтиб ўтилди.

Якунда сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИга «кузатувчи давлат» мақомида қўшилишни маъқуллади. Хабар қилинишича, 16 нафар сенатор қарши овоз берган, 4 нафари эса бетараф қолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг