Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тезкор: Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга чақирилди

Тезкор: Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга чақирилди

Захар Прилепиннинг провокацион баёноти сабаб Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси Олег Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди. 

«2023 йил 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилди. Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.

Россия Федерацияси партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди. 

Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»лигини таъкидлади», дейилади расмий хабарда.

Олег Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ депутат Расул Кушербаев Прилепиннинг баёнотига кескин муносабат билдирганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг