Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайси давлатларда собиқ Бош прокурорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган?

Қайси давлатларда собиқ Бош прокурорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган?

Фото: «Belta.by»

Хабарингиз бор, шу йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилиниб қўлга олинганини хабар қилган эдик. Орадан бир кун ўтиб, Бош прокуратура ҳам ушбу маълумотни расман тасдиқлаган, кейинроқ эса Рашиджон Қодиров хорижга чиқиб кетмоқчи бўлганда аэорпортда ушлангани айтилган эди.


Мавзуга доир:
Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳақида нималарни биламиз?


«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали дунё тажрибасида Бош прокурорларнинг лавозимни тарк этганларидан сўнг жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ воқеаларни ўрганди ва қуйидагиларни аниқлади:

Туркманистон

2017 йилнинг май ойида республиканинг собиқ Бош прокурори Аманмурат Холлиев ҳибсга олинган эди. Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов собиқ Бош прокурорни коррупция ва порахўрликка қарши курашмаганликда айблаганди. Холлиев билан биргаликда прокуратура ва ички ишлар органларининг элликка яқин собиқ мулозимлари ҳам қўлга олинган эди.

Очиқ манбалардаги маълумотларда Холлиев ва унга тобе ходимлар Ашхобод шаҳрида ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларини молиялаштириш учун мамлакатнинг бадавлат одамларидан етарлича йиғим йиға олмагани учун ишдан четлатилгани айтилади.

Айтишларича, Аманмурат Холлиев 2017 йилнинг 4 май куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида намойишкорона ишдан бўшатилган. Йиғилишдан бир неча кун ўтгач эса қўлга олинган ва уй қамоғига маҳкум қилинган.

2017 йилнинг 13 май куни Туркманистон парламенти Ботир Атдаев мамлакат Бош прокурори лавозимига тайинлади. Маълумотларга кўра у муқаддам Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари департаменти раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Қирғизистон

2012 йил 5 октябрида Қирғизистон собиқ ҳарбий прокурори, адлия генерали Кубатбек Кожоналиев Бишкекда юз берган оммавий бетартибликлар чоғида ҳукуматни куч ишлатиб эгаллаб олишда айбланиб ҳибсга олинади. 

Кубатбек Кожоналиев

Унга 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши ҳам мумкин эди. 2012 йил 24 октябрида унга уй қамоғи тайинланди. 2013 йилнинг 29 март куни қўйилган барча айбловлар бекор қилиниб, К.Кожоналиев оқланди.

Молдова

Молдова собиқ Бош прокурори Валериу Балабан ва прокурор Борис Криган 2017 йил июнида Антикоррупция прокуратураси томонидан ушланади.

Гап шундаки, Валериу Балабан ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ҳолда Бош прокуратура ёнидаги бинони сотиб олишга давлатнинг 9 миллион доллар пулини ишлатиб юборган. Бинонинг асл баҳоси 2,5 миллион лей эди. Шунга қарамасдан, қолаверса бинонинг бузилишга тушганини кўра-била туриб, Балабан уни сотиб олишга қарийб бир неча юз баробар кўп пул ишлатади. Бу иш бўйича яна етти киши терговга тортилган. Балабаннинг бошқа ишлари ҳам тилдан-тилга кўчиб юрибди.

Валериу Балабан

Яқинда мамлакат прокуратура ходимлари куни байрамига Бош прокурор Эдуард Харунжен собиқ ҳамкасби Валериу Балабан ҳамроҳлигида кириб келиб ҳаммани лол қолдирди. Кишинёвнинг собиқ прокурори Иван Дьяков ижтимоий тармоқда шундай ёзади: «Агарда Балабан ростдан ҳам жиноятчи бўлса, унинг байрамга келиши прокуратура ветеранларига нисбатан ҳурматсизлик, агар жиноятчи унинг шериги бўлса, у прокуратурани бошқаришга нолойиқ инсон».

Макао

2016 йилнинг февраль ойида ХХРнинг махсус маъмурий ҳудуди — Макао собиқ Бош прокурори Хэ Чаомин коррупцияга дахлдорликда айбланиб қамоққа олинди. Эътиборли жиҳати, у Гонконгга сузувчи паромга ўтираётган чоғида ушланади. Бундан ташқари, Хэ Чаоминга қўшиб маҳаллий прокуратуранинг яна бир нечта ходимлари қўлига ҳам кишан солинади.

Собиқ Бош прокурор ҳибсга олинган ҳамтовоқлари билан бир нечта хусусий компаниялар фойдасига суд қарори чиқарилишида ёрдам бериб юборган. «Қуруқ қошиқ — оғиз йиртар» дейишади, ўшанда ҳамкорлар ҳуқуқ посбонларининг меҳнатини нақ  44 миллион патака (қарийб 5,5 миллион АҚШ доллари) билан тақдирлашганди. Хэ Чаомин Макао Бош прокурори лавозимида 1999 — 2014 йиллар ишлаганди.

Венесуэла

Ўтган йил августида мамлакат президенти Николас Мадуро собиқ Бош прокурор Луиза Ортегани ҳибсга олиш учун халқаро ордер беришни сўраб мурожаат билан чиқди. Унинг айтишича, Ортега ва унинг турмуш ўртоғи Герман Феррер «жиддий жиноятларга дахлдор».

Айтиш керакки, Луиза Ортега Уго Чавес даврида ва кейинчалик Мадуро президентликка келган йилларда ҳам ҳукмрон партиянинг ашаддий тарафдорларидан бири бўлиб келган.

Луиза Ортега

2017 йил март ойида тўлиғича Мадуро тарафдорларидан ташкил топган Венесуэла Олий суди мамлакат парламенти ваколатларини бекор қилиш тўғрисида ҳукм чиқаради. Бош прокурор Ортега эса суднинг қарорини ноқонуний деб топади. Буни Мадуро бошчилигидаги ҳукумат умуман кутмаганди. У шунингдек Мадуронинг Конституцион йиғин чақириш режасига ҳам қарши чиқди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди: уни хоинга чиқаришди, руҳий ҳолати жойида эканлигига шубҳа билдиришди...

Ўтган йилнинг 5 августида Ортега лавозимидан четлатилди ва унга мамлакатни тарк этиш ман этилди. Бироқ ҳаётидан хавфсираган Ортега ва турмуш ўртоғи ҳозир қўшни Колумбиядан бошпана топишган.

АҚШ

Президент Доналд Трамп 2017 йил январь ойи охирларида АҚШ Бош прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи Салли Йейтсни иммигрантлик тўғрисидаги фармонни қўллаб-қувватламагани учун лавозимидан бўшатади.

Салли Йейтс

Оқ уй чиқарган баёнотда айтилишича, истеъфога чиқарилган Бош прокурор «Қўшма Штатлар фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган фармонга зид иш тутиб Адлия вазирлигига хиёнат қилган». Ўз вақтида Йейтс «Токи мен прокурор эканман Адлия вазирлиги бу фармонни ҳимояловчи биронта далилни тақдим этмайди, чунки уни ҳимоялаш учун биронта сабаб кўрмаяпман», — деганди.

Трампнинг бу фармони айрим мусулмон мамлакатлар фуқароларини АҚШга 90 кунгача киритмасликни кўзда тутарди. Қолаверса, бу мамлакатлардан 120 кунгача қочоқлар қабул қилиниши тақиқланганди.

Жанубий Корея

Мамлакат президенти Но Му Хённинг ўлимида ўзини айбдор ҳис қилган Бош прокурор Лим Чхе Чжин 2009 йил июнь ойида ихтиёрий равишда истеъфога чиқади. Чунки айнан у собиқ президент ва собиқ биринчи хоним устидан ўтказилаётган терговга раҳбарлик қилаётган эди. 

Лим Чхе Чжин

Пусан шаҳридаги текстиль компаниясидан 6 миллион доллар пора олганликда гумон қилинган Корея Республикаси президенти Но Му Хён 2009 йилнинг 23 май куни Понхвасан тоғидаги жарликдан ўзини ташлаб нобуд бўлган эди. У ўлими олдидан ёзиб қолдирган хатда воқеада ҳеч кимни айбламасликни сўраганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг