Ўзбекистон–Қозоғистон: чегара ҳудудларда савдо зоналари ташкил этилиши кутилмоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига яқин ҳудудларда савдо зоналари ташкил этилади. Икки давлат фуқаролари учун кирди-чиқди муҳрларини олмай ушбу зоналарда савдо алоқаларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳамда Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов учрашувида сўз борган.
Палата раиси Д.Ваҳобов икки давлат бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилаётганига эътибор қаратган.
Элчи Б.Атамқулов Ўзбекистон–Қозоғистон Савдо-саноат палатаси ташкил этиш таклифини берган.
Савдо-саноат палатаси матбуот хизматига кўра, учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, тадбиркорлар ва инвесторлар учун зарур ахборот манбаига айланувчи бизнес майдончасини яратиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилган.
Қозоғистон элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йил февраль ва апрель ойларида ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро комиссия ва икки давлат ишбилармонлар кенгашининг V йиғилишида кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишга келишилган.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан бири саналади. Қўшни давлат билан табиий газ, машинасозлик, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1184 та корхона фаолият юритмоқда. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 30 фоизга ошиб, 5 миллиард долларга етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 февраль куни Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов Алматида учрашиб, ўзаро робиталарнинг бугуни ва эртаси, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш истиқболини муҳокама қилган.
Аввал хабар берганимиздек, Бейбут Атамқулов 2022 йил 31 октябрь куни президент Қ.Тўқаевнинг фармони билан Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган.
Бунга қадар у Малайзия, Индонезия, Бруней ва Филиппинда элчи, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими, мудофаа ва аэрокосмик саноат вазири, ташқи ишлар вазири, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири каби лавозимларда фаолият юритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter