Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик таҳдидлари бўйича конференция ўтказади

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик таҳдидлари бўйича конференция ўтказади

Жорий йилнинг 20 сентябрида Тошкент шаҳрида «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» мавзусида халқаро конференция ўтказилади.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда «Валдай» халқаро мунозара клуби ҳамкорлигида ташкил этилади.

Ушбу конференция институт ҳамда клуб ўртасида 2019 йил Самарқандда бошланган мулоқотнинг давоми бўлиб, Ўзбекистон ва Россия экспертларининг ҳамкорликдаги иккинчи тадбири ҳисобланади.

Тадбирда икки мамлакатнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденколар қатнашишади.

Шу билан бирга, Тошкентдаги платформада икки давлатнинг етакчи мутахассислари ҳам, жумладан, Ўзбекистон томонидан – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев, шунингдек, Россия тарафидан – «Яндекс Go» компаниясининг корпоратив алоқалар бўйича директори Александр Висоцкий, Россия темир йўлларининг хорижий лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Антон Козлов, «Валдай» халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Бистрицкий, «Валдай» халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тадқиқотлари директори Фёдор Лукьянов, «Валдай» халқаро мунозара клуби дастур директори Тимофей Бордачев ва бошқаларнинг ҳам иштирокида кўзда тутилган.

Конференциянинг очилиш, биринчи сессияси, шунингдек ёпилиш қисми оммавий ахборот воситалари ва кенг аудитория учун очиқ бўлиб, интернет орқали онлайн-трансляция қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг