Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон учун ҳам яхши янгилик». Шенген ҳудудига яна икки давлат қўшилмоқда

«Ўзбекистон учун ҳам яхши янгилик». Шенген ҳудудига яна икки давлат қўшилмоқда

Дипломатлар – Д.Чобану, Ш.Адриан ва С.Русинова.

Фото: ЕИ делегацияси

2024 йил 31 мартдан бошлаб Болгария ва Руминия Европа бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳудуди – Шенген зонасига қўшилади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси шу муносабат билан тадбир ўтказди.

«Болгария ва Руминиянинг Шенген зонасига кириши Европа интеграцияси лойиҳасидаги муҳим муваффақият ҳисобланади. Ҳар икки давлатни бу ютуқ билан табриклайман. Бу Ўзбекистон учун ҳам яхши янгилик, чунки саёҳатлар ва ўзаро алмашинувлар учун янги имкониятлар очилмоқда. Шенген Европа Иттифоқининг қимматбаҳо гавҳари бўлиб қолмоқда. У Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин», – дейди ЕИнинг юртимиздаги элчиси Шарлотта Адриан хоним.

Руминия элчиси Даниэль Чобану ва Болгария элчихонасининг муваққат ишлар вакили Стояна Русинова ҳам интеграция ҳудудига қўшилиш ортидан савдо ва саёҳат учун янги истиқболлар очилишини таъкидлади.

Европа бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳудуди – Шенген зонаси интеграция борасидаги улкан ютуқлардан бири ҳисобланади. Унга 1985 йилда ЕИнинг беш давлати (Франция, Германия, Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) томонидан асос солинган. У аста-секин кенгайиб, жаҳонда эркин ҳаракатланишнинг энг йирик ҳудудига айланди.

Бу Шенген зонаси кенгайишининг тўққизинчи босқичидир. Аввал хабар берганимиздек, Руминия ҳукумати 13 йиллик кутишдан сўнг бу борада келишувга эришилганини катта қадам деб баҳолаган эди.

2023 йилдан Хорватия ҳам Шенген оиласига қабул қилинганди.

450 миллион нуфусли Шенген ҳудуди 4,5 миллион квадрат километрга ёйилган. Унга 29 давлат (25 та ЕИга аъзо давлатлар, бундан ташқари, Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Швейцария) киради. Шенген қонунчилиги одамларга чегара назоратидан ўтмай иштирокчи давлатлар бўйлаб эмин-эркин саёҳат қилиш имконини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг