Ўзбекистон Президенти «уч ёвуз куч»га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлашини билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида ХХР Раиси давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалабага эришилгани билан самимий қутлади.
Овоз бериш натижалари янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсат халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди.
Хитой Раиси Ўзбекистон етакчисига омад ва янги муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилади.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.
Ишончга асосланган мулоқотнинг бугунги даражаси, жорий йил апрель ойида ўтган мулоқотларда эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама алоқалар ривожланаётгани ва ўзаро алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Сиёсий соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти «ягона Хитой сиёсати»ни ҳамда «уч ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари, коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилаётган катта амалий ёрдам, шу жумладан вакциналар ўз вақтида етказиб берилаётгани ва уларни биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун миннатдорлик билдирилди.
Раис Си Цзиньпин, ўз навбатида, Хитой Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Савдо-иқтисодий соҳада етакчилар товар айирбошлаш сезиларли ўсаётганини қайд этдилар. Хитой бозорига зарур маҳсулотлар, энг аввало, қишлоқ хўжалиги товарларини илгари суриш мақсадида жорий йил ноябрь ойида Шанхай шаҳрида ўтадиган тўртинчи Импорт товарлар халқаро кўргазмасида Ўзбекистон фаол иштирок этишига келишиб олинди.
Беш йиллик Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, унга стратегик аҳамиятга эга, шу жумладан инновациялар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва электрон тижорат соҳалари бўйича лойиҳаларни киритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Камбағалликни камайтириш масалаларида тажриба ва билим алмашиш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Шу ойда икки мамлакатнинг ваколатли идоралари томонидан имзоланган меморандумни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Хитойни минтақамиз билан боғлайдиган ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Евроосиё трансқитъавий транзит йўлагини шакллантирадиган самарали транспорт йўналишларини ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини эмлаш, спорт, туризм, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд экани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби ва дўст Хитой халқига 2022 йилда Пекин шаҳрида ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилишини тилади.
Жорий йил якунигача Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича қўшма дастурни тайёрлашга келишиб олинди.
Ўзбекистон Президенти ва ХХР Раиси халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Давлатимиз раҳбари Хитой етакчиси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида илгари сурилган Глобал тараққиёт ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг бошқа институтлари доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Хитой етакчиси мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислигини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбарлари Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ва иқтисодий тараққиётга эришиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Афғон халқига кўмаклашиш мақсадида ШҲТ ва бошқа форматлар доирасидаги мулоқотни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди.
Мулоқот якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин дўст халқларимиз ва мамлакатларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Суҳбат ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстлик руҳида ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter