Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув ўтказилди
Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув ўтказди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилдилар.
Вазирлар яқинда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб оўтган сиёсий маслаҳатлашувлар VI даврасининг самарали натижаларини мамнуният билан қайд этдилар ва барча даражаларда конструктив мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Музокараларда икки давлатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро муносабатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган минтақалараро транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Афғонистон масаласи бўйича ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонидан Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш мақсадида тўғридан-тўғри афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган амалий ишларини Эрон томони юқори баҳолади.
Учрашув давомида Эрон томони жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференциясида иштирок этиш истагида эканлигини тасдиқлади.
Тадбирда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter