Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Метрони суратга олган йўловчи тазйиққа учради

Метрони суратга олган йўловчи тазйиққа учради

«Бизнинг метро дунёдаги энг чиройли метро. Биз уни реклама қилишимиз керак».

Фото: «sputnik»

Эсимни танибманки, Тошкент метрополитенининг ҳудудида суратга тушиш мумкин эмас! Илгари-ку, метрополитен ҳудудига кираверишда шахсий буюмларни текширувчи назоратчиларнинг кўзи фотоаппаратга тушса, суриштирув-тергов ишларини бошлаб юборишарди.  Ёки метро бекати ёки вагон ичида суратга тушганингизни кўришса, огоҳлантиришарди ва хотирадаги расмларни ўчириб юборишни талаб қилишарди.

Хайриятки, жонкуяр раҳбарларимиз метрополитен ҳудудида тушилган расм ва видеолар унинг хавфсизлигини таъминлашга рахна солмаслигини тушуниб етишди. Интернетнинг қидирув тизимида қадрдон метрополитенимизнинг кўркам ва ҳашамдор бекатлари акс этган миллионлаб расм ва видеолар тўлиб тошган замонда, сиз-у биз суратга олган 2-3 расм билан ҳеч нарса ўзгариб қолмаслигини англашди.

Шу йилнинг 7 февраль куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги учрашувида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов энди Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеолавҳага олиш тақиқланмаслигини маълум қилганди.

«Метрода суратга олиш мумкин бўлади. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бизнинг метро дунёдаги энг чиройли метро. Биз уни реклама қилишимиз керак. Шу пайтгача тақиқланган, лекин энди бу амалиётдан воз кечилади», -  деб айтган Абдуҳакимов.

Орадан икки ой ўтди! Ҳафта бошида ишдан қайтаётиб «Мирзо Улуғбек» бекатига тушдим ва қизиқ манзаранинг гувоҳи бўлдим. Икки ўспирин йигит селфи тушишаётган эди, қўриқлаш хизмати ходимларидан бири келиб, уларни огоҳлантирди. Ва яна аввалги йиллардаги ҳолат такрорланиб, телефон хотирасидаги суратларни ўчириб ташлашини буюрди.

Гап фақат суратга тушиш билан боғлиқ эмас. Аслида бу инсоннинг зарурий эҳтиёжи ҳам ҳисобланмайди. Фақат ўйлантираётган масала - раҳбарлар фалон қонун-қоида кучга киради ёки бекор қилинади дейишаяпти, аммо амалга келганда...

Янгиликка интилмаяпмиз, эски қолипдан воз кечишимиз оғир бўлаяпти.

Наргиза Муродова.

Таҳририятдан: мавзуда кўтарилган масала юзасидан Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилганимизда метрополитенда хизмат кўрсатаётган ички ишлар ходимининг бу талаби ноқонуний эканлиги, метрополитенда суратга олиш бўйича чекловни бекор қилиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори имзолангани маълум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг