Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз» —  Шавкат Мирзиёев

«Институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз» —  Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитидаги нутқида айтиб ўтди.

«Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг аянчли оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказмоқда.

Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда.

Албатта, бундай қийин ва мураккаб синовларни фақатгина биргаликда, бир-биримизни яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда енга оламиз.

Шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир.

Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этаман.

Бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани барчани жиддий ташвишга солаётганини қайд этди.

«Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ...

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик Кенгаши таркибида келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак.

Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев глобал кун тартибидаги яна бир муҳим – давом этаётган ва якуни ҳали кўринмаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатиш масаласига ҳам тўхталди.

«Барчамиз жаҳон савдо алоқалари заифлашуви, саноат ва логистика занжирлари узилишининг салбий таъсирини яқиндан бевосита ҳис қилаяпмиз.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда.

Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.

Шуни таъкидламоқчиманки, бугунги саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозим.

Бу хайрли режани амалга ошириш мақсадида, Ташкилотимиз саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этаман...

Пандемиянинг салбий таъсирини, биринчи галда, ўсиб келаётган ёшларимиз ҳис қилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Уларнинг сифатли таълим ва профессионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.

Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда», деди Ўзбекистон президенти.

Бу борада сиёсат ва режаларини уйғунлаштириш, тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида Ҳаракат Ёшлар тармоғининг «Чексиз имкониятлар саммити»ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг