Шавкат Мирзиёев Германия президентини Ўзбекистонга таклиф қилди
Бельвю саройида президент Шавкат Мирзиёев билан президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни икки ва кўп томонлама асосда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар бундан буён ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этажагини билдирди.
Президентлар Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари «Марказий Осиё + Германия» форматида мулоқотларни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон иқтисодиёти тубдан модернизация қилинаётган ҳозирги жараёнда Германиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам муҳокама қилинди. Мактаб таълимида самарали немис технологияларидан фойдаланиш, жумладан, «Мактаблар: келажак шериклари» (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш, икки халқ ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари эътибор марказида бўлди.
Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан боришга таклиф этди. Федерал Президент мамлакатимизга шу йил май ойида боришга тайёр эканини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter