Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси референдумнинг дастлабки натижалари бўйича баёнот берди

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси референдумнинг дастлабки натижалари бўйича баёнот берди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 30 апрель куни Ўзбекистонда ўтказилган конституциявий референдум учун чекланган мониторинг миссиясини бошлаганди. Ташкилот дастлабки натижалар ва хулосалар бўйича баёнот берди.

Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатларини самарали амалга оширди ва қонунда белгиланган муддатларга амал қилди.

«Якуний сайловчилар рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 киши киритилди. Овоз берувчи фуқаролар ўзларининг рўйхатга олиш маълумотларини ҳам онлайн, ҳам сайлов участкаларида шахсан текшириш имкониятига эга бўлдилар. ДИИҲБ суҳбатдошларининг кўпчилиги сайловчилар рўйхатининг тўғри ва тўлиқлигига шубҳа қилмасликларини билдирдилар.

Қонунда маҳалла қўмиталари ва партия вакиллари томонидан тайинланган кузатувчилар ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши кўзда тутилган. Марказий сайлов комиссияси томонидан 380 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтди», дейилади баёнотда.

ДИИҲБ референдумнинг боришини тизимли ёки ҳар томонлама кузатмаганини, лекин қатор сайлов участкаларида қатнашганини қайд этади. Унда овоз бериш жараёни сокин ўтгани, эълон қилинган сайловчиларнинг 84,5 фоизи иштирок этгани айтилади.

Баёнотда Марказий сайлов комиссиясининг ишига ҳам тўхталган.

«Ҳозирги вақтда МСК аъзолари сони 21 нафарни ташкил этади, шу жумладан уларнинг етти нафари аёл. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва халқаро кузатувчилар мунтазам иштирок этишди. Мажлислар онлайн трансляция қилинди, бу эса шаффофликка ҳисса қўшди. Йиғилишлар ва кун тартибидаги маълумотлар олдиндан онлайн тарзда жойлаштирилди, қарорлар ва материаллар сессиялардан сўнг дарҳол МСК веб-сайтида эълон қилинди. Марказий сайлов комиссияси веб-сайтида референдум материаллари кўришда нуқсони бўлган одамлар учун ҳам мослаб тақдим этилди. Умуман олганда, МСК жараённи самарали бошқарди ва қарорлар қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларига риоя қилди», дейилади хулосада.

Баёнотда Тошкент шаҳридаги 50та референдум участкаларида овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими биринчи марта синовдан ўтказилгани қайд этилади.

Маълумот учун, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон расмийларининг расмий таклифига жавобан Референдумни кузатиш бўйича чекланган мониторинг миссиясини жўнатди. Альберт Йонссон бошчилигидаги ДИИҲБ миссияси 27 мартдан ўз ишини бошлади. 10 нафар эксперт пойтахтда,  14 нафар кузатувчи ҳудудларда иш олиб борди.

Миссия референдумнинг ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайловлар ва референдумлар ўтказиш соҳасидаги бошқа халқаро мажбурият ва стандартларга ҳамда миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолади.

Қайд этилишича, референдум жараёни якунланганидан бир неча ой ўтгач, ДИИҲБ қатор тавсияларни ўз ичига олган кенг қамровли якуний ҳисоботни эълон қилади.

Кузатувчилар референдумни кузатиш таклифи учун ҳукуматга, шунингдек, кўрсатган ёрдами учун Марказий сайлов комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлигига ўз миннатдорчилигини билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг